Yuqoriga

МУСТАҚИЛЛИК – МИЛЛАТНИНГ ҚУТЛУҒ БАЙРАМИ

Admin   02,09-2020 1054

 

Мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи

бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда.

Шавкат Мирзиёев

 

Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий кун – халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаган, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида катта шоду хуррамлик билан нишонланадиган қутлуғ айёмдир.

Юртимиз ривожи, республикамиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган чуқур янгиланишлар ва ислоҳотлар, илм-фан юксалиши мақсадида изланишлар олиб бораётган олимларимиз ва тадқиқотчиларимизга юксак эътибор, республикамиз иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётининг ҳар бир соҳасига инновацияларнинг жорий этилиши бўйича саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бермоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришнинг ташкил этилиши бунинг яққол мисолидир.

Ҳар бир давлатнинг мустақилликка эришган куни шу мамлакат халқининг жаҳон ҳамжамиятида тенглар ичра тенг, ўз ўрни ва ўз сўзига эга бўлиш бахтига муяссар бўлган  энг азиз санасидир. Истиқлол йилларида янги авлод камолга етди. Энг муҳими, ҳаёти маъно-мазмуни, мақсад-муддаоси ва онгу дунёқараши тубдан ўзгарган юртдошларимизни мустақилликни янада мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, баркамол авлодни тарбиялаб, мамлакатимизнинг жаҳондаги нуфузини янада юксалтиришдек эзгу мақсадлар бирлаштирди.

Мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, демократик янгиланиш жараёнлари кечмоқда. Ўтган давр эркин ва фаровон ҳаётни, буюк келажакни фақат ва фақат мустақиллик асосидагина қуриш мумкинлигини кўрсатди.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг 29 йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 113 нафар фуқаро афв этилди.

Шунингдек, Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Фикримизнинг якуни сифатида айтишимиз мумкинки, биз учун истиқлол – миллатимиз, мамлакатимизнинг жаҳондаги обрў-эътибори, шон-шавкатини кўтарадиган соғлом авлодни, ҳар жиҳатдан баркамол ва фидойи ўғил-қизларни тарбиялаш, уларни вояга етказиш ва бахтини кўришдир. Ҳар бир фуқаромиз учун – миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар – эркинлик, тенглик, биродарлик, муносиб шароит яратиб беришдир.

Дилрух Джавлиев,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ходими