Yuqoriga

ОИЛА АЪЗОЛАРИ ВА БОШҚА ШАХСЛАРНИНГ АЛИМЕНТ МАЖБУРИЯТЛАРИ

Admin   27,08-2020 703

Алимент бу – ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш мажбурияти ҳисобланади.

Алимент тўлови ота-она ва болалар, вояга етган болалар ва ота-оналар, ажрашган эр-хотин, ака-укалар ва қариндошлар ўртасида бўлиши мумкин.

Қуйида алимент тўловининг турларини кўриб чиқамиз.

Кўп ҳолларда ота ёки она билан бола ўртасида алимент муносабатлари амалга оширилади.

Вояга етмаган болага алимент тўлаш тартибини ота-она ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақли. Ушбу мажбурият ихтиёрий равишда бажарилмаса ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир этиб белгиланган. Тўлов алименти судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.

 Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.

Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — 1/4 қисми; икки бола учун — 1/3 қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ½ қисми миқдорида ундирилиши белгилаб қўйилган.

Алимент тўловлари, аввало, болаларнинг таълими, сифатли овқатланиши, руҳан соғлом ва баркамол улғайишига хизмат қилиши қонунда белгилаб қўйилган.

Алимент тўлови фарзанд томонидан ота-онага нисбатан ҳам амалга оширилиши ҳам мумкин.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг ота-онасига таъминот бериш мажбурияти қонунда қуйидагича белгиланган.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Бундан ташқари,  эр-хотин  ўртасида алимент тўлаш мажбуриятлари ҳам қонунда белгилаб қўйилган. Улар ўртасида тўлов  тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.

Алимент тўлашдан бўйин товлайдиган қарздорларни жавобгарликка тортиш белгилаб қўйилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик 15 муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима солиниши мумкин.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади. Қарздорларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ҳам алимент тўлаш мажбурияти бажарилмаса, бу уларни жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ф. Халиков,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази етакчи маслаҳатчиси