Yuqoriga

Устозлик шарафли унвон

Admin   13,10-2020 832

Устоз, мураббий, ўқитувчи, муаллим деган сўзларни эшитганимизда  ёшимиз, касбу коримиздан қатъи назар, кўнглимиздан илиқ фикрлару ёрқин хотиралар ўтади. Айниқса, қўлимизга илк бор қалам тутқазиб, ҳарф танитган, бизни илм оламига етаклаган биринчи устозимиз умр бўйи ёдимизда муҳрланиб қолади. Қадрдон мактабимиз, ўқувчилик йилларимиз, бизга билим берган, инсонийлик фазилатларини ўргатган меҳрибон ўқитувчи ва мураббийларимизни катта ҳурмат ва эҳтиром билан эслаймиз. Шунинг учун бўлса керак, қалбларни илм нури билан мунаввар этадиган, барчамизни камолот манзиллари сари бошлаган, билимнинг юксак чўққилари сари етаклаган устоз ва мураббийларимиз олдида ҳамиша қарздор ҳис қиламиз ўзимизни. Муаллим аслида фақат ёшларга таълим берувчи зот эмас, миллат тарбиячиси ҳамдир.

Шу қаторда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1-октябр устозлар кунига бағишланган нуқтларида шундай айтилган:

Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз. Шу боис, мана шундай қувончли кунда барча шогирдларингиз, бутун халқимиз номидан сизларга юксак ҳурмат-эҳтиромимиз, эзгу тилакларимизни билдириб, чин дилдан таъзим қиламиз.

Улуғ шоиримиз мавлоно Фурқат илм-маърифатни кўнгилларнинг сурури, кўрар кўзларнинг нури, деб таърифлаганини ҳаммамиз яхши биламиз.

Дарҳақиқат, миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди.

Мен бугун билдирадиган фикрларни, аввало, ҳурматли муаллим ва ўқитувчиларга, қадрли тарбиячиларга, барча жонкуяр зиёлиларимизга йўлланган мурожаат сифатида қабул қилишингизни истардим.

Хабарингиз бор, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқимда мен бошқа кўпгина муҳим масалалар қаторида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилишга оид Ўзбекистон ташаббусига яна бир бор жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратдим.

Ёшлар ҳуқуқи деганда, биз, биринчи навбатда, уларнинг тинч ва соғлом яшаш ҳамда таълим олишга бўлган тўлақонли ҳуқуқини тушунамиз. Шу боис, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш биз учун ҳамиша устувор вазифа ҳисобланади.

Бутун дунё давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам коронавирус пандемиясини бошидан кечираётган ҳозирги мураккаб даврда мамлакатимиз таълим тизими ҳам жиддий синовга дуч келди. Бугунги қийин шароитга қарамасдан, давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар ва сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан бу борадаги ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, қисқа муддат ичида юртимизда “онлайн мактаб” лойиҳаси ва масофавий таълим жорий этилди.

Яқинда республикамизнинг аксарият мактабларида, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, янги ўқув йили бошланди. Эзгу анъанамизга мувофиқ, қарийб 650 минг нафар 1-синф ўқувчисига Президент совғалари сифатида 72 миллиард сўмлик ўқув қуроллари топширилди. Шунингдек, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари ва ногиронлиги бўлган болаларга қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуролларидан иборат 426 миллиард сўмлик моддий кўмак берилгани ҳам ана шундай эзгу ишларимиз қаторига киради.

Айни вақтда, бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ўқувчи ва педагогларнинг саломатлигини асраш масаласи барчамизнинг алоҳида эътиборимиз марказида турибди. Шу мақсадда мактабларни зарур тиббий ва антисептик воситалар билан таъминлаш учун Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 17 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Хабарингиз бор, бу йил 1,5 миллионга яқин ёшларимиз олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кўп демакдир. Биз мана шундай оғир вазиятда тест синовларини очиқ стадионларда, эпидемиологик хавфсизлик талабларига қатъий амал қилган ҳолда, муваффақиятли ўтказишга эришдик.

Буюк давлат арбоби Индира Гандининг “Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз”, деган сўзларида катта ҳаётий ҳақиқат борлигини албатта ҳаммамиз яхши тушунамиз. Шунинг учун жорий йилда қишлоқ жойларда яшаётган, кам таъминланган оилаларга мансуб қизларимиз олий ўқув юртларининг кундузги бўлимида давлат гранти асосида ўқишлари учун 940 та ўрин ажратдик.

Ўйлайманки, қизларимиз учун яратилган бундай қўшимча имконият яна юзлаб оилаларга билим ва маърифат нурини олиб киради. Бу, ўз навбатида, ёш қизларимизнинг келажакда жамият учун муносиб касб эгалари бўлиб камол топишига пухта замин яратади. Биз бу борадаги ишларимиз кўламини бундан кейин ҳам янада кўпайтириб борамиз.

Президентимиз нутқ сузлар эканлар барча устоз, муаллимларни қутлуғ байрам билан яна бир бор чин юракдан табриклаб, барчага сиҳат-саломатлик, бахту саодат, масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу барака тилаб қолдилар.

Дарҳақиқат устозлик масъулиятли касб, шарафли унвондир. Халқимиз азалдан устозни улуғлаб келган. Устоз отадек улуғ деб саналиши ҳам бежиз эмас. “Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий Абдураҳмон Жомий яшайдиган махаллага яқин келганда отдан тушиб, устози яшайдиган махалла аҳли билан қуюқ саломлашиб, хол-аҳвол сўраб, отига минмай Жомийнинг уйигача пиёда борар экан. Шунда бир темирчи сўрабди: “Амир Навоий, нечук устоз уйига етмай туриб отдан тушиб оласиз. Ахир, сиз вазири аъзамсиз-ку! Сизга бундоқ юриш ярашмас”. Алишер Навоий жилмайиб туриб, шундай дебди: “Йўқ биродар, мен ҳозир устозим Абдураҳмон Жомий яшайдиган маҳаллага келдим. Демак, бу ерда яшовчи ҳар бир фуқаро устозимнинг тобуткашлари ҳисобланади. Шундоқ бўлгач, нечун мен улар, яъни сиз муҳтарамлар олдида ҳурматсизлик қилишим керак. Устозимни қандоқ авайлаб-эъзозласам, сизларни ҳам шундоқ кўргумдир”.

Донишмандларимиздан Фахриддин Расул ўзининг “Ахлоқнома” рисоласида устоз ҳақида шундай дейди: “Устозни ранжитмоқ ота-онани ранжитмоқдек зўр гуноҳ. Туққан, едирган кийдирган ҳамда вояга етказган ота-она моддий ота-онадир. Ўқитган, ҳунар ўргатган, фан-ҳунар чўққиларига етаклаб, кўп заҳматлар оқибатида сенинг камол топишингга сабабчи бўлган утозлар маънавий ота-оналардир. Илм, касб ўрганиш халқ иборасида игна билан қудуқ қазиш кабидир. Бу йўлда сенга раҳнамо бўлган устозларнинг олдида умр бўйи қарздорсан”, дейдилар.

Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зот – ўқитувчи ва мураббийларимизни ҳар қанча эъзозласак кам.

М. Файзиева

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ходими