Yuqoriga

Мустақиллигимизнинг ҳуқуқий асоси ва миллий ўзликни англаш

Admin   10,09-2020 1084

Мустақиллик ҳақида сўз кетганда, албатта, унга эришиш йўлидаги мураккабликлар ва уни мустаҳкамлаш жараёнлари кўз ўнгимиздан ўтади. Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритгандан сўнг барча йўқотилган моддий ва маънавий қадриятларимиз қайта тикланди, республикамиз ўз тақдирига ўзи эгалик қиладиган бўлди. Биз ҳам мустақил давлат сифатида миллий ўзлигимиз, давлат рамзларимиз, тилимизга эга бўлдик. Келинг, миллий ўзлик ҳақида тўхталиб ўтамиз, зеро миллий ўзлик нима ўзи, у қаёрдан келиб чиқади, нималарга асосланади, шу каби саволларга жавоб бермасдан туриб фикримизни ифода қила олмаймиз.

Миллий ўзлик деганда умумий маънода муайян миллатга мансублик, умумий руҳий ҳолатлар, тил, маданият, маънавият, иқтисодий-ижтимоий қадриятлар тасаввуримизга келади. Лекин миллий ўзликни англаш тушунчаси бирор бир давлат, жамиятда яшовчи халқларга тегишли тушунча сифатида ифодаланади. Миллий ўзликни англаш орқали, халқимиз мустақилликни қўлга киритди, унинг бебахо неъмат эканлигини англади, ҳозирда эса амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар мазмунини тўғри тушуниб келмоқда.

Ўзбекистон халқи бугун ўз нуфузидан, бой ўзлигидан қанча ғурурланса арзийди. Тарихдан ҳам маълумки, барча халқлар сингари ўзбек халқининг ҳам инсоният цивилизациясининг вужудга келишидан бошлаб то давлатчилик, илм-фан, маърифатга қўшган ҳиссаси фикримизнинг ёрқин исботи бўлиб ҳисобланади.

Бугун Ўзбекистонда илгари содир бўлмаган воқеликлар амалга ошмоқда, чуқур ўзгаришлар бизнинг ҳаётимизга ҳам шиддат билан кириб келмоқда. Ҳар соҳада янгилик, изланишлар ҳақида сўзлар эканмиз, мустабид тузум ҳукмронлиги билан бундай ўзгаришларга эришиб бўлмаслиги, мустақиллик нечоғлик улуғ неъмат эканлиги ва уни асрав-авайлашимиз кераклиги кўз олдимизда намоён бўлаверади.

Мустақиллик йилларида юртимиз ҳар томонлама ривожланди. Илгари хатто кичик бизнес, тадбиркорлик, инвестиция каби қатор тушунчаларига эга ҳам эмас эдик. Бугун эса айнан шу соҳалар юртимизда устунликка эришиб келмоқда. Хотин-қизларга ҳар томонлама эътибор кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг муносиб амалга оширилишини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар эса барчамизни бирдек ҳайратга солмоқда.

Бугун биз озод ва обод, осойишта ва мустақил ватанда яшамоқдамиз. Истиқлол фарзанди эканлигимиз, шундай гўзал даврда туғилиб, яратилаётган кенг имкониятларидан фойдаланиш бахтига муяссар эканлигимиздан қанча фахрлансак етмайди. Ўзбек халқи шу кунлар кўриш учун қанча йўлларни босиб ўтди, натижада эса салоҳиятли ислоҳотлар ва кенг имкониятларни қўлга киритди. Бу албатта халқимизнинг орзу-истаклари, ўзаро ишончи, ҳар бир инсоннинг метин сабр-бардоши ва албатта машаққатли
сай-ҳаракатлари ҳосилидир.

Хулоса ўрнида айтишимиз жоизки, бугун биз учун қатор имкониятлар эшиги очилган. Бунга жавобан эса барча соҳада ўзлигимизни намоён қилиб, амалга оширилаётган ишларга муносиб ҳиссамизни қўшишимиз, билдирилган ишонч, яратилган имкониятларни эса оқламоғимиз даркор.

З.Носирова

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси