Yuqoriga

“КЕКСАЛАР ҲАФТАЛИГИ” МАРОҚЛИ ЎТДИ

Admin   04,10-2019 111

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 816-сонил "Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига 2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди.

Мазкур қарорга кўра вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмаларида раҳбар ўринбосарларидан бири жамоатчилик асосида кексалар масалалари учун масъул сифатида “Фахрийлар кенгаши” фаолиятини мувофиқлаштириши белгиланди.

Шунингдек, қарорга меҳнат жамоаларида пенсияга чиқиш арафасида бўлган меҳнат фахрийларини тақдирлаш ва нафақага кузатиш тадбирларини ўтказиб бориш амалиёти жорий этиладиган бўлди.

Қарорга мувофиқ эндиликда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури асосида кекса авлод вакилларининг республика бўйлаб тарихий шаҳар ва зиёратгоҳларга саёҳати уюштирилади. Қарор билан, шунингдек, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари тўғрисида намунавий низом ҳам тасдиқланди. Ушбу гуруҳларнинг асосий мақсади кексаларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва бартараф этишдан иборатдир.

Юқоридаги қарор ижроси юзасидан "Адолат" ҳуқуқий ахборот марказида ҳам "Фахрийлар кенгаши" тузилди. Фахрийларга Марказ касаба уюшма қўмитаси томонидан баҳаво тоғлар бағрида жойлашган Хумсон тоғли ҳудудидаги "Апельсин" сиҳатгоҳида дам олиш учун йўлланма берилди.   

Фахрийларимиз сиҳатгоҳда кўнгилли хордиқ чиқаришди.

– Ҳар бир инсон меҳнатидан қадр топса кўнгли тоғдек юксалади, – дейди Марказимиз фахрийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Муаттар Асқарова. – Юртимизда устозлар байрами нишонланаётган кунларда сиҳатгоҳда дам олиб, ҳамкасблар билан суҳбатлашиб, бизга кўрсатилаётган эътибору эъзоздан ҳам қалбан, ҳам руҳан юксалдик. Кўнглимизда кечаётган шундай ҳислар юртимиздаги барча фахрийларимизнинг қалбидан ўтаётган бўлса ажаб эмас. Ҳурмат қилсанг, ҳурмат кўрасан, деб бежизга айтмаган доно халқимиз. Ёши улуғларга эътибору ҳурмат кўрсатаётган Ҳукуматимизга, марказимиз раҳбариятига ташаккур, деймиз, ёшларимизга ишларида куч-ғайрат тилаймиз!  

Устозларимиз ҳар қанча эътибору эъзозга лойиқ. Шунинг учун ҳам, Марказимизда "устоз-шогирдлик" муносабатлари анъанага айланган. Фахрийларимизнинг маслаҳатлари, йўл-йўриқлари ҳар бир ишда мададу қанот бўлса, уларнинг дуолари бизга яхши кайфияту куч-қувват бағишлайди, албатта.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

Марказ бош мутахассиси