Yuqoriga

Фарзандликка олиш ҳақидаги қонун лойиҳаларини такомиллаштириш замон талаби

Admin   09,09-2020 980

Ўзбек миллий қонунчилигида фарзандликка олиш институтининг жорий қилинганлиги ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 151-моддасига кўра, фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади.

Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.

Яъни, фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича алоҳида иш юритиш тартибида, фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, шунингдек прокурор иштирокида суд томонидан кўриб чиқилади.

Миллий қонунчилигимизга мувофиқ мазкур тоифадаги ишлар ёпиқ суд мажлисида кўрилади ва ишга алоқадор бўлмаган шахсларнинг суд мажлисига киришига руҳсат берилмайди. Суд мажлисида қатнашган шахслар фарзандликка олиш сирини қонунда белгиланган тартибга зид равишда ошкор қилса, жиноий жавобгарликка тортилишлари ҳақида огоҳлантирилади.

Мазкур тоифадаги ишлар судлар томонидан кўриладиган фуқаролик ишларининг салмоқли қисмини ташкил қилади. Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судлари томонидан 2019 йил давомида фарзандликка олиш тўғрисидаги аризалар бўйича жами 149 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 143 та фуқаролик иши бўйича аризалар қаноатлантирилган,
2 та фуқаролик иши қаноатлантиришдан рад қилинган, 4 та иш бўйича аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Юқорида қайд қилинган таҳлиллар шуни кўрсатадики, аксарият ҳолатларда фуқароларнинг фарзандликка олиш ҳақидаги аризалари фуқаролик судлари томонидан қаноатлантирилади. Аммо миллий қонунчилигимизда фарзандликка олишни истисно қиладиган ҳолатлар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 152-моддасига мувофиқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар, қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар, фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар, қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар вояга етмаган болаларни фарзандликка олишлари мумкин эмас.

Хорижий давлатлар қонунчилигида ҳам фарзандликка олиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Хусусан, аксарият хорижий давлатларда фарзандликка олувчиларга нисбатан ёш цензи белгиланган бўлиб, уларнинг судланганлик ҳолатига деярли эътибор берилмайди.

Жанубий Корея қонунчилигига мувофиқ, фарзандликка олувчиларнинг ёши 25-45 ёш оралиғида бўлиши керак. Турмуш қурмаган ҳамда бир мартадан кўп ажрашган шахсларга болаларни фарзандликка бериш тақиқланади. Шунингдек, фарзандликка олувчи эр-хотин олий маълумотли бўлиши ҳамда уларнинг никоҳ қурганликларига камида уч йил бўлган бўлиши керак.

Германия қонунчилигига мувофиқ, вояга етмаган болалар фақат қонуний турмуш қурган эр-хотинларга фарзандликка берилади. Фарзандликка олувчиларнинг ёш цензи эса аёллар учун – 21 ёш, эркаклар учун –  25 ёш қилиб белгиланган.

Хитой Халқ Республикасининг “Фарзандликка олиш тўғрисида”ги қоидаларига кўра, фарзандликка олувчиларнинг ёши 30-50 ёш оралиғида бўлиши лозим. Шунингдек, болалар ўзаро никоҳда ҳамда мазкур никоҳда икки йилдан бери яшаб келаётган ва аввал икки мартадан ортиқ никоҳдан ажрашмаган шахсларга фарзандликка берилади. Ўзаро никоҳда бўлмаган якка шахсларга, шунингдек тана оғирлиги белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган шахсларга фарзандликка бериш тақиқланади.

Ҳозирги кунда суд амалиётида фарзандликка олувчиларнинг судланганлик ҳолати мавжудлиги, гарчи судланганлик муддатилари ўтиб кетган бўлса-да, болаларнинг фарзандликка олинишига жуда катта тўсиқ бўлмоқда. Чунки, қонунда фарзандликка олишни истисно қиладиган мазкур асос умумий белгиланган.

Хусусан, Ўзбекистон Ресубликаси Жиноят кодексининг 77-моддасига кўра, судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.

Мазкур қонун қасддан содир қилган жиноятлари учун ҳукм қилинган шахсларнинг судланганлик муддати ўтиб кетганлиги ёки уларнинг судланганлиги олиб ташланганлиги олдинги барча ҳуқуқларининг тикланганлигини англатади. Аммо, оила қонунчилигига мувофиқ, судланганлиги ҳолати тугаган ёки олиб ташланган шахслар вояга етмаган болаларни фарзандликка олиши мумкин эмас. Бу эса, кодекслар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликни вужудга келтиради.

Зеро, амалиётда бола ўгай ота ёки она билан бир оила бўлиб яшаётган, болани она (ота)си ҳам турмуш ўртоғига болани фарзандликка беришга рози бўлган, лекин шахс қасддан жиноят содир этганлиги учун илгари ҳукм қилинган ҳолатлар ҳам кўплаб учрамоқда. Масалан, иқтисодиёт ёки экология соҳасидаги жиноят ва бошқа. Ушбу қонун нормаси эса вояга етмаган болани қонуний йўл билан шу шахсга фарзандликка беришга йўл қўймайди.

Фикримизнинг асоси сифатида фуқаролик судида кўрилган қуйидаги фарзандликка олиш ҳақидаги фуқаролик ишини мисол қилишимиз мумкин (фуқаролик ишидаги шахсларнинг исм-шарифи ва ҳолат ўзгартирилган).

Аризачилар Алимов Али Алимович ва Лазизова Лазиза Лазизовналар судга ариза билан мурожаат қилиб, унда улар 1981 йилда турмуш қуришганликларини, вояга етмаганлар 2003 йил 19 июль куни туғилган Ботиров Бобир Ботир ўғли ва 2006 йил 15 январь куни туғилган Ботирова Алиса Ботир қизилар уларнинг невараси бўлишини, вояга етмаганлар келини ва ўғлининг фарзанди бўлишини, болалар 2008 йилдан буён уларнинг тарбиясида эканлигини, невараларинг онаси Алимова Амина Али қизи 2008 йилда фарзандларини уларга ташлаб кетганлигини, набираларининг отаси эса 2009 йилда бошқа оила қурганлигини, набираларини уларга беришга отаси рози эканлигини, Алимова Амина Али қизи эса оналик хуқуқидан маҳрум қилинганлигини, уларнинг оиласи моддий жиҳатдан таъминланганлигини билдириб, уларга Ботиров Бобир Ботир ўғли ва Ботирова Алиса Ботир қизини фарзандликка беришни сўраганлар.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Алимов Али Алимович муқаддам ўзига ишониб топширилган давлат мулкини лозим даражада сақламаганлиги ва растратага йўл қўйганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва 172-моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилган. Лекин у бугунги кунда болаларга ўз отасидек ғамхурлик қилиб келмоқда. Болалар ҳам уни ота сифатида қабул қилган.

Суд юқоридаги ҳолатни инобатга олиб, қонун нормагарига асосланган ҳолда аризачиларнинг аризасини қисман қаноатлантириб, вояга етмаган Ботиров Бобир Ботир ўғли ва Ботирова Алиса Ботир қизиларни Лазизова Лазиза Лазизовнага фарзандликка берган, аммо Алимов Али Алимовичнинг судланганлиги борлиги учун вояга етмаган болаларни унга фарзандликка беришни рад қилган.

Назаримизда, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг
152-моддасида: “қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар” деган жумлани, “оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлар, шунингдек, оила, вояга етмаган болага,  аҳлоқ ва жинсий эркинликка қарши жиноят содир этганлар, деб кўрсатиш ҳамда “судланганлиги олиб ташланган ёки судланганлик муддати ўтиб кетган шахслар бундан мустасно”, - деган жумлалар билан тўлдириш мақсадга мувофиқ.

Мазкур таклифимизни Ўзбекистон Республикаси Олий суди орқали  Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этганмиз. Депутатларимиз мазкур масалага ўз муносабатларини  билдирадилар деган умиддамиз.

 

Фуқаролик ишлари бўйича
Навоий вилоят суди раиси:

Н.Н.Файзиев