Yuqoriga

“ЁШ ТАДБИРКОР – ЮРТГА МАДАДКОР”

Admin   11,09-2019 68

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Ҳаракатлар стратегияси” хонасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази Тошкент шаҳар бўлими билан ҳамкорликда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳаси доирасида ёш тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар билан учрашув ташкил этилди.

Мазкур пресс-конференцияда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши Ёшлар тадбиркорлиги, туризмни ва бизнес инкубаторларни ривожлантириш бўлими, Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази Тошкент шаҳар бўлими масъуллари ва бир неча ҳамкор ташкилотлар – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар худудий бўлинмаси, “Агробанк”нинг Тошкент шаҳар филиалидан вакиллар ва 150 нафар ёшлар иштирок этишди.

Учрашувдан кўзланган мақсад – ёш тадбиркорлар фаолиятида юзага келаётган муаммоларни соҳа мутахассислари иштирокида ҳал этиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларга дастлабки кўникмаларни шакллантириш ҳамда фаолиятини бошлаш учун барча маълумотлар беришдан иборатдир.

Пресс-конференцияда Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Х. Нарзиев сўз олиб, мамлакатимизда мавжуд иқтисодий ислоҳотларда ёшларнинг ролини янада ошириш ҳамда ёш тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар хусусида маълумотлар бериб ўтди.

Учрашув асосан давра суҳбати шаклида бўлиб ўтди. Иштирокчилар ҳамкор ташкилотлардан таклиф этилган мутахассислардан ўзлари учун керакли бўлган барча саволларга жавоб олишди.

Тадбир давомида бўлажак тадбиркорлар учун китоблар кўргазмаси ташкил этилди. “Адолат” марказида чоп этилган ҳуқуқий адабиётлар ҳамда “Юридик адабиётлар” китоб савдо мажмуасида мавжуд ижтимоий-сиёсий, бадиий-публицистик, жаҳон адабиёти дурдоналари, бадиий-детектив, мустақил сабоқлар бўйича китоблар ҳамда болалар адабиётларининг сайёр кўргазма-ярмаркаси орқали тадбир иштирокчиларига тарқатма материаллар билан мавзуга оид ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтилди.

Учрашув сўнгида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлишди.