Yuqoriga

Фуқаролик жамиятида қонунчилик маданияти

Admin   29,08-2020 922

Бугун Ўзбекистон халқи ўзининг руҳиятини, этнопсихологик муҳитини содир бўлаётган ўзгаришларга хос тарзда мослаб бормоқда. Демократик жамият қурилиши, уни ривожлантириш ва модернизация қилиш, фуқаролик жамияти институционал органларини шакллантириш, янги босқич сифатида “Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга ошириш каби ислоҳий ўзгаришларни амалий ҳаёт тарзига тўлиқ ўзлаштириш зарур. Бунда аввало жамият аъзоларининг кечаётган жараёнларни нафақат ақлий, чуқур балки руҳий қабул қилиши ҳам мақсадга мувофиқдир.

Жамият моддий дунёнинг бир қисми сифатида кишилар ҳаётий фаолиятини ташкил қилади. Зеро шахс ва жамиятнинг ўзаро муносабатлари турли тарихий даврларда турлича бўлиб, шахс маданияти билан ўз навбатида жамият маданияти ҳам шаклланиб боради.

Тарихга назар ташлар эканмиз, қадимги Турон заминида қонунчилик маданияти, ҳуқуқ маданияти милоддан аввалги 3-4 минг йилликлардаёқ шаклланганлигининг гувохи бўламиз. Турон замини қонунчилик тарихига бой бўлиб, энг қадимги қонунларнинг намуналари, диний-ҳуқуқий таълимотлари, мактаблари шаклланган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё халқларининг қадимги қонунчилик маданиятини ўрганишда тан олинган муҳим манба бўлиб “Авесто” китоби ҳисобланса, “Темур тузуклари” Марказий Осиёда конунчилик маданиятини ривожлантирган яна бир муҳим манбадир.

Биз бундай мисоллардан яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Жамиятда қонуннинг устуворлиги бу унинг ҳуқуқий маданият билан мустаҳкамланиши, фуқароларнинг унга манфаатли ёки манфаатсизлигидан қатъий назар қонунга риоя этилишида намоён бўлади.

Бугунги кунда аҳолининг айниқса ёшларнинг ҳуқуқий билим ва салоҳиятини ошириб бориш билан бирга уларннг ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириб бориш долзарб вазифалардан бирига айланиб бормоқда. Ҳар қандай давлат дунё андозаларидан келиб чиқиб ўз жамиятида вужудга келтирилган қонунларни хаёт заруратига айлантириши даркор. Зотан, ҳуқуқ жамият аъзолари эркинликларини рўёбга чиқаришнинг муҳим шарти, у инсоннинг ўзи яшаётган жамият, давлат доирасидаги хатти-ҳаракатлари меъёри, чегарасини белгилаб беради.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, инсон ҳуқуқий жиҳатдан қанча билимдон, ҳуқуқий маданиятли ва маънавиятли бўлса у мафкуравий-маърифий жиҳатдан ҳам шунчалик мукаммал бўлади. Ана шу мафкуравий омил асосида жамият тараққиёти тезлашади, миллат юксалиб, мамлакат ривожланиб боради.

 

З.Носирова

Бош маслаҳатчи