Yuqoriga

Ижтимоий муҳофазага муҳтож ходимлар меҳнатини тартибга солишнинг қўшимча кафолатлари ва хусусиятлари

Admin   15,10-2020 208

Давлат ва жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири фуқароларнинг соғлом ва хавфсиз меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаш ҳисобланади. Тараққий этган кўпгина давлатларнинг тажрибаси меҳнатни муҳофаза қилиш маданиятини ривожлантириш ходимлар учун ҳам, иш берувчи ва давлат учун ҳам манфаатли эканлигидан далолат беради. Меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этмаслик меҳнат сифатини  ва унумдорлигини пасайтиради.

Шунингдек, ижтимоий муҳофазага муҳтож  ходимларнинг меҳнатига алоҳида ёндашилади. Хусусан, агар ходим  вақтинча меҳнатга   қобилиятсизлик булганида унга қуйидагича нафақа тайинланади.

 Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2002 йил 1 апрелдаги 21сон буйруги билан тасдикланган Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофик

  • умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида;
  • умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;
  • умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа барча ҳолларда белгиланган энг кам иш ҳақидан кам бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақида юқори бўлмаслиги лозим. Нафақа миқдори вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган кунгача, меҳнат дафтарчаси ёки унинг ўрнига берилган бошқа ҳужжат, шунингдек ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан берилган маълумотнома асосида ҳисобланган умумий иш стажига мувофиқ аниқланади.

Ўзбекистон республикаси меҳнат кодексига биноан  фарзанди уч ёшга тўлмаган  ва ҳомиладор аёлларга  бериладиган қўшимча кафолат ва имтиёзлар мавжуд. Булар қуйидагилар:

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳаққини камайтириш қонунга зид бўлиб, бундай ҳолатларда иш берувчи ходимни нега ишга олмаганини расмий хат орқали кўрсатиб бериши керак. Бундан ташқари, меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўлланиш мумкин эмас.

Аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилган.

 

Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

 Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқда бўладилар, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланадилар.

Бундан тшкари, ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларнинг кундалик иш вақти қисқартирилган ҳоллардаги меҳнатига ҳақ кундалик иш вақти тўлиқ бўлган чоғда тегишли тоифадаги ходимларга бериладиган миқдорда тўланади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга камида ўттиз календарь кундан иборат йиллик таътил берилади ва улар бу таътилдан ёз вақтида ёки йилнинг ўзлари учун қулай бўлган бошқа вақтида фойдаланишлари мумкин.

Хулоса қилиб айтганда,  ижтимоий муҳофазага муҳтож ходимлар меҳнати учун қонунда қўшимча имтиёзлар (қўшимча суғурта, ёрдам пуллари, ижтимоий таъминот, қўллаб-қуватлаш, ижтимоий хизмат кўрсатиш) ва енгилликлар белгилаб  қўйилган.

Ф. Халиков

Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳодими