Yuqoriga

ЧЕГАРА...

Admin   28,06-2019 750

Чегара мураккаб тушунча. Ватан чегараси, ғурур чегараси, инсоф чегараси... Бугун биз шу мавзуларда озроқ фикрлашмоқчимиз сиз билан, азиз ватандош.

 

Ватан чегараси

“Ўз қадрини билмаган ўзганинг қадрин билурми”, деган гап бор халқимизда. Бу ўзбекона каломнинг мазмуни ҳар ким ўз тафаккурича тушунади. Агар гап Ватан мавзусига келса, ундан аввал она сўзини ёзишни хуш кўрамиз кўпчилигимиз – Она ВАТАН! Қандай ярашимли-а! Инсон тақдирини, инсон қадрини Ватан қадри белгилайди, албатта. Онасининг қадрига етмаган фарзанд охир-оқибат қадрсиз бўлганидек, Ватандаги тинчлик, осойишталик, фаровон ҳаётнинг қадрини билмаганлар ҳам афсусда қолишади охир-оқибат... Бунга тарих гувоҳ, йиллар гувоҳ!..

Бугунги бир қарашда тинч, аслида нотинч дунёда яшаётган ҳар бир замондошимиз ўз тақдири, бугуни, эртаси, келажаги ҳақида ўйлар экан, албатта, ўз ҳаётини жамият ҳаётидан айро тасаввур эта олмайди. Инсон тақдири Ватан тақдири билан шу қадар чамбарчас боғлиқли, у худди эт билан тирноқ, она билан бола кабидир.

Отасига, онасига қўл кўтарган, уни қадрламаган фарзанд ноқобил, нонкўр дейилади. Орамизда шундай одамлар ҳам бор, минг афсус... Минг афсуски, улар тинчгина яшай қолишса, майли эди... ўз ноқобиллиги билан ўзгаларнинг бахтига ҳам чанг солишса, бунга жим қараб бўладими?! Яхшиямки, баъзан инсоф деган ҳис уларни ўз ҳолига, ўзлилига қайтармоқчи бўлади.

1986 йилда туғилган, икки фарзанднинг отаси Умирзоқ Эшмўминов асли қашқадарёлик. У Шаҳрисабз туманида яшайди. У оиласи бағрида, тинчгина яшаётганди. Соддароқ айтганча, қора қозони қайнаб турганди. Нима бўлди-ю, унинг хаёлига хорижда ишлаб, кўпроқ пул топиш ташвиши тушиб қолди. Бу фикр қалбига ҳам ғулғула сола бошлади. Бўлмаса, у фуқаролик паспортини кимлигини ҳали сўрамай-нетмай танимаган бир одамининг қўлига тутқазиб қўярмиди?!

Ўзича бир олам режалар билан хорижда ишлашни ният қилган Умирзоқни аввал маҳалладоши Шароф, кейинчалик Руслан чув туширишди. Соддароқ мижоз топилганидан қувонган Руслан уни ўзи қўйган қопқонга осонгина туширди. 1989 йилда туғилган Дилшоджон Хуррамов ҳам асли қашқадарёлик, Умирзоқнинг маҳалладоши. У ҳам маҳалладошига ўхшаб Шарофнинг, Русланнинг гапларига ишонган ва алданиб қолган.

Ҳаммаси Умирзоқ билан Дилшодни Русланнинг шериги бўлган Шароф ўзинниг чиройли ваъдаларига ишонтирганидан бошланди. Бу уч маҳалладош ўйламай-нетмай ноқонуний йўллар билан Ватан чегарасини четлаб ўтиш билан боғлиқ жиноий ишга қўл уришди.

 

Ғурур чегараси

Шароф билан Русланнинг алдови Умирзоқ билан Дилшоднинг ғурурига тегди. Улар алданганларини анча кечроқ, қўшни Қозоғистон Республикасининг Олма-Ота шаҳрига қурилиш ишларида ишлаш учун боришгач, ойлик маошларини ола олмаганларидан кейинроқ билишди. Аммо, энди кеч эди, улар ўзлари четлаб ўтган Ватан чегарасидан ортга қайтай дейишса, қўлларида фуқаролик паспортлари йўқ! Одам савдоси жиноятчилигининг қинғир йўллари билан даромад топишга одатланиб қолган, бу борада катта тажриба тўплаган Руслан фирибгарликда анча устомон эди. У паспортини сўраб, ҳақини талашган икки маҳалладошга шарт қўйди. Шартга кўра, Умирзоқ билан Дилшод энди бошқа ватандошларимизни ҳам ўзларига ўхшаб чув тушириши керак эди...

Қаранг, жиноят тўри ҳам худди ўргимчак тўрига ўхшайди! Ўргимчак тўрига илинган ўлжа ноилож қолганидек, жиноят кўчасига кирган одам ҳам иложсизлик ботқоғига тушади ва аҳволи абгор бўлади.

 

Инсоф чегараси

Инсонда шундай бир туйғу борки, бу ҳис уни ҳар қандай балодан асрайди. Яратган инсонга берган бу фазилат инсофдир. Инсоф чегарасидан ўтганлар эса, ҳақиқий жиноят кўчасида қолиб кетишади.

Умирзоқ билан Дилшод Русланнинг таклифига кўнишмади. Алданиб қолишгач, нафси бошлаган йўлдан қайтиб, инсофга кирган бу икки йигит қочиш режасини тузишди.

Улар аслида ашаддий жиноятчи, фирибгар, ишчиларга худди сотиб олган қулидек бераҳм муносабатда бўладиган Русланнинг “Ўзбекистондан янги ишчиларни олиб келсанг, паспортингни бераман” деган гапига энди ишона олишмасди. Шунда жиноят тўридан қочиб, Чимкент вилояти Сариағаш тумани яқинига, Қозоғистоннинг мамлакатимиз чегарасига чегарадош ҳудудига келишади. Улар 60 ёшлардаги, Қозоғистон фуқароси бўлган Абдусалом исмли шахсга бор гапни айтиб, ундан чегарадан ўтишда ёрдам беришини илтимос қилишади. Абдусалом йигитларни уйига таклиф қилади. Меҳмонлар бир ҳафта бу хонадонда меҳмон бўлиб, мезбон билан Ўзбекистонга ноқонуний йўл билан қайтиб ўтиш режасини тузишади ва чегарадан ўтаётганларида ҳушёр посбонлар томонидан қўлга олинишади.

 

Хулоса

Юқоридаги воқеадан ҳам ким ўз дунёқараши билан хулоса чиқаради. Инсоф чегарасидан ўтганлар эса, қонуний асосда жазога тортиладилар, албатта.

 

Абдумажид АҲМЕДОВ,

"Адолат" ҳуқуқий ахборот маркази
бўлим бошлиғи