Yuqoriga

Ходимга етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги

Admin   28,08-2020 1307

Маълумки, ходим билан иш берувчи ўртасида меҳнат шартномасининг тузилиши тарафлар учун муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг вужудга келишига асос бўлади. Ушбу ҳуқуқ ва мажбуриятлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган бўлиб, ходимлар, иш берувчилар, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Асосий Қонунимиз ҳисобланмиш Конституциямизда белгиланганидек, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Меҳнат шартномасининг бир тарафи (иш берувчи ёки ходим) меҳнат соҳасидаги вазифаларни бажариши муносабати билан бошқа тарафга етказган зарарини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга мувофиқ қоплайди. Ходимга етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги хусусида сўз юритадиган бўлсак, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида етказилган зарарни тўлаш мажбурияти, унинг миқдори, тартиби ва муддатлари келтирилган. Хусусан, Меҳнат кодексининг 185 — 197-моддалари айнан мазкур масалага оид бўлиб, меҳнат шартномасининг бир тарафи ўзининг ғайриҳуқуқий айбли хулқ-атвори (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) натижасида бошқа тарафга етказган зарари учун моддий жавобгар бўлиши, бунда тарафларнинг ҳар бири ўзига етказилган моддий зарарнинг миқдорини исботлаб бериши шартлиги (Меҳнат кодексининг 186-моддаси) белгиланган.

Хўш, ходимга тўланиши лозим бўлган зарар қандай ҳолларда қопланади?

Ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ёки меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлиги натижасида ходимга, боқувчиси иш билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда эса, — унинг оила аъзоларига етказилган ҳар қандай зарар (шу жумладан, маънавий зарарни) иш берувчи томонидан тўлиқ ҳажмда тўланади.

Маънавий зарар (жисмоний ёки руҳий азоблар) пул шаклида ёки бошқа моддий шаклда ҳамда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда, ходим меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда эса, — иш берувчи ва вафот этган ходимнинг оила аъзолари ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда белгиланган миқдорда қопланади. Маънавий зарарни қоплаш юзасидан низо чиққан тақдирда, бу масала суд томонидан кўриб чиқилади.

Ходим меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганда иш берувчи томонидан етказилган зарар тўланадими?

Ходим меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилган барча ҳолларда ололмай қолган иш ҳақи иш берувчи томонидан тўланади. Бундай мажбурият, агар иш ҳақи ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилганлиги ва меҳнат низоларини кўрувчи органнинг бундай ишлар юзасидан чиқарилган қарори ўз вақтида бажарилмаганлиги, меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилганлиги, ҳар қандай йўллар билан ходимнинг шаънига доғ туширувчи маълумотлар тарқатилганлиги натижасида, башарти, бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаса, шунингдек, бошқа ҳолларда олинмай қолган бўлса, келиб чиқади.

Ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади. Ходимнинг илтимосига кўра суд ишга тиклаш ўрнига унинг фойдасига камида уч ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча ҳақни белгиланган тартибда ундириб бериши мумкин.

Ходимнинг соғлиғига етказилган зарар иш берувчига мажбурият юклайдими?

Ходимнинг меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарар иш берувчи томонидан тўлиқ ҳажмда тўланиши шарт.

Ходимнинг иш берувчининг ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам меҳнатда майиб бўлиши, шунингдек иш берувчи томонидан ажратилган транспортда иш жойига келаётган ёки ишдан қайтаётган вақтда шикастланиши натижасида етказилган зарар учун иш берувчи моддий жавобгар бўлади.

Меҳнатда майиб бўлиш оқибатида ёки ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли ходимга етказилган зарарни иш берувчи, агар зарар унинг айби билан келиб чиқмаганлигини исботлаб беролмаса, тўлаши шарт.

Ўз меҳнат вазифаларини бажараётган вақтида юқори хавф манбаи натижасида ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни иш берувчи, агар зарар уни бартараф қилиш мумкин бўлмаган кучлар туфайли ёки жабрланувчи қасддан қилганлиги оқибатида келиб чиққанлигини исботлаб беролмаса, тўлаши шарт.

Тўланиши лозим бўлган зарар жабрланувчининг меҳнатда майиб бўлишига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобида, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига мувофиқ белгиланадиган ҳар ойлик тўловдан, соғлиғига шикаст етиши билан боғлиқ қўшимча харажатларнинг компенсациясидан, шунингдек белгиланган ҳолларда эса, — бир йўла бериладиган нафақа тўлашдан иборатдир.

Касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражаси ва жабрланувчининг қўшимча ёрдам турларига муҳтожлиги тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси томонидан аниқланади. Зарар ўрнини қоплаш учун тўловларни тайинлашда жабрланувчи олаётган иш ҳақи, стипендия, пенсия ва бошқа даромадлар ҳисобга олинмайди. Бунда меҳнатда майиб бўлган жабрланувчилар — ногиронларга зарарни қоплаш учун тўланадиган сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 17,6 фоизидан оз бўлиши мумкин эмас.

Боқувчининг вафот этганлиги муносабати билан зарар иш берувчи томонидан тўланадими?

Ходимнинг меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этса, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаб бериши шарт.

Ўн олти ёшдаги ва ундан катта ўқувчилар, ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқишни тугатгунларигача, лекин ўн саккиз ёшга қадар бўлган даврда, зарарни ундириш ҳуқуқига эгадирлар.

Бундан ташқари, боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни қоплашга бўлган ҳуқуқ, хотин(эр)нинг янгидан никоҳ тузган ҳолатларида ҳам сақланиб қолади. вафот этганнинг вояга етмаган болалари бошқа шахс томонидан фарзандликка олинганда ҳам уларнинг зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида, унинг ўзига ва унинг қарамоғида бўлган, лекин зарарни ундиришга ҳақли бўлмаган меҳнатга қобилиятсиз шахсларнинг улушини чегириб ташлаган ҳолда белгиланади.

Зарар тўловини олишга ҳақли бўлган шахсларнинг ҳар бирига тегишли бўлган зарар миқдорини аниқлаш учун боқувчи иш ҳақининг мазкур шахсларнинг ҳаммасига тўғри келадиган қисми улар сонига тақсимланади.

Агар вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахслар ҳам, унинг қарамоғида бўлмаган шахслар ҳам айни бир вақтда зарар тўловини олишга ҳақли бўлсалар, бундай ҳолда зарар тўловлари миқдори аввало марҳумнинг қарамоғида бўлмаган шахслар учун белгиланади. Улар учун белгиланган зарар тўлови суммаси боқувчининг иш ҳақидан чегириб ташланади, сўнгра иш ҳақининг қолган миқдоридан келиб чиқиб марҳумнинг қарамоғида бўлган шахслар учун қопланадиган зарар миқдори белгиланади. Бунда қарамоқдаги ҳар бир шахсга тегишли бўлган зарарни қоплаш суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 17,6 фоизидан оз бўлиши мумкин эмас. Ота-онанинг иккаласи ҳам вафот этган тақдирда, болаларга тўланадиган зарар миқдори ота-онанинг иккаласининг биргаликдаги иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки унинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, — иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

Бунда ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори жабрланувчининг йиллик иш ҳақидан, ходимнинг вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори эса, марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сонли қарори билан тасдиқланган Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидаларининг 30-бандига мувофиқ, соғлиқ шикастланганлиги туфайли бир йўла бериладиган нафақа олингандан кейин ходим меҳнат билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши муносабати билан вафот этган тақдирда, иш берувчи вафот этганнинг камида бешта ўртача йиллик иш ҳақи миқдорида бир йўла бериладиган нафақа тўлаши шарт.

Бундан ташқари, Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ–4652-сонли қарори билан тасдиқланган Коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмаганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган қўшимча тўловлар миқдорида:

коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга тўланадиган бир марталик тўлов миқдори — 100 миллион сўм;

коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига тўланадиган бир марталик тўлов миқдори — 250 миллион сўм этиб белгиланган.

Ходимнинг мол-мулкига етказилган зарар учун иш берувчи моддий жавобгар бўладими?

Меҳнат шартномасида белгиланган вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги натижасида ходимнинг шахсий буюмлари ёки бошқа мол-мулкига зарар етказган иш берувчи бу зарарни натура ҳолида қоплаши лозим. Зарарни натура ҳолида қоплашнинг иложи бўлмаган тақдирда ёки ходимнинг розилиги билан мол-мулкнинг қиймати шу жойда амалда бўлган баҳо бўйича тўла ҳажмда қопланади.

Ходимга етказилган зарарни ундиришга доир ишларни кўриб чиқиш тартиби қанақа?

Зарарни ундириш ҳақидаги аризани иш берувчига жабрланувчи ходим, ходим вафот этган тақдирда эса, — зарар тўловини олишга ҳақли бўлган манфаатдор шахслар беради.

Иш берувчи аризани кўриб чиқиши ва ариза тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида тегишли қарор қабул қилиши шарт.

Иш берувчининг ходимга зарарни тўлаш ҳақидаги буйруғининг нусхаси ёки рад этиш ҳақидаги далил-асосли ёзма жавоби у қабул қилинган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида ходим ёки манфаатдор шахсларга топширилади.

Ходим ёки манфаатдор шахслар иш берувчининг қарорига рози бўлмаган ёки белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда, улар мазкур низони ҳал қилиб бериш учун судга мурожаат қилишлари мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, меҳнат қонунчилиги ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишига, барча аҳолининг моддий ва маданий турмуш даражаси юксалишига хизмат қилиб келмоқда. Ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг кафолатланганлиги фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқлари таъминланишига эришилмоқда.

 

Б. Турғунов,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси