Yuqoriga

Коррупция — жамият кушандаси

Admin   15,10-2020 190

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади. Давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади. Коррупцияга қарши ҳар ким ҳар доим курашиши, бу иллатнинг жамиятга, тараққиётга ва хавфсизликка катта таҳдид эканини ҳар бир онгли инсон чуқур англаши лозим. Коррупциянинг олдини олиш, унга барҳам беришда фақат давлат ва Хукуматнинг кучи билангина эришиб бўлмайди. Шунинг учун мазкур ижтимоий иллатга қарши бутун жамият, барча фуқаролар оёққа турмоғи, курашмоғи зарур. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан биридир.

Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларини самарали ечиш устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади”.

Табиийки, айрим кишиларда коррупция нима деган савол туғилиши мумкин. Бу ҳақда ҳамманинг ўзига хос фикри, тасаввури ва тушунчаси бор. Қонун тили билан айтганда, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Бу иллатга қарши курашиш – мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим воситаларидан бири бўлиб келмоқда. Мамлакатимизда коррупцияни енгиш, ҳокимият амалдорларининг ҳалол ишлашини таъминлаш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, халққа ва тадбиркорларга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида бир қатор Қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ва “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этиб, ўз натижаси ва самарасини бериб келмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди. Мазкур ҳужжатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган.

Қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари асосида ҳар бир вазирлик ва идорада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Адлия вазирлиги томонидан идоравий коррупцияга қарши курашиш, фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш,манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, умуман олганда коррупцияга қарши уруш эълон қилинган. Мақсад адлия тизимини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш. Давлат хизматлари агентлигида хизматлар кўрсатишнинг электрон ҳужжатлар айланмаси ҳажмининг ортиши, адлия органлари ва муассасалари фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар беришга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастурининг қабул қилиниши, “Ишонч телефон”ларининг (1008) ишга туширилиши, нотариат соҳасида видеокузатув, бармоқ сканерлаш тизими, смс-хабарнома каби инновацион ёндашувлар Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашнинг самарали ташкил этилганлиги, адлия органлари ва муассасаларида иш жараёнини фуқароларга аудио ва видеоёзувларга олиш имкониятининг яратилганлиги шулар жумласидандир.

Очиқликни таъминлаш, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида адлия органлари ва муассасалари томонидан телевидение ва радио, оммавий ахборот воситалари, газета ва журналлар орқали 7 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Бундан ташқари аҳолини, ходимларни адлия органлари ва муассасаларида коррупция ҳуқуқбузарликлари аниқланган тақдирда тезкор хабар қилишлари мақсадида @antikorbot телеграм мессенжери ишга туширилган бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

Адлия вазирлигининг Ўзбекистонда биринчидан бўлиб “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” бўйича халқаро стандарт сертификатини қўлга киритиши ҳам бежизга эмас албатта. Бу вазирликка берилган баҳо, бутун тизимнинг ютуғи, коррупцияга қарши олиб бораётган курашнинг натижасидир.

Коррупция – вайронкор куч, унинг оқибатида миллий иқтисодиёт издан чиқади, ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, ҳокимиятга ишонч йўқолади, жамият маънавияти бузилади. Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи — юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Сабаби бу иллатни йўқотмас эканмиз халқимизнинг рози-ризолигига, юртимиз равнақи, иқтисодиётимиз ўсиши ва энг муҳими жамиятимизда адолат туйғусини қарор топтириб бўлмайди. Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда ватандошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади.

Ушбу иллат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан коррупцияга қарши курашиш, бу иллатни барча соҳа ва жабҳалардан сиқиб чиқариш, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотининг вазифаси эмас, балки, шу давлат фуқароси, жамият аъзоларига бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланади. Шундай экан барчамиз ушбу иллатнинг авж олишига, ҳуқуқ ва манфаатларимизнинг бузилишига йўл қўймаслигимиз лозим.

 

Б. Турғунов,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси