Yuqoriga

Фахрийлар – эъзозимизда

Admin   06,05-2019 296

Халқимиз пиру бадавлат отахон ва онахонлар истиқомат қилувчи хонадонларни фариштали уй, деб улуғлаши бежиз эмас. Зеро, нуроний кексаларимиз ёш авлодга меҳр-оқибатни ўргатиб, оилаларда тотувликни, жамиятда барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. 

Ёши улуғ инсонларга алоҳида ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, саломатлигини асраш, бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар камолоти йўлида самарали фойдаланиш халқимизнинг эзгу қадриятидир. Адлия тизимида, хусусан, Марказда узоқ йиллар фаолият юритган меҳнат фахрийлари бўлган устозларимиз доимо эъзозимизда. Уларнинг ўгиту маслаҳатлари, ёшларга ўрнак бўлувчи ҳаёт мактаби, самарали иш тажрибаси шогирдлар учун ҳар қадамда зарур, албатта. 

Шу боисдан ҳам, Марказнинг меҳнат фахрийлари ардоқланиб, улар иштирокида турли тадбирлар уюштириш яхши анъанага айланган. Ўзига хос тарзда узоқ йиллар давомида шаклланган бу устоз-шогирдлик анъанаси негизида чин меҳримиз, аҳиллигимиз, бирдамлигимиз, юрак тўла самимий ҳиссиётларимиз мужассам аслида. Ёши улуғ устозларимизнинг ҳолидан доимий хабардор бўлиш, уларнинг дуоларини олиш, маслаҳатларини тинглаш бизга янада куч-ғайрат бағишлаб, элу юрт учун фидойи фарзанд бўлишга, халқ учун ҳалол хизмат қилишга ундайди.