ЗИЁЛИЛАРИМИЗ — МИЛЛАТ ТАРБИЯЧИСИ

Пиру бадавлатлик бахти

         Умрни оқар дарёга қиёслашлари бежиз эмас экан. Болалик, ёшлик йиллари ўтиб, ҳаёт чиғириғидан ўтган — пиру бадавлатлик ёшига етгунича инсон қанча синову сабоқларни бошидан ўтказади. Пиру бадавлатликка етганлар бор, етмаганлар ҳам... Илёс ота хонадонига икки ўғил, беш қиз, 24 набира жам бўлганида ана шулар ҳақида ўйлайди. Барча бир ҳовлига жам бўлганида аҳилликдан, меҳру оқибатдан янада ёришиб кетади хонадон саҳни.     

         Хонадон соҳиби умр йўлларида 43 йил ўзига елкадош бўлган Гулаш ая билан бирга бахтдан масрур бўлади шундай дамларда. Улар ўғил-қизларини эл қаторига қўшиб, шу кунларга етгунича қанча меҳнату заҳмат чекишмади, дейсиз. Бахти бутунликнинг сири балки ҳаётга улар каби меҳр кўзи билан боқиб яшашда бўлса керак, деган хаёлга борасиз уларни четдан кузатиб.

         Уй бекаси Гулаш ая мактабда кутубхоначи бўлиб ишларди. Бу оила турмушининг икки қаноти ҳаём зиё нуридан баҳраманд эди. Шу боисдан бўлса керак, фарзандлари ҳам оқил ва ҳушхулқ бўлиб улғайишди. Уларнинг бири ўқитувчи, бири ҳамшира... ҳаммаси ҳам ҳаётда ўз ўрнини топган инсонлар.

         Ғ.Ғулом номидаги Сирдарё педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаб, 1971 йилда Чиноз туманидаги 34-мактабда етакчиликдан иш бошлаган Илёс Атишев шу мактабда, кейинчалик 14-мактабда ўқувчиларга рус тили ва адабиётдан дарс берди. Тумандаги 38-мактабда 15 йил директор ўринбосари вазифасида ишлади.  

         Илёс Атишевнинг номи газетхонларга ҳам яхши таниш.                           У 1971 йилдан буён матбуотда мақола ва хабарларини ёритиб, халққа ўз сўзини айтиб келади. Жамоатчи мухбир сифатида турли мавзуларда мулоҳазали фикрларини элга айтишни ўз бурчи деб билган бу зиёли муаллимдан бугунги ёшларимиз кўп нарсаларни ўргансалар арзийди.

         Илёс ота Атишев 25 йил муаллимлик қилиб, халқнинг фарзандларига сабоқ берган тажрибали муаллим. Нафақага чиқиб ҳам тинч ўтиргани йўқ. Илёс ота Чиноз тумани “Ўзбекистон” қишлоқ фуқаролар йиғини “Сутчилар” бўлими маҳалласи фаоли сифатида бугун ҳам ёнидаги одамларнинг бахту қувончига, ғаму андуҳига шерик.

         — Юртимиз тинч, турмушимиз обод бўлиши ҳар бир оилада аҳиллик, тотувлик бўлишига боғлиқ, қизим, — дейди суҳбатдошим. — Бугун нафақада бўлсам ҳам ёшларимиз тақдири ҳақида кўп ўйлайман. Ахир, улар эртанинг эгалари. Шу обод юртнинг эртаси! Бир ниҳол ўстириб, боғ яратиш қанча меҳнату машаққат талаб қилса, бир оилада фарзанд тарбиялаб, уларни эл қаторига қўшишнинг заҳмати ундан минг чандон ортиқ. Турли хил диний оқимлар таъсирига берилиб, тўғри йўлдан адашиб қолаётган фарзандларимизни соғлом ҳаётга қайтариш — менинг асл мақсадим. Битта йўлдан адашганни тўғри йўлга солишнинг ўзи қанча кўнгилсизликларнинг олдини олади. Бу ҳам савоб, бу ҳам яхшилик...

         Дарҳақиқат, зиёлиларимиз миллат тарбиячисидир. Илёс ота ҳам кўпни кўрган зиёли инсон. У ўзи айтганидек, ҳамма, айниқса, ўспирин ёшдаги ўғил-қизлар ҳаёти ҳақида қайғуради. Ва буни БАХТ деб билади! Орамизда шундай инсонларнинг борлиги қандай яхши-я!

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Узбекский
Опубликовано: 21.07.2015
Укилди (марта): 2