Yuqoriga

Фуқаролик кодексини такомиллаштиришнинг айрим масалалари

Admin   26,03-2020 87

Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида назарда тутилган айрим масалалар хусусида фикр юритилиб, таҳлил қилинади. 

Фуқаролик қонунчилиги иқтисодий ҳаётнинг энг муҳим муносабатларини тартибга солади десак, қайсидир маънода тўғри бўлади. Бу маъно шундаки, бошқа қонунчилик тармоқлари факултатив – қўшимча хусусиятга эга бўлса, фуқаролик қонунчилиги – асосийлардан биридир. Ҳар ким ҳам жиноят, жиноят-ижроия, ҳаво, шаҳарсозлик, бюджет, божхона, солиқ, мудофаа қонунчилиги билан тўқнашаравермаслиги мумкин, лекин деярли ҳар бир шахс фуқаролик ҳуқуқи билан юзма-юз келади. Оддийгина айтсак, транспортга чиқиб, билет олишмиз билан фуқаролик-ҳуқуқий маносабат фаоллашади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, фуқаролик қонунчилигининг муносабатларни тартибга солишдаги роли ва унинг замон ҳамда макон руҳига мос бўлиши жамият ва давлат учун аҳамиятлидир. Биз Сизнинг эътиборингизни тортмоқчи бўлган масала ҳуқуқий асос, яъни ҳуқуқий ҳужжатдир.

Фуқаролик қонунчилигини ислоҳ қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги Ф-5464-сонли “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Мазкур фармойиш билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Фармойишда 1995-1996 йилларда қабул қилинган амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси “ўтиш даври”нинг кенг кўламли ўзгаришларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнаганлиги ва мамлакатда бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратишга имкон берганлиги қайд этилган. Шунигдек, иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши бўйича ўтказилган таҳлил асосида Фуқаролик кодексида, авваламбор, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, халқаро рейтингларда мамлакат ўрнини яхшилашга салбий таъсир кўрсатувчи жиддий камчилик ва бўшлиқларни аниқланганлиги эътироф этилган.

Ушбу масала юзасидан 2018 йилнинг 12 июль куни Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилган эди. Мазкур давра суҳбатида ҳам Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришдан мақсад 1996 йилдан буён амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини бугунги кун талабларига мослаштириш, тезлик билан ривожланиб бораётган жамиятимизда янги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини кодексда акс этдириш эканлиги таъкидлаб ўтилган. Хусусан, ҳозирда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари аллақачон кириб келган бўлсада, кодекс ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш билан боғлиқ муносабатларни деярли тартибга солмаётганлиги, жадаллик билан ривожланаётган электрон тижорат бозорининг ҳуқуқий асослари ҳам Фуқаролик кодексида мавжуд эмаслиги камчилик сифатида эътироф этилган эди .

Фармойишда ва у билан тасдиқланган Концепцияда Фуқаролик кодексининг камчиликлари ва уни такомиллаштириш юзасидан бир қанча аҳамиятли вазифалар ҳамда таклифлар айтиб ўтилган. Шундан келиб чиқиб, мазкур мақолада Сизнинг эътиборингизни Фармойишда қайд этилган айрим масалаларга қаратмоқчимиз.

Концепцияда Фуқаролик кодексида “тижорат таваккалчилиги”, “хўжалик юритувчи субъектлар тенглиги”, “адолатли компенсация”, “шартномавий мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш” каби анъанавий фуқаролик-ҳуқуқий институтлар мавжуд эмаслиги айтиб ўтилган. Ҳа, албатта, бир томондан юқорида зикр этилган институтлар Кодексда алоҳида модда ёки бошқача таркибий қисм сифатида кўрсатилмаган бўлиши мумкин. Аммо, иккинчи томондан, Фуқаролик кодексида акс этган кўпгина нормалар мазмунида уларни учратиш мумкин. Уларнинг кодексда алоҳида норма сифатида кўрсатилмаганлиги, тизимлаштирилмаганлиги эса, кодексни такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Масалан, тижорат таваккалчилиги! Пудрат шартномаси тўғрисида қоидаларда таваккалчилик тўғрисида нормалар белгиланган. ФК 631-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар қонун ҳужжатларида ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади. 669-моддага кўра эса, агар шартномада тарафлар бошқача тартиб ва шартларни белгилаб қўйган бўлмасалар, шартномада назарда тутилган объектни ёки ишлар мажмуини пудратчи ўз ҳисобидан суғурталаши шарт. Суғурталаш мажбурияти юклатилган тараф қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган тартибда иккинчи тарафга шартнома шартларига мувофиқ суғурта шартномаси тузганини тасдиқловчи далилларни, шу жумладан суғурта қилувчи, суғурта суммаси миқдори ва суғурталанган таваккалчиликлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилиши керак. Бундан ташқари, мазкур моддада белгиланган норма талаби асосида Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 20 декабрдаги 532-сон қарори билан “Объектларни давлат маблағлари ва Ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига барпо этишда қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида Низом” тасдиқланган. Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” (янги таҳрири) Қонунининг 3-моддасига асосан, “Тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.”. Умуман олганда, тижорат – бу таваккалчилик. Таваккалчилик атамаси қонунчиликда мавжуд бўлса-да, унинг тушунчаси, турлари, таваккалчиликни бошқариш ва олдини олиш, суғурталаш каби масалалар қонунчиликда белгиланмаган.

Шу сабабли бу борада ягона умумий бирлашган қоидаларни ишлаб чиқиш талаб этилмоқда. Бу борада киритиладиган янги нормаларни Халқаро савдо қоидалари – Incoterms (International commercial terms) шартлари асосида ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мазкур ҳужжатда тижорат таваккалчилиги ва уни олдини олиш билан боғлиқ халқаро қоидалар ҳам белгиланган.

Хўжалик юритувчи субъектлар тенглиги. Бу борада ҳам қонунчиликда умумий қоидалар йўқ эмас. Ўзбекистон Конституциясининг 53-моддасига кўра, Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Фуқаролик кодексининг 1-моддасида белгиланганидек, Фуқаролик қонун ҳужжатлари улар томонидан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглигини эътироф этишга асосланади. Хўжалик юритувчи субъектлар тенглиги Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” (янги таҳрири) Қонуни 18-моддаси ва бошқа бир нечта моддаларида эътироф этилган. Тенглик бузиладиган энг асосий нуқталар эса, кимларгадир имтиёзлар бериш ва монополияга йўл қўйишдир.

Шу сабабли янги фуқаролик нормаларини бу борада шаффофликни таъминлаш, коррупцияга йўл қўймаслик тамойиллари асосида ишлаб чиқиш зарур бўлади. Токи иқтисодий соҳа ҳақиқатдан ҳам табиий ривожлансин, монополия эса йўқолсин. Бу борада кодексда белгиланган товарлар, ишлар ва хизматларнинг эркин муомалада бўлиши қоидалари халқ манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқилсин. Хусусан, автомобил саноатида монополияга чек қўйилиб, фуқаролар истаган транспорт воситасини истаган жойидан сотиб олсин.

Шартномавий мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш. Аслида “Шартномавий мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш” тушунчасини фуқаролик кодексида йўқ дея олмаймиз. У алоҳида ажратиб кўрсатилмаган бўлсада, Фуқаролик кодексининг нормаларига сингиб кетган. Кодекснинг 237-моддасида мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмаслиги қоидаси белгиланган. Демак, фуқаролик қонунчилигининг асосий қоидаларига кўра, мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Аммо қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно эканлиги ҳам таъкидланган. Шундай экан, бази ҳолларда, яъни қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади. Амалдаги Фуқаролик кодексида шундай қоидалар мавжуд.

Масалан, кодекс 337-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар қарздор ижрони кечиктириб юборганлиги туфайли кредитор учун унинг аҳамияти қолмаган бўлса, у ижрони қабул қилишдан бош тортиши ва зарарни тўлашни талаб қилиши мумкин. Бундай нормаларни кодекснинг умумий қисмидан ҳам, мажбуриятнинг алоҳида турларидан ҳам кўплаб топишимиз мумкин. Яна бир мисол, кодекс 396-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар сотувчи сотилган товарни сотиб олувчига топширишдан бош тортса, сотиб олувчи олди-сотди шартномасини бажаришдан бош тортишга ҳақли. Кўриниб, турибдики, “Шартномавий мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш” кодексда алоҳида боб ёки параграф сифатида ёзилмаган бўлсада, амалда турли моддалар таркибида сочилиб ётибди. Уларни бирлаштириб, умумий қоидалар сифатида боб ёки параграфда мустаҳкамлаш у тўғрисидаги яхлит институтни вужудга келтирган бўлар эди.

Концепцияда Фуқаролик кодексида кўп миқдордаги ҳаволаки нормаларнинг (80 га яқин) мавжудлиги кодекснинг тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжатга айланишига тўсқинлик қилаётганлиги ва унинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш борасидаги мақомини пасайтираётганлиги ҳам таъкидланган. Албатта ҳаволаки нормалар ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бир қисми бўлиб, ўрнида ишлатилишни талаб қилади. Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни 24-моддасига мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳаволалар ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш ёки такрорлашларга йўл қўймаслик зарурати бўлган ҳолларда қўлланилади. Ҳаволалар аниқ бўлиши ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёхуд унинг алоҳида қоидаларини кўрсатиши керак. Айтиш керакки, Фуқаролик кодексидаги аксарият ҳаволалар аниқ ҳужжатга эмас, шу соҳани тартибга солувчи умумий қонунчиликка қаратилган. Бу ҳаволалар кодекснинг ҳажми ошиб кетмаслиги нуқтаи назаридан тўғри қўлланилган жойлари бўлсада, бази ҳаволалар ўрнини кодекснинг ўзида тўлдириш имкони мавжуд ва шундай қилинса, кодекснинг тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида мақоми ортади. Фуқаролик кодекси 55-моддаси (Юридик шахсни тугатиш тартиби)нинг ўн биринчи қисмида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатиш, шунингдек уларни муассислари йўқлигида тугатиш таомили ва хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади, дейилган. Бу – ҳаволаки норма. Мазкур норма ижросини таъминлаш ҳамда тугатишга доир бошқа қоидаларни белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарори қабул қилинган ҳамда тегишли низомлар тасдиқланган (аслида ушбу низомлар олдинги бекор қилинганларнинг ўрнига қабул қилинган). Маълумки тугатиш тартиби асосан процессцал ҳаракатларни ўз ичига олади ва замон руҳига мос равишда ўзгариб туради. Шунингдек, ҳажм жиҳатидан ҳам кодексда катта жойни банд этиши мумкин. Агар ушбу низомлар бекор қилиниб, нормалар кодексга киритилса, биринчидан, ҳажми ошиб кетади, иккинчидан, кодексни тез-тез ўзгартиришга тўғри келади. Ўзбекистоннинг бутун қонунчилигига оид муаммо ҳам шунда аслида. Қоидалар ва тартиблар жуда тез ўзгариб туради, натижада кодекслар ва қонунларда фақатгина умумий, амалга ошириш механизми бўлмаган қоидалар ҳаракатсиз ҳолатда акс этиб тураверади.

Бошқа тарафдан, ҳаволаки нормалар билан берилган қоидаларни кодексда акс эттириш унинг ҳажм жиҳатидан катталашиб кетишига олиб келади. Масалан, 56-модданинг тўртинчи қисмида суднинг юридик шахсни банкрот деб ҳисоблаши асослари, шунингдек бундай юридик шахсни тугатиш тартиби қонунда белгиланади, дейилган. Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги (янги таҳрири) Қонуни шу қадар каттаки (192 моддадан иборат), унинг ўзи бир кодексни такил этиши мумкин.

Фуқаролик кодексида айрим ҳовалаки нормаларни кодекснинг ўзида тўлдириш ҳам мумкин. Масалан, кодекснинг 1073-моддасида муаллифлик муносабатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши белгиланган. Бу бўйича эса Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Кодекс ва Қонун нормаларини солиштирадиган бўлсак, Қонун деярли кодекс нормаларини такрорлайди. Умуман, кодекснинг интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ ҳаволаки нормалари ижроси учун қабул қилинган бир қанча қонунлар шундай ҳолатда. Уларни бекор қилиб, айрим қоидаларини кодексга олиб, ҳаволаки нормага эҳтиёж қолдирмаслик мумкин. Бизнингча, бундай ҳолатларда моддий ҳуқуқ нормаларини кодексга трансформация қилиб, қонуности ҳужжатларида фақатгина тез ўзгарувчан ва процессуал нормаларни қолдирган, бир вақтнинг ўзида қонуности ҳужжатларини қисқартирган маъқул. Бевосита амал қилдиган қонунларни ишлаб чиқиш ва қонуности, шу жумладан идоравий ҳужжатларини қисқартириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида ҳам назарда тутилган эди.

Умуман олганда, Фуқаролик кодексини Концепцияда назарда тутилган ва тутилмаган йўналишлар бўйича такомиллаштириш ижобий ўзгаришларни олиб келади. Дарвоқе, фармойишда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия 2020 йил 1 апрелга қадар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиши кераклиги белгиланган.

 

Адлия вазирлигининг “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази бош маслаҳатчиси Мирзаев Исломжон Хушназар ўғли