Yuqoriga

ЭМАНСИПАЦИЯ ИНСТИТУТИ ВА ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Admin   29,08-2020 1353

Фуқаронинг муомала лаёқати – фуқароларнинг ўз ҳатти-ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқатидир. Тўла муомала лаёқати соҳиби қонун йўл қўйган исталган турдаги юридик ҳаракатларни қилиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 22-моддаси). Муомала лаёқатни бундай тушуниш, тўла муомалага қобилиятли фуқаронинг психологик етуклиги сабабли, унинг иштирокида амалга ошириладиган ҳаракатларнинг моҳияти ва уларнинг жисмоний, ахлоқий, психологик, ижтимоий ва бошқа оқибатларини тўлиқ англаши кераклигини англатади. Аммо, ёшга қараб, бундай етуклик дарҳол юзага келмайди. Инсон шахси аста-секинлик билан шаклланади, шунингдек, секин-аста шахслар фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланиш ва мажбуриятларни олиш имкониятига эга бўладилар. Шунинг учун ҳам фуқароларнинг муомала лаёқати секинлик билан вужудга келадиган жараён ҳисобланади.

Замонавий Ўзбекистон қонунчилиги меъёрларининг мазмунидан кўриниб турибдики, улар ёши улғайган ва шунга мос равишда юқори ақлий етукликка эришган сари вояга етмаган фуқарога ҳуқуқий муносабатларда мустақил равишда иштирок этиш учун тобора кўпроқ имкониятлар берилмоқда: 6 ёшдан 14 ёшгача балоғатга етмаган бола мустақил равишда майда маиший битимлар тузиши мумкин. Шунингдек, нотариал тасдиқлаши ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган битимлар, масалан, туғилган кунларда, Ҳайит ва Наврўз байрамларида ота-оналаридан, бобо-бувиларидан, яқин қариндошларидан, синфдошларидан бирон-бир совға (ҳадя) олиш ва ушбу нарсаларни тасарруф этиш борасидаги битимларни амалга оширишга ҳақлидирлар. Бундан ташқари, пул маблағларини тасарруф этиш бўйича битимларни амалга оширадиган, улар учун беғараз имтиёзларни олишга қаратилган битимларни қонуний вакиллар томонидан ёки учинчи томон қонуний вакилларининг розилиги берилган тақдирда амалга оширилиши мумкин. Бундай вояга етмаганлар номидан бошқа ҳар қандай операциялар уларнинг қонуний вакилларининг ўзлари томонидан амалга оширилади (ота-оналар, фарзандликка олувчилар, васийлар); 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган бола юқорида қайд этилган операцияларга қўшимча равишда ўз даромадларини мустақил равишда бошқариши, муаллифлик ҳуқуқи ва патент ҳуқуқларини, кредит ташкилотларидаги (банклардаги) омонатчилар ҳуқуқларини амалга ошириши мумкин. Вояга етмаганлар бошқа битимларни ҳам ўзлари амалга оширадилар, аммо уларнинг қонуний вакилларининг ёзма рухсати билан (ота-оналар, фарзандликка олувчилар, васий) 16 ёшга тўлган фуқаро кооператив аъзоси бўлиш ҳуқуқига эга.

Умумий қоидага кўра, фуқаронинг муомала лаёқати тўлиқ шаклланиши учун унинг ёши, яъни 18 ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 22-моддаси 1-қисми).

Маълумки, фуқаролик муносабати иштирокчиларининг ҳуқуқий мақомини белгилайдиган меъёрлар икки хил хусусиятга эга бўлишлари лозим. Яъни, фуқаролар ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлишлари шарт. Шу билан бирга, қонун вояга етмаганларга 18 ёшга тўлгунга қадар тўлиқ муомала лаёқатга эга бўлиш имкониятини беради. Бундай имконият вояга етмаган шахсда икки ҳолатда вужудга келади: 1) 18 ёшга тўлгунга қадар; 2) уни тўла-тўкис муомалага лаёқатли деб эълон қилгандан кейин.

Шу билан бирга, агар вояга етмаганнинг никоҳи бўлса, у автоматик равишда тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлди, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вояга етмаган шахс тўлиқ қонуний ваколатга эга деб эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 28-моддасида эмансипация ҳолатини белгилаш учун зарур бўлган шартлар рўйхати келтирилган: а) 16 ёшга тўлиш, б) меҳнат муносабатларига кириш ёки қонуний вакилларнинг розилиги билан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш. Ушбу қоида мазмунидан кўриниб турибдики, вояга етмаган фуқаро меҳнат муносабатларига кирганми ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганми, эмансипация ҳолатини белгилаш учун аҳамияти йўқ: иккаласи ҳам вояга етмаган бола эмансипация ҳолати белгиланишига йўл очиб беради.

Эмансипация учун яна бир асос (шарт) бу вояга етмаганнинг меҳнат муносабатларига киришидир. Қоида тариқасида, меҳнат шартномасини тузишга инсон умумий ёш (16 ёш) га этганидан кейин йўл қўйилади. Баъзи ҳолларда, 15 ёшга тўлмаган вояга етмаганни иш билан таъминлаш масаласи, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумийтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтларида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлгандан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Шу билан бирга, 16 ёшга тўлган вояга етмаганнинг меҳнат муносабатларига кириш, агар ўқув жараёни бузилган бўлса, барча ҳолатларда унинг манфаатларига мос келмаслиги эҳтимолдан ҳоли эмас, чунки бу таълим соҳасининг сифати пасайишига олиб келади.

Шу сабабли, қонуний вакилнинг 16 ёшдан ошган вояга етмаганлар учун ҳам меҳнат шартномасини тузишга розилигини таъминлайдиган умумий тартибни ўрнатиш мақсадга мувофиқдир, чунки, ушбу норма Ўзбекистон Республикаси Коснтитуциясининг 64-моддасида алоҳида белгилаб қўйилган, яъни ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга жавобгардир деб белгилаб қўйилган. Вояга етмаганнинг меҳнат муносабатларида, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишда, балоғат ёшига етмаган шахснинг ўз фаолиятини мустақил олиб бориш учун зарур бўлган қобилият даражасига етганлигини англатмайди. Шу сабабли, меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи, меҳнат ёки тадбиркорлик фаолияти давомийлигини ҳисобга олмасдан ва молиявий мустақиллигини баҳоламасдан, унга тўлиқ муомала лаёқатини берадиган вояга етмаган ёшларнинг манфаатларини кўзлаб, уни амалга ошириш керак.

Шу билан бирга, ушбу институтни қўллаш амалиётида дуч келган муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, эмансипация ҳолати умумий қоидадан истисно бўлиб, ҳаракатнинг универсал қўлланмаси сифатида қаралмаслиги керак. Эмансипация процедурасини амалга ошираётганда, ушбу институт ақлий етуклиги маълум даражага этган фуқароларнинг айрим тоифалари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилганлигини ҳисобга олиш керак, бу эса уларга ўз ҳаракатларига маъсулият билан жавоб беришга имкон беради.

 

Б. Қодиров

Бош маслаҳатчи