Yuqoriga

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ МАЪЛУМОТЛАРИ МИЛЛИЙ БАЗАСИ – ИШОНЧЛИ РАСМИЙ МАНБА

Admin   23,09-2020 292

 

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалар санаб ўтилган бўлиб, улар қаторидан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси ҳам ўрин олган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5997-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси, “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти давлат унитар корхонаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида Вазирлик қошида давлат муассасаси шаклидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил этилди.

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази – аҳоли ва ижрочиларга жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини расмий эълон қилиш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси ҳисобланади. Шунингдек, қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини юритиш орқали ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини шакллантириш ва доимий равишда янгилаб бориш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказилишини таъминлаш, аутсорсинг шартларида юридик адабиётлар ва расмий нашрларнинг расман чоп этилишини таъминлайди.

Бугунги кунда Марказнинг Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – www.lex.uz ни бутун дунёдан туриб фаол кузатишади. Сайтдаги қонун ҳужжатлари нафақат давлат тилида, балки, рус, инглиз ва қорақалпоқ тилларида ҳам эълон қилинмоқда. Фойдаланувчиларга қулай бўлиши учун унинг “android” ва “ios” мобил илова шакллари амалиётга жорий этилган.

Бугунгача “Адолат” нашр белгиси билан мамлакатимизда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг кодекслари, қонунлари, уларга шарҳлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами” расмий даврий нашрлари, ҳуқуқшуносликнинг турли соҳаларига оид илмий, илмий-оммабоп адабиётлар, дарслик, ўқув қўлланмалари, бадиий-детектив нашр этилиб, аҳолига етказилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг 1013-сон қарори билан Марказ томонидан мазкур қарорда белгилаган давлат органлари ва ташкилотларига қонун ҳужжатларини ҳимояланган алоқа каналлари орқали етказиб бериш тизими йўлга қўйилган. 

Шу кунгача китобхонлар ҳуқуқий адабиётлар ва бошқа нашрларни Марказнинг ўзидан шартнома орқали ёки “Юридик адабиётлар” дўконидан харид қилиб олишган бўлса, 2019 йилдан бошлаб Марказ томонидан чоп этиладиган китобларни онлайн буюртма орқали манзилга етказиш, аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Айни вақтда Марказда нашр этилган Ўзбекистон Республикаси кодекслари, қонунлари, юридик ва бошқа турдаги адабиётларни китобхонлар www.adolatmarkazi.uz интернет дўконидан сотиб олишмоқда.

Миллий қонунчилик базаси фойдаланувчиларини янги қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларининг матни, қонунчиликдаги ўзгаришлардан тезкор хабардор қилиш мақсадида Марказ янги лойиҳалар устида ишламоқда. Хусусан, эндиликда хорижий инвесторларни қизиқтирадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, туризм соҳасига, инвестиция киритишга оид қонун ҳужжатларини инглиз тилига таржима қилган ҳолда базага жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”) сайтида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий матнларини нашр қилиш учун махсус бўлим яратилган. Унда ҳужжатни ҳамда ахборот-таҳлил материалларини “PDF” ва “WORD” форматларда кўриб чиқиш имконияти мавжуд. Яна бир янгилик – Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”) сайтининг дизайни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қидириш ва ўқишга бўлган замонавий ёндашувлар асосида яхшиланди. Кўзи ожиз фойдаланувчилар учун сайтда қўшимча функциялар ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Бундан ташқари, сайтга Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари ўзбек тилида лотин графикаси асосида жойлаштирилди, сайтнинг мобиль дастури “аndroid” операцион тизимида ишлайдиган телефонлар учун ҳам янгиланди, ҳамда “IOS” операцион тизимида ишлайдиган телефонлар учун мобиль илова ишлаб чиқилди.

Бу ерда гап Адлия вазирлиги томонидан фойдаланувчиларга қулайлик яратиш ва тезкорликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”)нинг “IOS” ва “андроид” операция тизимига эга бўлган телефонлар учун мобиль иловаси тўғрисида кетмоқда. Хусусан, илованинг асосий саҳифасида “Конституция, кодекслар, қонунлар, календарь, янгиликлар ва қидирув”га кириш мумкин. Масалан, “календарь” орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чоп этилган ой ва кунларни кўриш, “публикация” бўлимида эса, уларнинг матнлари билан “РДF” ва “WORD” форматларда танишса бўлади. “Янгиликлар” бўлимида қабул қилинган энг сўнгги қонунлардан хабардор бўлиш мумкин, “қидирув” бўлими мобиль иловадан фойдаланувчиларнинг фикрлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, улар ҳеч қандай муаммосиз, тезкорликда норматив-ҳуқуқий хужжатлар билан танишиш имкониятига эгалар. Бундан ташқари, кўриб чиқилган актларни хотирада сақлаш ва уларни қайта кўриб чиқиш функциялари яратилган. Яна бир қатор бўлимлар танланган ёхуд кўрилган қонун ҳужжатлари рўйхатини ўз ичига олади, “қидирув” шакли ҳам оддий ва кенгайтирилган форматда берилган.

Ҳуқуқий ахборот тарқатиш тизимида бошқа манбалар билан бир қаторда ишончли ва аҳоли учун фойдаланишга қулай бўлган расмий манба сифатида Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”) ўзига хос ўрин тутади, албатта. Нашр этилган ижтимоий аҳамиятга эга, оммабоп адабиётлар ҳақида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказининг Telegram, facebook, instagram ижтимоий тармоқларидаги каналларига мунтазам равишда ахборот киритиб борилади. Бу эса, ҳар бир қабул қилинаётган Фармон, қарор, норматив-хуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини фуқароларга тезкорлик билан етказиш, уларни қизиқтирган саволлар, масалалар бўйича тушунтиришлар беришда таъсирчан омил бўлмоқда.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

“Адолат” миллий ҳуқуқий
ахборот маркази
бош мутахассиси