Yuqoriga

Мустақиллик декларацияси – муҳим тарихий ҳужжат

Admin   17,09-2020 1033

1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган. Жорий йилнинг 20 июнь санасида ушбу тарихий ҳужжат қабул қилинганига 30 йил тўлди.

Бу ҳужжатнинг тарихий аҳамияти, энг аввало, мамлакатимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, эркин тафаккур асосида яшаш, фикрлаш, миллий ва умумбашарий қадриятларга таяниб иш кўриш каби жиҳатлар билан изоҳланади. Мустақиллик декларациясида мамлакатимиз ҳудудида асрлар давомида шаклланган давлатчилик, фан-таълим ва маданий тараққиёт борасидаги бой тажриба ва анъаналари ўз аксини топган. Мазкур ҳужжатнинг мураккаб шароитларда қабул қилиниши Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиш сари ташланган қатъий ва муҳим қадами бўлди.

Мустақиллик декларациясида ўзбек халқининг бир неча минг йиллар давомида қўлга киритган давлат қурилиши ва маданий тараққиёт борасидаги бой тарихий тажрибаси, анъаналари эътиборга олинган.

Ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва асрлар мобайнида шаклланган бой анъаналари, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдек олий мақсадларни ифода этган, халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятлар ва демократик принципларга асосланган мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши билан Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётига доир масалалар мустақил тарзда ҳал қилина борди.

Бу ҳужжат мамлакатда мустақиллик учун ҳаракатнинг турли исёнлар, урушлар ва қон тўкишлар билан эмас, балки қонун устуворлиги ва юксак тамаддун тамойилларига амал қилган ҳолда кечишини таъминлаб берди. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан муносабатлари ривожланишида муҳим роль ўйнади.

Бугун Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ва тўла ҳуқуқли аъзосидир. Ҳозирда Ўзбекистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, ЕҲХТ ва ИҲТ каби нуфузли халқаро тузилмалар фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда.

Шу ўринда, Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиш тарихига бир назар ташласак. Мустақиллик декларацияси асосида Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш таклифи илгари сурилди. Шу мақсадда, Конституция комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассисларни ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди.

Мустақиллик декларацияси тамойиллари асосида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонуни, Бош қомусимиз қабул қилинди.

Мустақиллик декларацияси нафақат ҳуқуқий, балки жамият ва давлат ҳаёти ҳамда Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир фуқаронинг бугунги муносиб ҳаётини ва эртанги тақдирини белгилаб берувчи сиёсий ҳужжатдир.

Мустақилликнинг ўтган даври мобайнида мамлакат ички сиёсий тизимида давлат ҳокимияти идоралари фаолияти демократик тартиб-қоида ва анъаналар асосида қайта ташкил қилинди. Хусусан, қонунчилик, ижро ва суд ҳокимиятлари ташкил топди. Мамлакатда сиёсий плюрализмга асосланган кўппартиявийлик тизими шакллантирилди, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти йўлга қўйилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда мустақилликка эришди. Бугунги кунда амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар, янгиланишлар ва ўзгаришларнинг туб мазмун-моҳияти мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган. Хусусан, сиёсий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жамият ҳаётини демократлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, унинг изчиллиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган.

Иқтисодий соҳада замонавий ривожланиш тенденцияларига мос рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, жаҳон иқтисодиёти конъюнктурасига мослашиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш каби устувор йўналишларни кўрсатиш мумкин.

Ижтимоий соҳада аҳолини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, хусусан, кам таъминланган оилаларни муҳофаза қилиш, бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ва таълим олиш масалаларини мамлакатда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишлари сифатида эътироф этиш мумкин.

Хулоса қилиб айтиш лозимки, мустақиллик декларациясининг тарихий аҳамиятини яна бир бор эътироф этган ҳолда, унинг замирида мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ўз тақдирига ва мамлакат келажагига нисбатан юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда ёндашиши лозимлиги ғояси ётади.

 

С. Эшонхўжаев,

“Адолат” миллий ҳуқуқий
ахборот маркази ходими