Yuqoriga

“Адолат” китоб кунлари

Admin   12,04-2019 1027

“Адолат” китоб кунлари

Барча даврларда ҳам инсон ҳаёти учун энг зарур нарсалар қадрланиб, эъзозланган. Улардан энг муҳим ва азизи – нон, иккинчиси китобдир. Нон – инсон танасига куч-қувват берувчи моддий неъмат бўлса, китоб – ҳамиша инсоният учун маънавий бойлик, қудрат тимсоли бўлиб келган. Шу боис, халқимиз учун китобхонлик – маънавий давлатмандликдир. Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг таъбири билан айтганда: “Аждодларимиз қачонлардир илм излаб юрт кезган бўлса, биз бугун уйимизнинг остонасидан ҳам чиқишимиз шарт эмас, янгилик, ахборотнинг ўзи эшигимизни қоқмасданда уйимизга кириб келмоқда.”

Замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Ахборот технологиялар асрида ҳар қандай маълумотни интернетдан қидириш замон талабига айланди. Бугун кунда уйдан чиқмай туриб, исталган маҳсулотни, у озиқ-овқат маҳсулоти бўладими, маиший техника ёки кийим-кечакми буюртма қилиш имконияти мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази ҳам аҳолига ҳуқуқий ахборот кетказишда, китобхонлар билан мулоқотда китобхонликни тарғиб қилишнинг замонавий, одамлар учун қулай йўлларини қўлламоқда.

“Адолат” китоб кунлари” шиори остида Марказ томонидан пойтахтимиздаги аҳоли гавжум ҳудудларда кўчма китоб савдо-ярмаркалари ўтказилмоқда. Жумладан, Марказ жорий йилнинг апрель ойида “Makro” супермаркетлар тармоғи савдо дўконлари ёнида, ёшу қари бирдек зарур бўлган ҳуқуқий адабиётлар, ижтимоий-сиёсий, бадиий-публицистик, жаҳон адабиёти дурдоналари, бадиий-детектив, мустақил сабоқлар бўйича китоблар ҳамда болалар адабиётлари кўргазма-ярмаркалари ташкил қилишни режалаштирган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–5618-сон Фармони ва унга илова қилинган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси”, шунингдек, мазкур Концепцияни 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси юзасидан Марказ ходимлари томонидан йил бошидан буён 300 дан ортиқ ҳуқуқий тарғиботга оид тадбирлар уюштирилди. Уларнинг аксарияти оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилган бўлса, бир қатор таълим масканларида, ҳудудларда ўтказилаётган меҳнат ярмаркаларида ҳам Марказда чоп этилган ҳуқуқий адабиётлар ҳамда “Юридик адабиётлар” китоб савдо мажмуасида мавжуд турли мавзулардаги қизиқарли китоблар, болалар адабиётлари кўргазма-ярмаркалари ташкил этилиб, тарқатма материаллар билан ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқшунослар, давлат бошқаруви ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, ўқитувчилар, талабалар ва ҳуқуқий амалиёт билан шуғулланувчи ташкилот ходимларининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, 2019 йилдан бошлаб Марказ ҳуқуқий ва бошқа турдаги нашрларни онлайн савдо дўкони – www.adolatmarkazi.uz орқали тарқатишни йўлга қўйди. Мазкур интернет дўконнинг афзаллиги шундаки, ундан исталган шахс фойдаланиши, Ўзбекистон Республикасининг кодекслари, қонунлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари, кодексларга шарҳлар, бошқа юридик ҳамда Марказда чоп этилган бадиий адабиётларни ортиқча устамаларсиз, нашриёт нархида харид қилиши мумкин. Ушбу онлайн платформа орқали китобхонлар ўзи учун зарур бўлган китобни мамлакатимиз ҳудудидаги ўзи истаган манзилга етказиб беришни буюртма қилиши мумкин.

Аҳолига тезкор ҳуқуқий ахборот етказиш ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим омилдир. Бугунги кунда марказимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси расмий канали – lex.uzдан кунига 40 мингдан ортиқ киши фойдаланади. Унинг ахборот қидирув тизими фойдаланувчи учун қулай тартибда тузилган, муҳими, у ишончли расмий манба. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасининг дастурий таъминоти такомиллаштирилиб, сайтнинг ишлаш тезлиги яхшиланди. Фойдаланувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида унинг “android” ва “ios” мобил илова шакллари амалиётга жорий этилди.

Нашр этилган ижтимоий аҳамиятга эга, оммабоп адабиётлар ҳақида “Адолат” ҳуқуқий ахборот марказининг Telegram, facebook ижтимоий тармоқларидаги каналларига мунтазам равишда ахборот киритиб борилади. Бу эса, ҳар бир қабул қилинаётган Фармон, қарор, норматив-хуқуқий хужжатларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини фуқароларга тезкорлик билан етказиш, уларни қизиқтирган саволлар, масалалар бўйича тушунтиришлар беришда таъсирчан омил бўлаяпти.

Миллий қонунчилик базаси фойдаланувчиларини янги қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларининг матни, қонунчиликдаги ўзгаришлардан тезкор хабардор қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази янги йўналишдаги йўл харитаси асосида янги лойиҳалар устида ишламоқда. Жумладан, эндиликда янги нашрлар орқали аҳолининг турли қатламлари, ўқувчи ёшлар, болалар ва ўсмирлар, имконияти чекланган китобхонлар учун ҳам ҳуқуқий ахборот олиш имкониятлари кенгаяди. Ноширлик йўналишида кўп йиллик тажрибага эга Марказ ходимлари томонидан турли ёшдаги китобхонлар учун зарур ҳуқуқий, бадиий ва бошқа нашрлар чоп этиб келинмоқда. Бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ва тарбияланувчилари учун зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берувчи китоблар ҳам нашрга тайёрланмоқда.

 
Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,
Марказ бош мутахассиси