Yuqoriga

Имкониятлар кенгаймоқда: Олий таълимдаги навбатдаги янгилик

Admin   31,05-2019 272

Маълумки, мамлакатимиз мустақиллигини дастлабки йиллариданоқ устувор вазифа сифатида асосий эътиборни таълим соҳасига қаратиб келмоқда. Бу борада соҳага оид қатор қонун  ва қонун ости ҳужжатлар қабул қилинди ва қилинмоқда. Айниқса, кейинги йилларда соҳага оид ислоҳотлар ва қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз аҳамияти ва долзарблиги билан қимматга эга.

Булардан аҳолининг катта аудиториясини диққатини ўзига тортганларидан бири бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 14 майдаги ПҚ-4319-сонли қарори десак маболаға бўлмайди.

Мазкур ҳужжат нафақат мамлакатимиз аҳолисининг кўпчилик қисмини ташкил этувчи ёшлар, уларнинг ота-оналари, устоз-мураббийлар томонидан, балки бутун бир жамият томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди, сабаби ушбу қарорга дахли бўлмаган бирор-бир шахс, оиласида ёки яқинларида талаба бўлиш ҳаракатида бўлмаган бирорта инсон топилмаса керак.

Қарорнинг мазмун-моҳияти бўйича тўхталадиган бўлсак, ҳужжатда 2018/2019 ўқув йилида илк маротаба олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари очиқ майдонли биноларда ўтказилганлиги, имтиҳонларни ошкора ва шаффоф тарзда ўтказиш мақсадида абитуриентлар бинога киришда шахсни идентификациялаш қурилмалари ёрдамида текширилганлиги, тест синовлари кузатув камералари ёрдамида назорат қилинганлиги, ушбу жараёнлар абитуриентларнинг ота-оналари учун бевосита катта мониторларда, Интернет тармоғи ва телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинганлиги эътироф этилиши билан бир қаторда, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттириш, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, шунингдек, ёшларнинг таълим олишга бўлган иштиёқини рағбатлантириш мақсадида абитуриентларнинг бир нечта бакалавриат таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратиш лозимлиги таъкидланган.

Ўз навбатида қарор билан жорий ўқув йилидан бошлаб қатор янги тартиблар жорий йилинди.

Хусусан:

  • 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқини берилиши;
  • 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини июль-август ойларида ўтказилиши;
  • 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуасини икки бўлимга ажратиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фанни киритилиши;
  • тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилиши;
  • абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижасини тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланди.

Шу билан бирга мазкур қарор билан, бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ҳамда тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланиши ҳамда 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, давлат олий таълим муассасаларига бакалавриатга ўқишга кириш учун абитуриентлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш тартиби ўрнатилди.

Мазкур ҳужжат билан Давлат тест маркази ва унинг таркибий бўлимлари мақоми ва фаолияти билан боғлиқ  ташкилий-ҳуқуқий масалалар ҳам белгилаб берилди.

Қарор мақсадидан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, мазкур ҳужжат мамлакатимизни янада ривожлантириш учун олдимизда турган устувор вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир ёшларни тарбиялаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилганлиги билан юқори аҳамият касб этади. Зеро, ҳар бир жамият ва давлат тараққиётида маънавият ва маърифат, ёш авлодга эътибор асосий ўрин тутади.

 

О.Расулов

“Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази
бош маслаҳатчиси