Yuqoriga

Admin   22,10-2018 209

Ўзбекистон республикасининг конституцияси – хорижий экспертлар нигоҳида

Авдрэ Дюле,
Франция Сенатининг “Франция-Марказий Осиё”
парламентлараро гуруҳи раиси:

 

– Ўзбекистон Конституцияси жаҳонда амалдаги энг демократик Асосий Қонунлардан биридир. Унинг қоидалари давлат бошқарувининг замонавий институтлари ташкил этилиши ва ривожланиши ҳамда фуқаролик жамияти мустаҳкамланиши имкониятини беради. Ўлим жазосининг бекор қилиниши ва “хабеас корпус” институтининг жорий этилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга йўналтирилган аниқ қадамларнинг натижалари бўлганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Бугунги кунда юздан ортиқ этник гуруҳлар иноқ яшаётган Ўзбекистон фуқаролик институтлари самарали фаолият кўрсатиши учун очиқ бўлган демократик мамлакат ҳисобланади.

Мустақил ривожланиш йилларида Ўзбекистон энг ривожланган демократик мамлакатлар бир неча ўн йиллар мобайнида эришган натижаларни қўлга киритди.

 

Л. Фоллерс,
Ўзбекистон Республикасининг Бремендаги 
фахрий консули:

 

– Навқирон Ўзбекистон мустақил ривожланиш йилларида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий соҳаларда катта ютуқларга эришди. Республика Конституцияси демократик жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этиш учун барча зарур ҳуқуқий шарт-шароитларни яратди. Ўзбекистонда шакллантирилган ҳуқуқий база мамлакатда барча соҳаларни янада ривожлантиришга кўмаклашади ҳамда кўламли ислоҳотлар ва республикани барқарор ривожлантиришнинг ишончли асоси бўлиб хизмат қилади.

 

Ли Ман Соп,
Жанубий Корея Миллий Ассамблеясининг 
собиқ спикери:

 

– Мамлакат Конституцияси ҳар бир давлат учун Асосий Қонун ҳисобланади. Конституция ўзида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мамлакатдаги тинчлик ва тотувликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган, умум томонидан қабул қилинган демократик меъёрларни ифодалаши керак. Бу жиҳатдан Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳбарлигида жуда катта ишлар амалга оширилди. Масъулиятни зиммамга олган ҳолда айтишим мумкинки, Сизнинг Асосий Қонунингиз умумий қабул қилинган халқаро меъёрларга тўлиқ мувофиқдир.

 

Катрин Пужоль,
Шарқ цивилизациялари миллий институти 
профессори, сиёсатшунос (Франция):

 

– Жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг роли ва ўрни тобора ошиб бораётган шароитларда мамлакат Конституцияси маънавий тараққиётни таъминлаш ишида, асосийси, мамлакатнинг изчил иқтисодий ривожланиши ва халқ фаровонлиги ошишида реал ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик қўлга киритилгандан кейин жуда қисқа муддатларда ишлаб чиқилганлиги ва қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Асосий Қонунни ишлаб чиқишда ўзбек давлатчилиги ривожланишининг бой тарихий йўли, конституциявий қурилишнинг замонавий ғоялари, универсал демократик тамойиллар ҳамда жаҳоннинг ривожланган мамлакатларининг илғор конституциявий тажрибаси ҳисобга олинди.

Ўзбекистон Конституцияси демократик ривожланиш йўлида мамлакатнинг барқарор ва изчил олға боришининг, “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини амалга оширишнинг асоси ҳисобланади.

 

Элчин Ҳусейнов,
“Trend” халқаро ахборот агентлигининг халқаро
ҳамкорлик бўйича директори:

 

– Ўзбекистонликларнинг иродаси ва хоҳиши, кучи ва қудрати,     серғайрат, серҳафсалалиги ва бунёдкорона меҳнати туфайли жаҳон харитасида янги мустақил, суверен давлат пайдо бўлди. Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон ва диний эътиқод эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлашга, жамиятда бағрикенглик руҳи мустаҳкамланишига ҳамда динлараро дўстлик ва ҳамкорлик ривожланишига катта аҳамият берилмоқда. Республика Конституцияси ва қонунлари халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий қоидалари ва талабаларига мувофиқ бўлиб, виждон эркинлигини амалга оширишнинг конституциявий тамойиллари ва тартибини белгилаб беради.

 

Г. Штромайер,
Берлин-Бранденбург Фанлар академияси
профессори (Германия):

 

– Ўзбекистон Конституциясида умуминсоний қадриятлар билан биргалиқда ўзбек халқининг ноёб миллий анъаналари тўлиқ даражада акс эттирилган. Унда бошқа мамлакатлар конституцияларида кўриш қийин бўлган кексаларга ғамхўрлик қилиш, болаларнинг ота-оналар олдидаги бурчлари каби тамойиллар мустаҳкамланган.

 

“Адолат” нашриётида 2013 йилда нашр этилган

“Ўзбекистон конституциявий давлат сари” китобидан олинди

Ijtimoiy tarmoqlarimizga qo‘shiling!

12 818 foydalanuvchi

91 124 foydalanuvchi

56 987 foydalanuvchi

91 881 foydalanuvchi