Юқорига

КОРРУПЦИЯ – МАМЛАКАТ РИВОЖИГА ТАҲДИД

Admin   13,06-2019 2922

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг туб замирида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уни янги босқичга олиб чиқишдан иборатдир. Бу борада юртимизда салмоқли ишлар амалга оширилиб, бу йўналишдаги ислоҳотлар янада изчил давом эттирилмоқда.  Хусусан, республикада Коррупцияга қарши курашиш ва бу каби ёмон иллатни мамлакатнинг барча соҳа ва жабҳаларидан сиқиб чиқариш, юртни коррупциядон ҳоли давлатга айлантиришда мамлакатимиз раҳбари ва ташаббуслари билан улкан ишлар қилинмоқда. Ҳар бир соҳани, энг аввало, қонунчилик базаси мустаҳкам бўлса ҳамда унга оғишмай амал қилиниши мамлакатни жаҳон аренасида юксак поғоналарда туришига туртки бўлади. Ҳар бир қонун яхшиликни кўзлаб, эзгу мақсадда қабул қилинади. Айрим қонунлар ўз мазмун-моҳиятига кўра давлат ва жамият тақдири, халқ келажаги, ҳар биримизга дахлдор бўлади. Миллий парламентимиз томонидан қабул қилиниб, 3 январь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ана шундай тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир.

Коррупция нима? Бу ҳақда ҳамманинг ўзига хос тасаввури, тушунчаси бор, албатта. Қонунда унга шундай таъриф берилган: «коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш». Мамлакатимиз тарақиёти ва ривожига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаромизнинг унинг ёши, жинси, ирқи, мавқеи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатьий назар мазкур қонун билан яқиндан танишиш, унинг ҳар бир моддасини чуқур ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этишга интилиши, коррупция балосининг нақадар мудҳиш иллат эканини тушуниши, мустақил идрок этиши, энг муҳими, унга қарши курашиши фуқаролик бурчидир.

Жаҳонда  коррупциянинг тури ҳам, тавсифи ҳам жуда кўп. Унинг келиб чиқиш сабабларини очиш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича турли тақдиқот муассасалари, халқаро ташкилотлар, давлат органлари ва ташкилотлари, олимлар томонидан юзлаб тадқиқотлар ўтказилган. Турли кўрсаткич ва рақамлар акс этган жадваллар яратилган, ўзига хос рейтинглар тузилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Бу борадаги ишлар ва изланишлар бунунги кунда ҳам изчил давом этмоқда. Коррупция қарши курашиш борасида бугунги кунда давлатлараро икки ва кўп томонлама ҳамкорликлар ривожлантирилиб, бу ҳамкорликни янада юқори сифат даражасига эришиш учун саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Коррупцияни келиб чиқишига шароит яратиб берувчи омиллар жуда турли туман бўлиб, улардан асосийлари:

Икки хил маънони англатувчи қонунлар — ушбу вазият ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунларни турлича қўллаш имконини яратади. Шунингдек, айрим мутахассислар жиноят, маъмурий қонунчиликдаги “вилка” санкцияларни ҳам коррупцияга қулай шароит яратиши мумкинлиги ҳақида фикр юритишган. Яъни, санкциянинг аниқ миқдори йўқлиги судьяда уни ўз ҳоҳишига қараб қўллашга шароит яратиб беради.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги — аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслик мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойданишга қулай шароит яратади. Масалан, биргина одамларнинг турли туман ҳашамларга берилиши коррупцияни келтириб чиқарувчи муҳим омил саналади. Муҳташам уй, данғиллама дала ҳовлига, энг сўнгги моделдаги автомашинага эга бўлиш, шов-шувли тўй, тантаналар қилишга интилиш қандай бўлмасин, ҳаётини ҳавф остига қўйиб бўлсада, бировдан пора олишга туртки бўлади. Порахўрлик иллати жуда кам учрайдиган мамлакатлар (Дания, Норвегия) да фуқаролар жуда камтарона яшашга одатланишганини кўрсатади. Улар учун ҳашамга интилиш маънавиятсизлик саналади.

Аҳоли иш ҳақи ва бошқа даромадларининг пастлиги ҳам коррупцияни келтириб чиқаруви омиллар сарасига киради. Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат хизматчиларининг иш ҳақлари сезиларли даражада оширилиши, аҳоли даромадларининг кескин кўтарилиши бу иллатнинг илдизини қирқишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.  

Мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нотинчлиги — мамлакатдаги нотинчлик биринчи навбатда аҳоли онгида ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ, деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида коррупцияга қулай шароит яратиб беришга хизмат қилиши табиий, албатта. Барчамизга маълумки, қонун ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради. Агар қонун ҳаётда ишламаса, унинг бир неча варақ оддий қоғоздан фарқи қолмайди. Шундай экан, коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатларни амалда ишлаб кетишини кутиб ўтириш ва барчаси изга тушиб кетади деган ўй-ҳаёл билан яшаш  бу катта хато бўлади. Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак. Бу кураш бизнинг кундалик ҳаётимизга айланса, биз ўз олдимиза қўйган мақсад, яъни давлатимизни буюк давлатга айлантира оламиз.

Чарос Юлдашева,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазилиги
"Адолат" ҳуқуқий ахборот маркази бош маслаҳатчиси