Yuqoriga

ЙЎЛИНИ ЙЎҚОТГАН ҲАЙДОВЧИ

Admin   15,01-2019 840

Ҳаммамиз ҳам ҳайдовчи ёки йўловчи сифатида кундалик ҳаётимизда автомашиналар хизматидан фойдаланамиз. Йўлда ҳамиша ҳушёрлик муҳимлигини яхши биламиз. Аввало, рулни рисоладагидек бошқариш ҳайдовчи учун катта масъулиятдир. Автомашинани бошқариб бораётган ҳайдовчи нафақат ўзининг, балки машина салонидаги йўловчиларнинг хавфсизлиги учун ҳам жавобгардир. Зийраклик, ҳушёрлик, бедорлик, йўлда мудрамаслик, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилиш ҳайдовчи учун жуда муҳимдир. Синчков газетхонларимиз сарлавҳани ўқибоқ гап нимадалигини тушунган бўлиши тайин. Ҳайдовчини судгача олиб борган қуйидаги воқеа ҳам рулда бошқарувни, йўлда ҳушёрликни йўқотиш оқибатида содир бўлди. Бу эса, йўловчининг жабрланишига сабаб бўлди.

Ўша куни Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида яшовчи А.Ж. ўзига ишончнома орқали бириктирилган С.Жга тегишли бўлган “Nexia” русумли автомашинани “Тошкент-Термиз” автомобиль магистраль йўлининг 864 километрида Сирдарё тумани йўналиши бўйича бошқариб келаётганди. Ҳайдовчи амалда бўлган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77, 78-бандлари талабларини қўпол равишда бузиб, автомашина бошқарувида мувозанатни йўқотади.

Яъни, у кўрсатилган талабларга амал қилмай, рулда ҳушёрликни йўқотади. Машина эса, йўл четига чиқиб кетади. Йўлини йўқотган ҳайдовчи бошқариб келаётган автомашина дарахтга бориб урилади. Содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси натижасида автомашина салонида бўлган йўловчи Н.Х. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилади.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, йўловчи Н.Х олган тан жароҳатлар ўз белгисига кўра ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлар даражасига кириши маълум бўлди. Суд муҳокамаси давомида судланувчи А.Ж. ва жабрланувчининг қонуний вакили С.Р. ариза билан мурожаат қилиб, жиноят ишини ярашганликлари муносабати билан тугатишни сўрашган.

Шунингдек, судланувчи А.Ж. ярашув ҳақидаги аризасини қувватлаб, йўл транспорт ҳодисаси ўша куни соат 15:30 ларда ўзига ишончнома орқали бириктирилган С.Ж.га тегишли бўлган “Nexia” русумли автомашинани “Тошкент-Термиз” автомобиль магистраль йўлининг 864 километрида Сирдарё тумани йўналиши бўйича бошқариб кетаётганида содир бўлганлигини билдирган. У ўзи бошқариб кетаётган автомашина йўл четига чиқиб кетиб, дарахтга бориб урилганлиги, натижада автомашина йўловчиси Н.Х. тан жароҳати олганлиги, жабрланувчига етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаганлиги, унинг, қонуний вакилининг ҳам ўзига нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида ариза тақдим этиб, жиноят ишини тугатишни сўраган.

Жабрланувчининг қонуний вакили сифатида унинг онаси судга ярашув тўғрисидаги аризасини тақдим этган ва судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси, эътирози йўқлиги, етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини билдириб, жиноят ишини тугатишни сўраган.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 661-моддасига мувофиқ, Жиноят кодекси 266-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Суд жабрланувчининг қонуний вакили ҳамда судланувчининг ярашув тўғрисидаги аризасини жиноят иши ҳужжатлари билан ўрганиб, прокурорнинг жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатиш ҳақидаги фикрини эшитиб, якуний хулосага келди. Суд судланувчининг муқаддам судланмаганлиги, айбига иқрорлиги ва етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, жабрланувчининг қонуний вакилига бирон-бир тазйиқ бўлмаганлиги, ярашув судланувчи ва жабрланувчининг қонуний вакили билан ихтиёрий бўлганлигини инобатга олди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 266-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган жиноят мазкур кодекснинг 661-моддасига мувофиқ ярашувга тушишини инобатга олиб, судланувчига нисбатан юритилган жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатишни лозим топди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процесуал кодекси 84-моддасининг тўртинчи қисми, 585, 586-моддаларини қўллаб, суд томонларнинг ярашганлиги муносабати билан мазкур жиноят ишини тугатиш тўғрисида ажрим чиқарди.  

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА