Yuqoriga

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ ВА ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИК

Admin   13,11-2020 119

Замонавий дунёда коррупция деярли барча давлатлар учун жиддий ва долзарб муаммо ҳисобланади. Коррупция трансмиллий ҳодисага айланиб, барча мамлакатлар жамияти ва иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсатмоқда, инсон ҳукуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келмоқда.

Бугун коррупцияга қарши курашиш халқаро аҳамиятдаги муҳим сиёсий масалага айланиб улгирди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, бу иллатга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилди. Қонунга мувофиқ коррупция тушунчасига шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши, деб таъриф берилган. Бунда мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳокимият ёки мансаб ваколатларидан ғаразли мақсадларда, жумладан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият бўлиб ҳисобланади. Мазкур тушунчадан келиб чиқиб, коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг асосий субъекти мансабдор шахс ҳисобланади. Аммо, жисмоний шахслар бундай жиноятларнинг асосий сабабчиларига айланишади ва қонунни билмаганликлари туфайли ўзларини жавобгарликдан ҳолиман, деб ўйлашади. Лекин қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси коррупция билан курашиш борасида қатор халқаро ҳужжатларга қўшилган. Масалан, 2008 йил 7 июлда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенциясини ратификация қилган. Шунингдек, Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши кураш ҳақида Декларация, Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши кураш Конвенцияси каби кўплаб халқаро ҳужжатлар ратификация қилинган.

Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар шароитида давлат қурилишининг мазмун ва моҳиятини аниқлаштириш, унинг мақсад ва вазифаларини бугунги тараққиёт асосида шакллантириш, инсон манфаатларини таъминлашда янги воситалар, усулларни қўллаш ҳамда шахс ва жамият манфаатларини самарали ҳимоя қилиш орқали коррупцияга қарши курашиш, уни олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш мумкин бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, деб бежиз таъкидламади.

Мамлакатимизда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жамият фаровонлигини таъминлашга, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг конституциявий ҳамда ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шундай келиб чиқиб таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашишнинг универсал усули мавжуд эмас, шунинг учун ҳар бир давлат, керак бўлса ҳар бир фуқаро ўз ички жиҳатларини эътиборга олиб, ўзининг қарши позициясини белгилаши лозим.

 

З.Носирова        

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси