На верх

Центр

.
.

 

.

.
.

.

ХОДИМЛАРНИ ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИНГ УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ ВА ТАНЛОВ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

 

Меҳнат кодексининг 72-моддасида меҳнат шартномасини тузиш ҳақидаги келишувдан олдин қўшимча ҳолатлар (танловдан ўтиш, лавозимга сайланиш ва бошқалар) бўлиши мумкинлиги белгиланган. Шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига асосан давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларга давлат органлари ходимларининг шахсий ва касбий сифатлар, очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш тизимини жорий этиш киради.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 7 июндаги 185-ум-сон буйруғи билан адлия органлари ва муассаларига ишга қабул қилишнинг танлов ўтказиш тартиби белгиланган.

Унга мувофиқ адлия органлари ва муассасаларига ходимларни ишга қабул қилиш бўйича танлов адлия органлари ва муассасаларининг кадрлар таркибини ишчанлик, шахсий ва ахлоқий фазилатлари, маълумоти даражаси ва соғлиғига кўра юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришга лаёқатли бўлган ходимлар билан таъминлаш мақсадида ўтказилади.

Адлия органлари ва муассасаларига жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублигидан қатъи назар, ўзининг касбий, ишчанлик, шахсий ва ахлоқий фазилатлари, маълумоти даражаси ва соғлиғига кўра адлия органлари ва муассасаларига юклатилган вазифаларни бажаришга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ишга қабул қилинади.

Қонун ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тегишли лавозим ёки адлия органлари ва муассасаларининг таркибий бўлинмаси тоифаси ва ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, лавозимларнинг айрим тоифаларига тайинлаш учун қўшимча талаблар (касбий тайёргарлик даражасига кўра, иш стажи ва ҳоказо) белгиланиши мумкин.

Танлов адлия органлари ва муассасаларининг раҳбарлари томонидан ташкил этиладиган Адлия органлари ва муассасаларига ишга қабул қилиш бўйича махсус комиссия (бундан буён матнда Махсус комиссия деб юритилади) томонидан ўтказилади.

Махсус комиссия тегишли адлия органи ёки муассасаси ходимлари орасидан камида беш кишидан иборат таркибда бир йил муддатга тузилади.

Адлия органлари ва муассасаларида тегишли раҳбар Махсус комиссия раиси ҳисобланади. Махсус комиссия таркибига киритилган раҳбар ўринбосарларидан бири комиссия раиси ўринбосари этиб тайинланади.

Марказий аппаратда комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.

Махсус комиссиянинг ишчи органи бўлиб адлия органлари ва муассасаларининг кадрлар соҳасига масъул таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Махсус комиссия йиғилиши аъзоларининг камида 2/3 (учдан икки) қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Танлов ўтказиш жараёнида номзодлар техник воситалардан фойдаланган ҳолда аудио ва видео ёзувлардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Ушбу талабни бузган номзодларни ишга қабул қилиш рад этилади.

Танлов қуйидаги босқичлардан иборат:

бўш иш ўрнига танлов ўтказилиши ҳақида эълон бериш;

бўш иш ўрнига ҳужжат топширган номзодларни дастлабки ўрганиш;

номзод билан унинг назарий билимлари ва касбий лаёқатини аниқлаш юзасидан суҳбат ўтказиш;

номзоднинг назарий билимлари ва таҳлил қилиш қобилиятини тест саволлари воситасида баҳолаш (Комиссия ушбу босқични ўтказиш ёки ўтказмаслик масаласини ҳал қилади);

номзодни вазирлик марказий аппарати билан келишиш (адлия органлари ва муассасаларининг вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимлари бўйича).

Ҳар ой якунлангач кейинги ойнинг 10 санасига қадар вакант лавозимларга танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон тегишли адлия органи ёки муассасасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади ёки бошқа босма нашрларда чоп этилади.

Агар танлов ходимнинг бола парваришлаш таътилига чиқиши муносабати билан бўш иш ўрнига ўтказилаётган бўлса, эълонда бу ҳақда кўрсатиб ўтилиши шарт.

Ишчи орган раҳбар билан келишилган ҳолда номзодларга қўйиладиган малака ва бошқа талаблар акс эттирилган бўш иш ўрнига танлов ўтказилиши ҳақидаги эълон матнини тайёрлайди ва Ахборот хизматининг соҳавий функциясини бажариш юклатилган таркибий бўлинма ушбу эълон матни келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида тегишли расмий веб-сайтда жойлаштирилишини таъминлайди.

Танловга ҳужжатларни топшириш муддати эълон тегишли расмий веб-сайтда жойлаштирилган кундан бошлаб камида ўн беш календарь кунни ташкил этиши лозим.

Меҳнат кодексининг 57-моддасида ҳар ким иш берувчига бевосита мурожаат қилиш орқали иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Шунга кўра, номзод қайси адлия органи ёки муассасасига ишга кириш истаги бўлса,  шу адлия органи ва муассасасига бевосита танловда иштирок этиш ҳақида ариза билан мурожаат қилиши лозим.

Танловда иштирок этиш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

Ходимнинг шахсий варақаси (сўровнома, анкета ёки маълумотнома-объективка);

диплом (дипломдан кўчирма)нинг нусхаси, чет элда ўқиган бўлса, дипломи нострификациядан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг битирувчи курсларида таълим олаётганлар бундан мустасно;

номзоднинг паспорт нусхаси.

Танловда қатнашиш учун номзод томонидан тақдим этилган ҳужжатлар қайтарилмайди.

Бундан ташқари, танловдан ижобий натижага эришган номзод томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган ишга кириш учун ҳужжатлар рўйхати ўз вақтида тўлиқ тақдим қилинмаганда ёки била туриб сохта ҳужжатлар ёхуд ёлғон маълумотлар тақдим этилган тақдирда номзодни ишга қабул қилиш рад этилади. Ишга қабул қилинган ходим томонидан ишга кириш жараёнида била туриб сохта ҳужжатлар ёхуд ёлғон маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланган ҳолларда ходимни хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилади ҳамда унинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган ҳужжатлар Ишчи орган томонидан қабул қилинади.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар белгиланган тартибда тегишли адлия органи ёки муассасасининг девонхонасида рўйхатдан ўтказилади.

Ишчи орган томонидан эълонда белгиланган ҳужжат қабул қилиш муддати тугагандан сўнг 15 календарь кун муддатда номзоднинг ҳужжатлари лавозимга қўйиладиган малака талабларига мувофиқ келиши, заруриятга қараб номзоднинг яшаш жойи, иш жойи ва ўқиш жойидан номзод ҳақидаги маълумотларни дастлабки тарзда ўрганиб чиқилади. Ўрганиб чиқиш натижаларига кўра, Ишчи орган томонидан Махсус комиссия раиси билан келишилган ҳолда танлов ўтказиш кунини белгилайди ва номзодга танлов ўтказиш вақти ва жойи ҳақида алоқа воситалари (қоида тариқасида телефон орқали) орқали етказилади.

Ўрганиш жараёнида номзодни адлия органлари ва муассасаларига ишга қабул қилиш учун тўсқинлик қилувчи ҳолатлар қонун ҳужжатларида мавжудлиги аниқланса, номзодга бу ҳақда мурожаат қилувчининг сўровига асосан алоқа воситалари орқали ёзма ёки оғзаки асослантирилган жавоб берилади.

Махсус комиссия томонидан номзоднинг назарий билимлари ва касбий лаёқатини аниқлаш юзасидан суҳбат ўтказилади.

Комиссия суҳбат жараёнида номзоднинг соҳадаги тегишли тайёргарлиги ва малакасини, шунингдек касбий лаёқати даражаси, маънавий фазилатлари, қобилиятини аниқлайди. Суҳбат жараёнида номзодга лавозим хусусиятидан келиб чиқиб компьютер саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги бўйича, шунингдек унинг шахсий ҳужжатларида келтирилган маълумотларни аниқлаштириш юзасидан саволлар ҳам берилиши, шунингдек, танлов эълон қилинган бўш иш ўрнининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда бошқа соҳа мутахассислари ҳам номзодга саволлар бериш ва жавоблар бўйича ўз хулосасини баён этиш учун овоз бериш ҳуқуқисиз таклиф этилиши мумкин.

Шунингдек, номзоднинг орфографик ва пунктуацион саводхонлигини баҳолаш мақсадида ёзма иш – диктант олиниши мумкин.

Суҳбат натижалари белгиланган шаклдаги суҳбат варақасида акс эттирилади. Суҳбат варақасида Махсус комиссиянинг ҳар бир аъзоси суҳбат натижаси бўйича (агарда тест синови ўтказилган бўлса, унинг натижаларини инобатга олган ҳолда) қуйидаги қарорлардан бирини қайд этади:

“ишга қабул қилиш тавсия қилинади”;

“жамоатчи ёрдамчи сифатида жалб қилиш тавсия қилинади”;

“танловдан ўтмаган деб ҳисобланади”.

Махсус Комиссия суҳбат натижасига мувофиқ номзод топширган вакант лавозимдан бошқа бир вакант лавозимга номзодни ишга қабул қилишга тавсия қилиш ҳуқуқига эга.

Суҳбат натижалари бўйича якуний хулоса Махсус комиссия раиси томонидан қабул қилинади ва суҳбат варақаси сўнгги қисмида қайд этилади.

Танлов натижаларидан норози бўлган номзод ўн кун муддат ичида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири, шунингдек судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.

Танлов натижаларидан норози бўлган номзоднинг мурожаатини кўриб чиқиш жараёнида Махсус комиссия томонидан меҳнат қонунчилиги ҳамда танлов ўтказиш тартибига риоя қилинганлиги, шунингдек номзоднинг танлов натижасига боғлиқ бўлган танлов ўтказиш жараёнидаги қонунбузилишларга оид важлари ўрганилади. Натижаси бўйича адлия органи ва муассасаси томонидан мурожаат муаллифига жавоб хати юборилиши таъминланади.

Махсус комиссия томонидан ўтказиладиган суҳбатнинг ижобий натижаларига кўра номзодлар бўш иш ўринларига ишга ёки жамоатчи ёрдамчиликка қабул қилинади.

Адлия органлари ва муассасаларининг вазирлик номенклатурасига кирувчи лавозимларига Махсус комиссия томонидан ишга қабул қилишга тавсия қилинган номзодлар вазирлик билан келишилгандан сўнг вазирликнинг розилик хати ёки тегишли буйруғига асосан ишга қабул қилинади.

Мутахассислиги бўйича етарли иш тажрибасига эга бўлмаган номзодлар касбий фаолиятга ва келгусида бўш иш ўринларга муносиб номзодлар этиб тайёрлаш мақсадида жамоатчи ёрдамчиликка қабул қилинади.

Суҳбат натижаларига кўра жамоатчи ёрдамчиликка тавсия қилинган номзод жамоатчи ёрдамчи сифатида жалб қилинишни рад қилса, танловдан ўтмаган деб ҳисобланади.

Номзод билан ўтказилган суҳбат натижасида ишга ёки жамоатчи ёрдамчиликка қабул қилиш рад этилган, шунингдек танловда иштирок этиши рад этилган ёки вазирлик томонидан маъқулланмаган (адлия органлари ва муассасаларининг вазирлик номенклатурасига кирувчи лавозимлар бўйича) номзод камида уч ойдан кейин такроран мурожаат қилиши мумкин.

Махсус комиссия раиси ва Ишчи орган келишувига кўра айрим вакант лавозимларга ишга қабул қилишда тест синовлари ўтказилади.

Тест синовлари куни ҳақида номзодга тест ўтказиладиган кундан камида икки кун олдин хабарнома (қоида тариқасида телефон орқали) юборилади. Хабарномада тест синовларида бериладиган саволлар ҳақида йўналтирувчи хусусиятга эга умумий тушунтиришлар берилиши мумкин.

Тест саволлари икки қисмдан иборат бўлиб, Ишчи орган томонидан ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида, рус тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда тайёрланади ҳамда Махсус комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

Тест саволларининг биринчи қисми соҳа хусусиятини инобатга олиб ўрта махсус ёки олий таълимнинг тегишли йўналишидаги фанларнинг ўқув дастурларига мувофиқ (10 хил вариантда 50 тадан савол, ҳар бир саволга 4 тадан («А», «В», «С», «D») жавоблар варианти) саволлардан иборат бўлади.

Тест саволларининг иккинчи қисми номзоднинг мантиқий фикрлаш, ахборотни тизимга солиш, уни таҳлил қилиш ва умумлаштириш, қонуниятлар топиш, амалий миқдорий масалаларни ечиш қобилиятини баҳолашга қаратилган саволлардан (10 хил вариантда 50 тадан савол, ҳар бир саволга 4 тадан («А», «В», «С», «D») жавоблар варианти) иборат бўлади. Бунда саволлар миқдорий, мантиқий, қиёсий ва маконга оид турларга бўлинади. Миқдорий саволлар номзоднинг амалий арифметик масалалар ва ҳисоблашга оид мисолларни ечиш, мантиқий саволлар муайян шарт-шароитдан келиб чиқиб, аниқ фикрлаш ва тўғри хулоса чиқариш, сонли ва шаклли қонуниятларга эътибор беришга, қиёсий саволлар эса, ўзаро боғлиқликни ҳамда турли тушунча ва жараёнлар ўртасидаги ўхшашликни сезиш қобилиятини аниқлашга қаратилган. Маконга оид саволлар маконга оид фикрлаш даражасини аниқловчи геометрик шакллар билан боғлиқдир.

Тест саволлари қонунчиликда, шунингдек жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида бўлаётган муҳим ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда ҳар йили янгилаб борилади.

Тест саволлари, уларнинг жавоблари ва жавоблар бланкалари Махсус комиссия раисида сақланади ҳамда у саволлар ва жавобларнинг тўғрилиги, тестлар ва жавобларнинг ошкор бўлиб кетмаслиги учун масъул ҳисобланади.

Тест синови кузатув (видео) мосламаси билан жиҳозланган алоҳида хонада ўтказилади.

Тест синовлари ўтказилаётган вақтда Ишчи орган вакиллари ва номзоддан ташқари бегона шахсларнинг ҳозир бўлишига рухсат берилмайди.

Тест синовлари бошлангунга қадар номзоднинг соғлиғи суриштирилади. Ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилган номзодлар тест синовларига қўйилмайди. Бундай ҳолатда далолатнома тузилади ва унга кейинги сафар ўтказиладиган тест синовидан ўтиш учун қайта рухсат берилади.

Ишчи орган томонидан номзодга тест синовлари ўтказишнинг қисқача мақсади, мазмуни ва тартиби тушунтирилади. Шундан сўнг, номзодга тест саволлари вариантини танлаш таклиф қилинади ва мазкур белгиланган шаклдаги жавоблар варақаси тарқатилади.

Ҳар бир жавоб варақаси Махсус комиссия раиси томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.

Номзодга тест саволларига жавоб бериш учун қуйидаги вақт меъёрлари белгиланади:

соҳа бўйича – 50 дақиқа;

таҳлил қилиш қобилиятини баҳолаш бўйича – 40 дақиқа.

Ҳар бир тест саволига фақат битта жавоб белгиланиши лозим. Жавоблар варақасининг тўғри тўлдирилиши учун номзод шахсан жавобгар ҳисобланади.

Тўлдирилган жавоблар варақаси номзоднинг билим даражасини белгиловчи ҳужжат ҳисобланади ва унинг шахсий ҳужжатлари билан бирга сақланади.

Тест саволларига жавоб бериш жараёнида номзодларга қуйидагилар тақиқланади:

қонун ҳужжатларидан, маълумот берувчи ва махсус адабиётлардан, ҳар қандай турдаги техника воситаларидан ёки бошқа материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиш;

бошқа шахслар билан суҳбатлашиш;

жавоблар варақасини топширгунга қадар тест синовлари ўтказилаётган хонадан ташқарига чиқиш.

Ушбу талабларга риоя қилмаган номзод тест синовларини ўтказиш тартибини бузган деб топилади ва у тест синовларидан четлаштирилади ҳамда бу ҳақда тегишли далолатнома расмийлаштирилади.

Жавоблар варақаси синов учун белгиланган вақт тугагунга қадар ёки тугаши билан синов кузатувчиси бўлган Ишчи орган вакилига топширилади.

Тест синовлари натижасида тўпланган баллар шу куннинг ўзида номзодга маълум қилинади.

Тест синови жараёнида олинган видеотасвир мазкур жараён бўйича эътирозлар бўлганда фойдаланиш учун Ишчи органда бир йил давомида сақланади.

Тест синовлари натижаси далолатнома билан расмийлаштирилади ва Махсус комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

Тест синови натижаларига кўра, ҳар бир йўналиш бўйича камида 50 фоиз саволларга тўғри жавоб берган номзодлар кейинги босқичда Махсус комиссия томонидан ўтказиладиган суҳбатга чақирилади.

Қуйидаги шахслар адлия органлари ва муассасаларига ишга қабул қилинмайди:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар;

ўн олти ёшга тўлмаган шахслар;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

илгари ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун олдинги иш жойидан белгиланган тартибда бўшатилган шахслар;

адлия органи ёки муассасасининг ишлаб турган ходими билан яқин қариндош ёки қуда-анда бўлса (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, фарзандлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари), агар ишга қабул қилинаётган ёки тайинланаётган лавозим улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қилишни тақозо қилса;

ишга кириш учун сохта ҳужжатлар ёки била туриб ёлғон маълумотлар тақдим этган бўлса;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатлар.

Присоединяйтесь к нашим социальным сетям!