Yuqoriga

Коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқий саводхонлик

Admin   27,07-2020 127

Ҳозирги кунда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш масаласи кўпгина давлатларда долзарб муаммолардан бирига айланган. Мамлакатимизда ҳам бу борада халқаро амалиётга таянган ҳолда миллий қонунчилигимизга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

         Назарий адабиётларда коррупция сўзининг маъноси лотин тилидан таржима қилинганда “сотиб олиш”, яъни давлат мансабдор шахслари, сиёсатчилар ҳамда жамоат арбобларини шахсий манфаат йўлида пора бериб ўз томонига оғдириб олиш маъносида ишлатилади. Бунда мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳокимият ёки мансаб ваколатларидан ғаразли мақсадларда, жумладан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият бўлиб ҳисобланади. Мазкур тушунчадан келиб чиқиб, коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг асосий субъекти мансабдор шахс ҳисобланади. Аммо, жисмоний шахслар бундай жиноятларнинг асосий сабабчиларига айланишади ва қонунни билмаганликлари туфайли ўзларини жавобгарликдан ҳолиман деб ўйлашади. Лекин қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди.

         Ҳозирги кунда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган кенг миқёсда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда, қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлардан бири 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунидир.  Мазкур Қонун билан жамиятдаги коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси коррупция билан курашиш борасида қатор халқаро ҳужжатларга қўшилган. Масалан, 2008 йил 7 июлда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенциясини ратификация қилган. Шунингдек, Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши кураш ҳақида Декларация, Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши кураш Конвенцияси каби кўплаб халқаро ҳужжатлар ратификация қилинган.

Коррупция билан курашиш борасида ривожланган мамлакатларнинг тажрибасига назар ташласак, турли давлатлар томонидан коррупцияга қарши курашишнинг турли хил методлари ишлаб чиқилганлигининг гувохи бўламиз. Улардан энг самаралилари эса қуйидагилардир:

  1. Давлатнинг иқтисодиётдаги минимал иштироки;
  2. Оммавий ахборот воситаларининг очиқлиги;
  3. Давлат бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги;
  4. Жамоатчилик назоратининг мавжудлиги ва бошқалар.

Ўзбекистон Республикасида ҳам юқорида санаб ўтилган методлардан самарали фойдаланиб келинмоқда. Хусусан, бир томондан, мамлакатда ижтимоий йўналишга эга бўлган бозор иқтисодиётини вужудга келтириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, бу орқали қўпгина давлат корхоналарининг хусусийлаштирилганлиги ва давлат тасарруфидан чиқарилганлиги, бошқа томондан, давлат томонидан ахборот соҳасида олиб борилаётган сиёсат Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган сўз эркинлиги ва фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқининг тўлиқ ва изчил бажарилишини таъминлашга қаратилганлиги фикримизнинг яққол исботидир.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунида жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқи кафолатлари таъминланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб коррупцияга қарши турли хил методлардан фойдаланган ҳолда курашиш мумкин. Лекин энг асосийси, жамият онгини ўзгартириш даркор. Бу борада фуқаролар орасида қўплаб тарғибот ҳаракатлари ўтказилиб келинмоқда.

Мамлакатимизда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жамият фаровонлигини таъминлашга, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг конституциявий ҳамда ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.  Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашишнинг универсал усули мавжуд эмас, шунинг учун ҳар бир давлат, керак бўлса ҳар бир фуқаро ўз ички жиҳатларини эътиборга олиб, ўзининг қарши позициясини белгилаши лозим.

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси

З.Носирова