ЯНГИЛИКЛАРИМИЗ ҲАВО ТЎЛҚИНЛАРИДА

“Машъал” радиоканалининг “Янгиликлар” ахборот дастури,

“Тошкент” радиоканалининг “Пойтахт” ахборот дастури орқали

2013 йил 21 ноябрда нашриёт муҳаррири Гулбаҳор Ортиқхўжаеванинг аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда ҳуқуқий нашрлар билан таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари тўғрисидаги интервьюси “Машъал” радиоканалининг “Янгиликлар” ахборот дастури, 23 ноябрда эса, “Тошкент” радиоканалининг “Пойтахт” ахборот дастури орқали эфирга узатилди.

— Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этилаётган Ватанимизда қонунлар, ҳуқуқий билимларга эҳтиёж катта. Шунинг учун “Адолат” нашриёти томонидан нашр этилаётган юксак сифатли адабиётларни бугун нафақат ҳар бир давлат идорасида, корхона, ташкилот ва муассасада, балки кўпчилик хонадонларда ҳам учратиш мумкин, — деди Г. Ортиқхўжаева журналистларга берган интервьюсида. — Нашриётимиз томонидан Юртбошимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” асосида тайёрланган 9 номдаги ўқув-услубий қўлланмалар жамланмасининг 20 минг нусхада,“Ўзбекистон Республикасининг Давлат рамзлари тўғрисидаги қонунлари”нинг 50 минг нусхада, “Инсон ҳуқуқлари” дарслигининг 25 минг нусхада, бошқа ҳуқуқий адабиётларнинг кўп минг нусхада чоп этилиб, кенг миқёсда тарқатилаётганлиги ва ўз ўқувчиларини топаётганлиги аҳолининг айнан ҳуқуқий нашрларга эҳтиёжи катта эканлигидан далолат беради.

“Адолат” мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий нашр этишга ихтисослаштирилган ягона нашриёт ҳисобланади. Шу маънода унинг республикамиздаги нашриётлар орасида ўз ўрни ва алоҳида салмоғи бор.“Адолат” нашриётининг жорий йилда ўқувчилар эътиборига ҳавола этган китобларнинг мазмун-мундарижаси жуда кенг. Нашриёт томонидан 2013 йилнинг 9 ойи давомида 28 номда, 52 830 нусхада адабиётлар нашр этилди. Улар орасида расмий нашрлар билан бир қаторда ҳуқуқшуносликнинг турли йўналишлари кенг ёритилган дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, монография ва рисолалар ҳам бор. Бундан ташқари, бугунги кунда “Адолат” нашр белгиси билан бадиий-публицистик адабиётлар ҳам нашр қилинмоқда.

 Нашриёт ташкил топганидан буён Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, кодекслари, кодексларга шарҳлар, кодекслар тўп­лам­лари, норматив-ҳуқу­қий ҳужжатлар ҳамда ҳу­қуқшуносликка оид ўқув қўлланмаларини чоп этиб, аҳолининг норматив-ҳуқу­қий ҳужжатлар ва ҳуқуқий адабиётларга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Табиийки, янги қонунларни кенг жамоатчиликка ўз вақтида етказиб бериш давр тақозосидир. Маълумки, норматив-ҳуқу­қий ҳужжатлар расмий ҳужжатлар ҳисобланиб, уларни бузиб талқин қи­лиш ёки расмий манбаларда эълон қилинганидан бошқача шаклда чоп этишга йўл қўйилмайди. Шунинг учун норматив-ҳуқу­қий ҳужжатларни чоп қи­лиш катта эътибор ва масъулият талаб қилади.

“Адолат” нашриёти 2009 йилдан бошлаб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба — “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами” — “Соб­рание законодательства Республики Узбекистан” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси халқаро шарт­номалари тўплами” — “Сборник международных договоров Республики Узбекистан” даврий нашрларини ҳам чоп эта бошлади. Бу эса, ўз навбатида, нашриётнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни нашр қилишда нечоғли ишончли ҳуқуқий манбаларга эга эканлигидан далолат беради.

Шуниси ачинарлики, кейинги вақтларда бошқа турли йўналишдаги, ҳуқуқий соҳага ихтисослашмаган хусусий корхоналар томонидан Ўзбекистон Республикасининг кодекслари ва кодексларга шарҳларни норасмий равишда, тижорат мақсадларида чоп этиб, тарқатиш ҳолатлари содир этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, нашр ишларида кўплаб хато ва камчиликларга йўл қўйилишига олиб келиб, ҳуқуқий адабиётларнинг стилистик, орфографик, пунктуацион хатолар билан нашр этилишига сабаб бўлмоқда. Ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги биргина хато бир инсон тақдирини ҳал қилишини ҳисобга олсак, бу масаланинг долзарблиги янада яққол кўринади.

Ўзбекистон Республикасининг кодекслари, уларга шарҳлар, кодекслар тўпламлари инсонлар тақдири билан бевосита боғлиқ расмий ҳужжатлардир, уларни хатоликлар билан нашрдан чиқариш республикамиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ва судлар томонидан ҳуқуқни қўл­лаш амалиётида тузатиб бўлмайдиган хатоликларнинг содир этилишига, бу эса фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига, уларнинг асосли норозилиги ва ҳақли эътирозига сабаб бўлиши табиий.

Кўпинча фуқароларимиз қонунбузилиши, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига дуч келганида ҳуқуқшунос маслаҳатига эҳтиёж сезади. Ёки янги қонунлардан, қонунчиликдаги ўзгаришлардан бехабарлик ҳам муаммоли вазиятларни келтириб чиқаради. Истардимки, “Адолат” нашриётида чоп этилаётган ҳуқу­қий адабиётлар ҳар бир оиланинг оилавий кутубхонасидан ўрин олса! Зеро, ўзи яшаётган мамлакатнинг қонунчилигини мукаммал билган ва ундаги ўзгаришлардан ўз вақтида хабардор бўлиб борган фуқаро ўз ҳуқуқ ва манфаатларини, бурчларини яхши билади, ҳар бир ишда, муаммоли вазиятларда ҳам шошилмай, оқилона фикр юритади.

Опубликовано: 02.04.2015
Укилди (марта): 1