Yuqoriga

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан

Admin   10,02-2020 1204

2020 йил 10 февраль куни Тошкент давлат юридик университетида «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан «давра суҳбати» ўтказилди.

Тадбир Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ва ТДЮУ билан биргаликда ташкил этилди. Унда вазирлик ва идоралар, шунингдек илмий-академик доиралар вакиллари иштирок этдилар.

«Давра суҳбати» давомида иштирокчилар Қонун нормаларининг амалда бажарилишининг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилдилар, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги долзарб масалалар бўйича, шунингдек, халқаро хужжатларни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига доимий киритиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Бу йўналишда “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази томонидан олиб борилаётган ишлар юқори баҳоланди.

Марказ бўлим бошлиғи Қ.Хужжатов ўз маърузасида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юборилаётган халқаро ҳужжатлар ўз вақтида, яъни бир кунлик муддатда lex.uz сайтига жойлаштирилаётганлигини, шунингдек фойдаланувчиларга ҳужжатларни излашда янада қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Шу билан бирга, йиғилиш қатнашчилари ахборот теҳнологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, ташқи ишлар ва адлия вазирликларининг саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқали халқаро шартномаларини ягона тарзда ҳисобга олишнинг, инвентаризация қилишнинг ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг қилишнинг электрон маълумотлар базасини яратиш борасидаги ишлар якунига етказилиши лозимлигини қайд этдилар.

Ўтказилган «давра суҳбати»нинг якуни бўйича қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб олишди.