Yuqoriga

“АДОЛАТ” – ҲУҚУҚ ТАРҒИБОТЧИСИ

Admin   30,05-2019 333

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази раҳбарияти иштирокида “Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинаётган қонунлари, уларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни кенг жамоатчиликка етказилишида “Адолат” ҳуқуқий ахборот марказининг ўрни”  мавзусида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Марказ ходимлари Акмалхон Инанбабаев, Қавомиддин Ҳужжатовлар сўзга чиқиб, Марказ фаолияти ҳақида маълумот бериб ўтишди.

Тадбирда таъкидланганидек, жамиятимиз ҳаётида юз бераётган ҳозирги ўзгариш, шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотлардан бирорта соҳа четда қолмаяпти. Матбуот, телевидение, радио ва интернет нашрларни кўздан кечирсангиз, ҳафтасига ўнлаб фармон ва қарорлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинаётганига гувоҳ бўласиз.

Жорий йилнинг 9 январида “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–5618-сон Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонда таъкидланганидек, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Фармонда ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурчларини, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини, одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланган.

Фармонда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш «шахс — оила — маҳалла — таълим муассасаси — ташкилот — жамият» принципи бўйича тизимли ва узвий равишда ташкил этилиши белгилаб берилди. Фармон, унга илова қилинган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси” ва уни 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да Адлия вазирлигига бир қатор устувор вазифалар юклатилди. Ўз ўрнида Адлия вазирлигининг аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминловчи тармоғи сифатида “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази томонидан ҳам мазкур Фармоннинг ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, йил бошидан буён Марказ ходимлари томонидан 400 га яқин ҳуқуқий тарғиботга оид тадбирлар уюштирилди. “Адолат” китоб кунлари” шиори остида Марказ томонидан республика бўйлаб китоб сайиллари ўтказилмоқда. Вилоят ва туман адлия бошқармаларида, ўқув муассасаларида, корхона ва ташкилотларда, аҳоли гавжум ҳудудларда ўтказилаётган кўчма китоб савдо-ярмаркаларида ёшу қари учун бирдек зарур бўлган ҳуқуқий адабиётлар, ижтимоий-сиёсий, бадиий-публицистик, жаҳон адабиёти дурдоналари, бадиий-детектив, мустақил сабоқлар бўйича китоблар ҳамда болалар адабиётлари ўз ўқувчиларини топмоқда.

Маълумки, аҳолига тезкор ҳуқуқий ахборот етказиш ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим омил бўла олади. Бугунги кунда Марказнинг Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси расмий канали – lex.uzдан ер шарининг деярли барча нуқталарида фойдаланилмоқда. Миллий қонунчилик базасига қонун ҳужжатлари умумҳуқуқий классификатор бўйича, яъни уларнинг тармоқ ва соҳаларга тааллуқлилигини ҳисобга олган ҳолда ўзбек, рус тилларида ҳамда лотин имлосида тезкорликда киритиб борилади. Таҳлиллар натижаларига кўра, унинг фойдаланувчилар сони бир кунда ўрта ҳисобда 30 мингдан ортмоқда. Хусусан, жорий йилнинг май ойига қадар Россия Федерациясида 108,1 минг, Англияда 12,6 минг, Қозоғистонда 6,7 минг, Украинада 12,4 минг, АҚШда 29,7 минг, Қирғизистонда 3,6 минг, Германияда 6,1 минг, Жанубий Кореяда 3,3 минг, Беларусияда 2,8 минг, шунингдек, Ўзбекистонда 2 млн. 300 минг фойдаланувчи Марказнинг Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига мурожаат қилган. Фойдаланувчиларга қулай бўлиши учун унинг “android” ва “ios” мобил илова шакллари амалиётга жорий этилган. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасининг дастурий таъминоти такомиллаштирилиб, сайтнинг ишлаш тезлиги янада яхшиланди, натижада фойдаланувчиларнинг умумий сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,22%га ортди. “Telegram” тармоғидаги “LexUZ” канали ҳозирда 22 мингдан ортиқ, “facebook” тармоғидаги канали 5 мингдан ортиқ фойдаланувчи аудиториясига эга.

Бугунгача “Адолат” нашр белгиси билан мамлакатимизда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида 900 га яқин номда қарийб 10 миллион нусха адабиётлар нашр этилиб, аҳолига етказилди. Улар орасида Ўзбекистон Республикасининг кодекслари, қонунлари, уларга шарҳлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами” расмий даврий нашрлари, ҳуқуқшуносликнинг турли соҳаларига оид илмий, илмий-оммабоп адабиётлар, дарслик, ўқув қўлланмалари, бадиий-детектив китоблар бор.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг 1013-сон қарори билан Марказ томонидан мазкур қарорда белгилаган давлат органлари ва ташкилотларига қонун ҳужжатларини ҳимояланган алоқа каналлари орқали етказиб бериш тизими йўлга қўйилган. 

Нашр этилган ижтимоий аҳамиятга эга, оммабоп адабиётлар ҳақида “Адолат” ҳуқуқий ахборот марказининг Telegram, facebook ижтимоий тармоқларидаги каналларига мунтазам равишда ахборот киритиб борилади. Бу эса, ҳар бир қабул қилинаётган Фармон, қарор, норматив-хуқуқий хужжатларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини фуқароларга тезкорлик билан етказиш, уларни қизиқтирган саволлар, масалалар бўйича тушунтиришлар беришда таъсирчан омил бўлмоқда.

Шу кунгача китобхонлар ҳуқуқий адабиётлар ва бошқа нашрларни Марказнинг ўзидан шартнома орқали ёки “Юридик адабиётлар” дўконидан харид қилиб олишган бўлса, 2019 йилдан бошлаб Марказ томонидан чоп этиладиган китобларни онлайн буюртма орқали манзилга етказиш, аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Айни вақтда Марказда нашр этилган Ўзбекистон Республикаси кодекслари, қонунлари, юридик ва бошқа турдаги адабиётларни китобхонлар www.adolatmarkazi.uz интернет дўконидан сотиб олишмоқда.

Миллий қонунчилик базаси фойдаланувчиларини янги қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларининг матни, қонунчиликдаги ўзгаришлардан тезкор хабардор қилиш мақсадида Марказ янги лойиҳалар устида ишламоқда. Жумладан, эндиликда хорижий инвесторларни қизиқтирадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, туризм соҳасига, инвестиция киритишга оид қонун ҳужжатларини инглиз тилига таржима қилган ҳолда базага жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, янги нашрлар орқали аҳолининг турли қатламлари, ўқувчи ёшлар, болалар ва ўсмирлар, имконияти чекланган китобхонлар учун ҳам ҳуқуқий ахборот олиш имкониятлари кенгаяди.

Анжуман сўнгида Марказ мутахассислари томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,
Марказ бош мутахассиси