Yuqoriga

Коррупцияга қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз

Admin   08,09-2020 997

Жамиятнинг ривожланиб бориши билан инсонлар ўртасида рақобат юзага келган ва бунинг оқибатида инсонлар ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда бир-бирига нисбатан ҳар хил қонуний ва қонунга хилоф усулларни қўллай бошлаган. Бу эса, ўз навбатида, коррупциянинг юзага келишига сабаб бўлган. Коррупциянинг ўзи нима? Коррупция  шахснинг ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир. Коррупция, ўз навбатида, жамиятимизда ва фуқароларимизнинг турмуш тарзида адолатсизлик туйғусини юзага келтиради, албатта.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар доим адолатсизликни қоралаб, унга қарши курашиш зарурлигини, халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат тўйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш кераклигини алоҳида таъкидлайдилар. Коррупцияга ва бошқа турдаги жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш кераклиги, уларнинг профилактикаси, қонунга хилоф ҳар қандай хатти-ҳаракатга жазонинг муқаррар эканлигини барчамиз яхши биламиз. Бу йўлда амалда кўплаб режалар, дастурлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, зарур ишлар амалга оширилмоқда. Ахир, коррупцияни йўқ қилмасдан туриб ҳаётимизда адолат туйғусини қарор топтириб бўлмайди.

Коррупцияга қарши курашиш мақсадида 2017 йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. Ушбу Қонун коррупцияга қарши курашиш учун янги босқични бошлаб, унга барҳам бериш учун муҳим шароит яратиб берди. Ушбу Қонуннинг тўлиқ амалга оширилиши учун қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу эса, давлатимизнинг коррупцияга қарши курашишдаги кейинги қадами бўлди.

Жамиятимизда коррупция тўғрисида нотўғри фикрлар кўплаб учрайди, фуқароларимизнинг аксарияти коррупция деганда фақатгина пора бериш ва пора олишни тушунишади, холос. Ушбу ҳолат фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишни ва уларнинг ҳуқуқий онгида бу тушунчага нисбатан фикрларнинг имкон қадар мукаммал шаклланишига шароит яратиш лозимлигини кўрсатади. Қолаверса, ҳар бир шахс ўзининг жамиятдаги ўрни, хатти-ҳаракати қанчалик муҳим аҳамият касб этишини ўзида масъулият билан ҳис этган ҳолдагина, коррупцияга қарши курашишда самарали натижага эришса бўлади. Ҳар бир фуқаро қўрқмасдан ўз ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошириши, уларнинг бузилишига йўл қўймаслиги, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига бефарқлик билан қарамаслиги, адолатсизлик бўлаётган пайтда шароитга бўйсуниш орқали кўнгилсиз вазиятга нисбатан индамай кетмаслиги, ўзининг мажбуриятларини сидқидилдан бажариши орқали нафақат коррупцияга, балки ҳар қандай жиноятга мукаммал қарши курашиш имкони юзага келади.

Ҳар бир фуқаро коррупция жиноятларига гувоҳ бўлганида, бундай ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қўрқмасдан хабар бериши лозим. Шунингдек, юқорида таъкидлаб ўтилган Қонун эса, коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий базамизнинг янада самаралироқ шаклланиши учун асос яратиб бериши билан бирга коррупцияга гувоҳ бўлган шахснинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини, қолаверса, ушбу шахсларнинг ҳимоя қилинишини таъминлайди. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг давлат ҳимоясида бўлиши кафолатланган ҳамда ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Давлатимизда коррупцияга қарши курашишни янада кучайтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилган бўлиб, мазкур комиссиянинг асосий вазифаларидан бири  коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этишдан иборатдир. Шунингдек, ушбу комиссия коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва ҳамкорлигини таъминлаб беради. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш мақсадида 2020 йил 29 июндаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, яъни коррупцияга қарши курашишдаги махсус давлат органи ташкил этилди. Мазкур Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш ҳисобланади. Бундан кўзланган мақсад – барчамиз коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишни аввал ўзимиздан бошлашимиз, бу иллатга қарши маънан ва ҳуқуқий тайёрланишимиз, ушбу жиноятнинг жамиятимиз келажаги учун хавфлилик даражасини тушуниб етишимиздир.

Ҳозирги кунда айрим мансабдор шахсларнинг коррупцияга мойиллиги ва фақатгина ўзининг ғаразли мақсадларини ўйлаши оқибатида коррупция кўплаб соҳаларда учрамоқда. Бунга ҳаётий мисол тариқасида олий таълим тизимини келтиришимиз мумкин. Албатта, бу ушбу соҳада хизмат кўрсатаётган барча ходимларнинг хатти-ҳаракатларида коррупция ҳолатлари мавжуд дегани эмас, айрим ғаразли мақсадга эга шахсларнинг бу каби иллати сабабли ҳалол ва ўз меҳнат фаолиятига содиқлик билан сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ходимларнинг ҳам номига доғ тушишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, 2020 йил 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Сенати Раиси Танзила Норбоева олий таълимнинг  деярли барча босқичларида коррупция иллатлари мавжудлиги, бу эса, ўз навбатида, таълим сифатига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб ўтди. Бундай ҳолатларга қарши курашишга олий таълим тизимидаги раҳбар ходимлардан тортиб ўқитувчиларгача, ҳаттоки, талабалар ҳам бирдек масъул ҳисобланади. Ушбу коррупцияга боғлиқ ҳолат фақатгина олий таълим тизимида мавжуд эмаслиги ҳаммамизга аён. Ушбу иллатни йўқ қилмасдан туриб эса, бирон-бир соҳанинг ривожланишига эриша олмаймиз.

Хулоса қилиб айтганда, коррупция — жамият тараққиёти учун жуда хавфли жиноят бўлиб, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади. Давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, мамлакатнинг барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади. Адолат қарор топган демократик фуқаролик жамиятида яшамоғимиз учун нафақат давлат органлари, идораларида фаолият юритаётган ходимлар ва раҳбарлар, балки, ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз, коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз эканлигини англашимиз, унинг олдини олиш, йўқ қилиш, унга нисбатан муросасиз бўлишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз зарур. Бу фуқароларимизнинг коррупцияга, шунингдек, ҳар қандай қонунбузарликка қарши ҳаракат қилиши ва унга нисбатан муросасизлик кайфияти, ҳуқуқий онги ва маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Зеро, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик, жиноятнинг содир этилишига, уларнинг кўпайишига ва барҳам берилмаслигига ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Барчанинг коррупцияга қарши курашиш йўлида бир мақсад сари бирлашиб, ҳаракат қилиши, давлатимиз тақдирига бефарқ қарамаслиги ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг барҳам топишига хизмат қилади.

Б. Турғунов,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси