Yuqoriga

ҲУҚУҚИЙ БИЛИМЛАРНИ ЎРГАНИШ ВА ЎРГАТИШ — ДАВР ТАЛАБИ

Admin   31,01-2020 508

“Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази ходимлари иштирокида 2020 йил        30 январь куни навбатдаги “Ҳуқуқий билимлар” ўқув машғулоти ўтказилди. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, Марказнинг ҚҲММБни такомиллаштириш бўлими бошлиғи У. Аюбов “Ҳуқуқий билимларнинг минимал талабларини ўргатиш” мавзусида маъруза қилди.

Маърузачи таъкидлаганидек: “Ҳуқуқ ва давлатнинг пайдо бўлиши ҳуқуқий билимларнинг ҳам пайдо бўлишига олиб келди. Маълумки, давлат ва ҳуқуқ қадимдан бир вақтда бир-бирини тақазо этган ҳолда пайдо бўлган. Жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларда тартибга солиниши, яъни ҳуқуқий нормаларнинг белгиланиши ҳуқуқий билимларнинг пайдо бўлишига, бора-бора яхлит бир тизимнинг шаклланишига олиб келган. Шу тариқа жамиятда ҳуқуқий билимларни йиғиш ва уни ўрганиш билан боғлиқ бўлган муносабатлар вужудга келади. Ҳуқуқий билимлар алоҳида фан сифатида, кейинчалик алоҳида мутахассислик, сифатида ўрганилиб, ўз навбатида бир неча мутахассисликларга бўлиниб кетади.

Ҳуқуқий давлатда ҳуқуқий билимлар нафақат унинг касбий эгаси ҳисобланган ҳуқуқшунослар, юристлар томонидан ўрганилади, балки барча аҳоли ва касб эгаларининг ҳуқуқий билимларга эга бўлишини талаб этади. Шу сабабли ҳам, ҳаммамизга маълумки, ҳуқуқий билимларга эга бўлиш турли даражада, яъни илмий даража, касбий даража ва оддий даражада бўлади.

Ҳуқуқий билимлар олимлар ва педогоглар томонидан илмий даражада ўрганишни талаб қилади. Улар ҳуқуқнинг ўзидан ташқари унинг назариясини ва ривожланиш тенденцияларини ҳам тадқиқ этадилар.

Ҳуқуқни амалиётда қўллайдиган маълум бир касб эгалари ҳам бор. Масалан, адвокатлар, судьялар, прокурорлар ва бошқалар ҳуқуқий билимларни касбий даражада эгаллайдилар. Улар маълум ҳуқуқ соҳаси бўйича чуқур билимга эга бўладилар.

Бугунги маърузамизга бевосита алоқадор бўлган оддий даража эса, ҳуқуқий билимларни минимал талаблар доирасида билишни тақозо этади. Жамиятда ҳар бир шахсдан ўзининг жамият билан ижтимоий муносабатлари доирасида ана шундай минимал даражада ҳуқуқий билимларни эгаллаши талаб этилади. Фуқаролик жамиятининг ҳам асоси шу аслида.

Маърузачи, шунингдек, ҳар бир шахс жамият ва давлат билан ижтимоий муносабатларга киришиши, бунда нафақат оддий ишламайдиган фуқаролар, балки ҳуқуқшуносликдан бошқа касб эгалари ҳам ҳуқуқий муносабатларга дуч келиши, шу сабабли ҳам улар ўзига керакли даражада ҳуқуқий билимларга эга бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.   Маърузада таъкидланганидек: “Жамиятда ҳар бир шахс билиши керак бўлган ҳуқуқий билимлардан бири — бу йўл ҳаракати қоидаларидир. Чунки бугунги кунда деярли ҳар бир шахс йўл ҳаракати қатнашчиси бўлиши мумкин. Айтайлик, бухгалтерлар бухгалтерияга соҳасига оид ҳуқуқий билимларга эга бўлиши талаб этилади. Масалан, бухгалтерия ҳисоби нима, активлар ва пассивлар баланси нима, деганга ўхшаш саволларга жавоб топа билиши учун ҳам зарур билим талаб этилади, албатта. Тиббиёт ходимларидан ҳам маълум даражада ҳуқуқий билимларга эга бўлиш талаб қилинади. Яъни, улар беморларга тиббий хизмат кўрсатишнинг ўз соҳасига доир ҳуқуқий талабларини билишлари зарур. Бундан ташқари, меҳнат муносабатларига киришадиган ҳар бир ходим ҳам меҳнат ҳуқуқларини билиши ўзи учун фойдали ҳисобланади. Бу бир тарафдан уларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилмаслигининг кафолати бўлса, иккинчи томондан уларнинг бузилган ҳуқуқларини лозим даражада тиклашини таъминлайди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Улуғбек Аюбов мавзу юзасидан фикрларини ҳаётий мисоллар билан изоҳлаб, иш тажрибасини ёшлар билан ўртоқлашди ва хулоса ўрнида шундай деди:

“Биз ҳуқуқшунослардан бу борада талаб этиладиган асосий нарса — ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга оширишда одамларга уларга зарур бўлган ҳуқуқий билимларнинг минимал даражасини бера олиш қобилиятидир! Сиз тарғибот олиб борар экансиз, тингловчилар контингентидан келиб чиқиб, уларни қизиқтирган ва улар учун фойдали бўлган ҳуқуқий ахборотни беришингиз лозим бўлади. Айтайлик, фуқаролар орасида Конституция бўйича ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бораётганингизда уларга Конституцияда белгиланган шахсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлар ҳақида маълумот беришингиз ва уларни қандай амалга ошириши усулларини ўргатишингиз маъқулроқ бўлади.”

Машғулот қизғин фикр-мулоҳазалар ва савол-жавоблар билан ўтди. Тажрибали ҳуқуқшунос У. Аюбов Марказ ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.  

Г. Артикходжаева,
Марказ бош мутахассиси