Япония парламенти делегациясининг учрашувлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Япония Вакиллар палатаси депутати, Либерал-демократик партиянинг халқаро алоқалар бўйича департаменти директори Кадзунори Танака раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Отамуратов билан учрашувда Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги алоқалар барча йўналишларда, жумладан, парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил февраль ойидаги Японияга расмий ташрифи, Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг 2015 йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифи ўзаро муносабатларга янги суръат бағишлади. 

Япония Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорларидан. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар 140 дан зиёд ҳужжат, хусусан, Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот асосида изчил ривожланмоқда. 

Мамлакатларимиз парламентлари ўртасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Турли даражадаги делегацияларнинг ташрифлари мунтазам амалга оширилмоқда, самарали учрашувлар ўтказилмоқда. Япония парламентида ташкил қилинган Ўзбекистон билан дўстлик лигаси, “Япония демократик партияси – Ўзбекистон”, “Япония либерал-демократик партияси – Ўзбекистон” дўстлик лигалари ҳамда Ўзбекистон парламенти таркибидаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси – Япония парламенти” парламентлараро гуруҳи бу борадаги фаол ва самарали ҳамкорликни янада равнақ топтиришга хизмат қилмоқда. 

Япония парламенти делегацияси аъзолари Ўзбекистоннинг тинчликпарвар, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган сиёсатига юқори баҳо бериб, Ўзбекистон билан парламентаризм, савдо, иқтисодиёт каби соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини алоҳида қайд этди. 

– Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги етакчи мамлакат, – деди Кадзунори Танака. – Ўзаро ҳамкорлигимиз барча соҳаларда изчил ривожланаётгани қувонарлидир. Ўзбекистонда парламентаризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган ютуқлар эътиборга молик. Депутатларнинг фаоллигини алоҳида таъкидлашни истардим. Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш тарафдоримиз. 

Япония делегацияси аъзолари мамлакатимиз Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фаолияти билан таништирилди. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Япония қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги муносабатларнинг бугунги аҳволи ва истиқболи юзасидан фикр алмашилди. 

Япония делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам музокара ўтказди. 

 

 

Нодира Манзурова, ЎзА 
Опубликовано: 19.12.2015
Укилди (марта): 2