ЎЗБЕКИСТОН ЖИНОЯТ ҚОНУНЧИЛИГИ: ЯРАТИЛИШИ ТАРИХИ, БУГУНГИ КУНИ, РИВОЖЛАНИШИ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Суд-ҳуқуқ соҳаси Ўзбекистон мустақилликка эришиши муносабати билан ҳамда демократик, ҳуқуқий, дунёвий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган йўлнинг танланиши, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтилиши, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари тан олиниши муносабати билан тубдан қайта ислоҳ этилаётган соҳалардан бири ҳисобланади. Бу шу билан изоҳланадики, янги, мустақил, демократик суд-ҳуқуқ тизимисиз мамлакатда тўлақонли ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётни тасаввур этиш мумкин эмас. Бу, айниқса, маъмурий-буйруқбозлик бошқарув тизимидан воз кечиш ҳамда ривожланган бозор иқтисодиётига эга, қонун устуворлиги, шахс, оила, жамият, давлат ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланиши, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш, қонунга итоаткор фуқароларни тарбиялаш, ушбу давлатнинг энг муҳим мақсади ва воситаси ҳисобланадиган чин маънода демократик, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш ҳақида қарор қабул қилганидан сўнг катта аҳамият касб эта бошлади.

Мустақил Ўзбекистоннинг жиноят қонунчилигини ислоҳ этиш бир масалага ойдинлик киритишни талаб қилар эди: янги қонунчиликни яратиш ёхуд амалдаги қонунларни такомиллаштириш. Ушбу масала бежизга кўтарилмаган эди. Замонавий ҳуқуқий негизни яратиш (энг асосийси, инсонлар онгидан эски тоталитар тузумнинг стереотипларини чиқариб ташлаш) орқали янги давлатчиликни барпо этишга қаратилган сиёсий иродани амалга ошириш зарур бўлган ўтиш жараёни шароитларида, қонунчиликни такомиллаштириш нисбатан афзал эди, зеро бу янги шароитларда ижтимоий муносабатларнинг ривожланиши ҳамда уларнинг жиноят-ҳуқуқий муҳофаза қилиш заруриятини прогнозлаштиришда хатоларнинг олдини олишга имкон берар эди. Шу билан бирга, бундай ёндашув «социалистик» даврда ўта даражада обрўсизланиб қолган эди, чунки жиноят қонунига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, одатда, конъюнктура тусига эга эди. Жиноят кодекси ҳокимият партия тузилмалари ва идоралари томонидан нисбатан утилитар, сиёсий бошлиқларнинг жиноятчилик билан курашни намойиш этиш мақсадида бериладиган ҳар қандай кўрсатма ва сўзларига дарҳол муносабат билдирадиган нарса деб кўрилган, ваҳоланки, бу кураш амалда юзаки бўлган. Бундан ташқари, бу ўзгаришлар уларни қабул қилиш вақтида ҳукмрон бўлган турфа хил назарий концепцияларни акс эттирган, шу сабабли, Жиноят кодексининг айрим моддалари мазмуни кўп маротаба, баъзан мутлақо қарама-қарши ўзгаришларга дуч келганига ажабланмаса ҳам бўлади. Шу ва бошқа ҳолатлар мазкур ёндашувдан воз кечишни тақозо этди.

Мустақил Ўзбекистондаги жиноят-ҳуқуқий ислоҳотлар, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мос бўлган жиноят ва жазолар тўғрисидаги қонунчиликни яратишни назарда тутар эди, зеро, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А. Каримов таъкидлаб ўтганидек: «Барча жорий қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция асосида ва унга мувофиқ бўлиши талаб этилади»[1]. Хуллас, сўз, жиноятчилик билан курашда жиноят-ҳуқуқий воситалар самарадорлигини оширишнинг имконини берадиган жиноят қонунчилигини яратиш ҳақида борар эди, зотан, бу бевосита мақсад – ҳар бир содир этилган жиноят бўйича жиноят-ҳуқуқий нормалардаги талаб ва тақиқларнинг бузилишига йўл қўйган ҳар қандай шахсга нисбатан жазоловчи қонуннинг муқаррар қўлланиши амалга оширилишини таъминлар ҳамда жиноят сиёсатининг истиқболдаги мақсади – жиноятчилик пасайиб боришига ҳуқуқий асос сифатида хизмат қиларди.

Жиноят-ҳуқуқий ислоҳотлар жараёнида ҳал этилиши зарур бўлган устувор вазифалар сирасига, хусусан, қуйидагилар киради: Ўзбекистон Конституцияси ва халқаро ҳуқуқда мустаҳкамланган нормалар тизимининг акс эттирилиши; давлатда шаклланган сиёсий, ижтимой-иқтисодий, этномаданий, конфессионал ва маънавий-маърифий аҳвол мақбул равишда акс этиши; давлатчилик ва ижтимоий муносабатлар тараққиёти истиқболлари, уларнинг жиноят-ҳуқуқий муҳофаза этилиши мақсадга мувофиқлиги инобатга олиниши; юридик шахслар ва фуқаролар фаолияти ҳамда турмушига жиноят-ҳуқуқий «аралашув»нинг мақбул чегараси; ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда тўпланган тажриба ҳисобга олиниши ҳамда аввалги жиноят қонунчилиги ва уни қўллаш амалиёти афзалликларининг мерос қилиб олиниши; жиноятчилик динамикаси ва тузилишидаги асосий тенденциялар, шунингдек замонавий жиноят сиёсатидаги демократик ва иқтисодий ўзгаришларнинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган энг муҳим асослардаги ижобий ўзгаришлар акс эттирилиши; ижтимоий фикр, ҳуқуқий онг ва қонунга итоаткорлик даражаси, ҳуқуқий маданият аҳволининг инобатга олиниши; илмий-назарий ишланмалар ва тавсиялар имкон қадар тўлиқ шакл-да қабул қилиниши; халқаро қонун ижодкорлиги тажрибаси ва халқаро ҳуқуқда умумий тан олинган жиноят-ҳуқуқий нормалар ҳисобга олиниши; жиноий репрессиянинг ҳақиқий ижтимоий-регулятив имкониятлари инобатга олиниши; жиноят қонунчилигининг ҳақиқатда амалга оширилиши мумкин вазифалари белгиланиши; максимал даражада расмийлашув; жиноят ҳуқуқи принципларининг аниқ белгиланиши.

Жиноят-ҳуқуқий ислоҳотларнинг ушбу мақсад ва вазифаларини барча институт ва нормаларни жиноят қонунчилиги вазифаларини адо этишга аниқ йўналтирган ҳолда шакллантириш; жиноят ҳуқуқи принципларини қонун моддалари, боблари ва бўлимларида максимал равишда рўёбга чиқариш ва конкретлаштириш; криминаллаштириш ва декриминаллаштириш асосларини ҳисобга олиш; криминаллаштириш принципларини комплекс ва тизимли равишда қўллаш; жавобгарликни қилмиш ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига кўра дифференциациялашган, ижтимоий ва криминологик жиҳатдан мақсадга мувофиқ ҳолда белгилаш; давлат ва халқ учун ўта муҳим ва қадрли бўлган ижтимоий муносабатларга тажовуз қилган ҳамда жиноий рецидивга йўл қўйган шахсларга нисбатан қаттиқ жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини сақлаш; жиноят қонунида қўлланадиган институтлар ва жиноят таркиблари тушунчалари билан жиноят ҳуқуқининг сиёсий ва ижтимоий моҳияти ўртасида мақбул мутаносибликни таъминлаш; давлат ва жамият турмушининг турли соҳаларида ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган аввал қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунларида мавжуд талаб ва тақиқларни инобатга олиш; қонунчилик техникасидан фойдаланиш; қонунчилик иборалари аниқлигини таъминлаш мақсадида қонун тилига нисбатан талабларни инобатга олиш; қўлланиладиган атамаларни бир хиллаштириш; тергов-суд ихтиёрига ҳавола қилиш ҳолларини мақбул доирада камайтириш ва бошқалар орқали амалга ошириш мумкин.

Мақсад ва вазифалар рўёбга чиқиши ва тўлақонли амалга оширилиши кўп жиҳатдан мустақил Ўзбекистоннинг жиноят қонунчилиги умумий характери ҳақидаги масалани тўғри ҳал этишига боғлиқ эди, чунки бу ерда иккита ёндашув мавжуд бўлган. Шу билан бирга, бу борада бир масалага ечим топиш зарур эди, яъни нисбатан юқори ижтимоий хавфли бўлган хулқ-атвор учун жиноий жавобгарликни белгилаш ва шунга мос равишда ўта қаттиқ таъсир чораларини назарда тутадиган кичикроқ жазо тизими билан чекланиб, «компакт» қонунни лойиҳалаштириш ёки «нисбатан кам» аҳамиятга эга ижтимоий муносабатларга тажовуз қиладиган хулқ-атвор устидан давлат ва жамият назоратини амалга оширишга имкон берадиган кодексни ишлаб чиқиш. Бу масалани ҳал этишда, биринчи ёндашувнинг маълум даражада ижобийлигига қарамасдан, унинг афзалликларини «йўққа чиқарадиган» бир қатор салбий жиҳатлар ҳам инобатга олинган. Унинг асосий камчилиги ўта радикаллигида эди, зеро, «кичик», бироқ ўта қаттиқ кодекснинг лойиҳалаштирилиши, узоқ йиллар давомида шаклланган жиноят ҳуқуқининг бир қатор асосий қоидаларини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб этар эди. Бу, ўз навбатида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан жиноятчилик билан курашнинг анча шаклланган ва апробациядан ўтган шакл ва услубларини қайта кўриб чиқиш бўйича жиддий ҳаракатларини талаб этар эди, чунки мос равишда бошқа ҳуқуқ соҳалари – жиноят-процессуал, маъмурий, тезкор-қидирув, жиноят-ижроия ҳуқуқи ва бошқаларнинг ҳуқуқий асосларини қайта кўриб чиқишни тақозо этар эди. Бундан ташқари, криминаллаштирилаётган қилмишлар доираси масаласини ҳал қилишда криминализация ҳуқуқий принципларининг барчасини, айниқса, тизимли-ҳуқуқий гуруҳни инобатга олишнинг имкони бўлмас эди, бу эса, самарадорлиги паст ёки ижтимоий жиҳатдан номақбул қонун қабул қилиниши хавфини ошириши мумкин эди. Бу, шунингдек, унча оғир бўлмаган жиноятлар билан курашиш самарадорлигини пасайтириши ҳам мумкин эди, ушбу жиноятлар туркумига нафақат анъанавий тарзда умумий жиноятлар сифатида тан олинадиган қилмишлар, балки барча эҳтиётсизлик орқасидан содир этилган деликтлар киритилар эди. Уларнинг барчаси ёки катта қисми муқаррар тарзда маъмурий адлия соҳасига киритилар эди, ваҳоланки мазкур ҳуқуқий чораларнинг самараси замонавий босқичда жиноят-ҳуқуқий тусдаги чораларга нисбатан анча паст. Айни дамда ҳар қандай радикализм, шу жумладан, қонунчилик жараёнида ҳам, бу – инқилобдир. Бироқ, жаҳон тарихий тажрибаси далолат бераётганидек, инқилоблар, ижтимоий-ижобий натижаларга олиб келмайди, аксинча, жамиятни орқага ташлайди, унинг тараққиётини тўхтатиб, жуда узоқ вақт давомида бартараф этилиши қийин бўлган катаклизм ва тўнтаришларга етаклайди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А. Каримов таъкидлаганидек: «... биз мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиш масалаларида турли инқилоблар ва ақидапарастликнинг ҳар қандай кўринишларига қаршимиз... Маълумки, инқилоблар, одатда, ҳамма даврларда ҳам зўравонлик, қон тўкиш ва аждодлар яратган барча нарсани жоҳиллик билан вайрон қилиш воситаси ва қуроли бўлиб келган... биз тад-
рижий, яъни эволюцион изчиллик хусусиятларига эга бўлган ислоҳот ва ўзгаришлар тарафдоримиз. Фақат бу янгиланишлар ижтимоий муносабатлар ва турмуш тарзининг ўзгариши, одамлар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш билан чамбарчас боғлиқ ҳолда амалга оширилиши даркор[2]».   

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А. Каримов бошлаб берган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мақсади: бир тарафдан – суд ҳокимияти мақомини, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишининг энг муҳим кафолати сифатида мустаҳкамлашда; бошқа тарафдан – чинакамига судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда уларнинг ролини юксалтиришда намоён бўлади.

Бу ва бошқа сабаблар демократик жиноят ҳуқуқи принциплари тўлақонли амалга оширилган ҳамда мустақил Ўзбекистон жиноят сиёсатининг энг муҳим ғоялари ўз аксини топган жиноят қонунчилигини ишлаб чиқиш йўлидан боришга туртки берди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 1994 йил 22 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн олтинчи сессиясида қабул қилинди (Қаранг.: Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995, 1-сон, 1-модда) ва 1995 йил 1 апрелдан кучга кирди.

Мустақил Ўзбекистон ЖКнинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг суверен давлат сифатидаги давлат, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётидаги улкан ўзгаришлар, режали иқтисодиётдан бозор муносабатларига ўтиши билан тақозо этилганди.

Кодексни қабул қилиш вақтида унда 302 та модда мужассам бўлган. Истисно сифатида Махсус қисмнинг саккизинчи бўлимини айтиш мумкин, унда Кодексда мавжуд атамаларнинг ҳуқуқий маъноси бўйича қоидалар мавжуд. Башарти, улар модда шаклида берилмаган бўлса-да, шуни таъкидлаш лозимки, уларни моҳиятан модда деб топиш мумкин. Илк марта қўлланилган мазкур техник усул ҳуқуқни қўлловчи ва бошқа ваколатли органлар томонидан нормани чеклаб ёки аксинча кенгайтириб шарҳлаш имконини инкор этади.

Мустақил Ўзбекистоннинг илк жиноят кодекси нафақат ўз тузилиши, балки мазмуни жиҳатидан ҳам янгиликларга эга. Масалан, унинг аксарият моддалари 1959 йилги ЖКнинг нормаларини қайтармаслигини айтиб ўтиш кифоя.

Жиноят кодексининг янгилиги шунда ифодаланадики, унда илк марта жиноят ҳуқуқи принциплари мустаҳкамланган бўлиб, улар жиноят қонунида раҳбарий ғоялар, асосий бошланғич қоидалар шаклида акс этиб, давлатнинг жиноят-ҳуқуқий сиёсати моҳияти ва замонавий тенденцияларини, шунингдек содир этилган жиноят учун жавобгарликнинг асослари, доираси, шакллари ҳақидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахлоқий, маънавий, диний ва ҳуқуқий тасаввурларни акс эттиради. Умумий модда билан бирга (3-модда), Кодексда қонунийлик (4-модда), одиллик (8-модда), айб учун жавобгарлик
(9-модда), жавобгарликнинг муқаррарлиги (10-модда) принципларига бағишланган алоҳида моддалар мавжуд. Жиноят кодекси нормаларида принципларнинг назарда тутилганлиги уларга ҳуқуқий ижтимоий муносабатлар регуляторлари мақомини тақдим этади, зеро улар нафақат тегишли тарихий даврнинг жиноят ва жазога нисбатан ҳуқуқий фикрларни, балки жиноят-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларига умумий тарздаги талабларни ҳам акс эттиради. Жиноят ҳуқуқи принципларини мустаҳкамлаш жиноят ҳуқуқини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш учун улкан истиқболларни яратди.

Ҳуқуқий принциплар тизими фуқаролар, шунингдек мазкур жиноят-ҳуқуқий талабларни қўллашга ваколатли бўлган давлат органларига таъсир кўрсатиши учун мўлжалланган. Норматив принципларнинг фуқароларга таъсири жиноят қонунидаги талабларни бузиш мумкин эмаслиги, уларга нафақат жамият ва давлат манфаатларида, балки, биринчи навбатда, фуқаронинг шахсий манфаатларида риоя этиш зарурлиги ҳақидаги қатъий ишонч даражасида ҳуқуқий онгни шакллантиришни мақсад қилади, зотан, инсон ва фуқаронинг давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши, ҳар бир шахс томонидан бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишни тақозо этади. Жиноят қонуни нормаларида давлат ҳуқуқий сиёсати асосларини акс эттирувчи раҳбарий ғояларнинг мустаҳкамланиши, нафақат фуқароларнинг тақиқлар ва талабларга нисбатан тўғри муносабат пайдо бўлишига, балки жиноятчилик билан курашдаги жиноят-ҳуқуқий сиёсатнинг моҳиятини тушунишга хизмат қилади.

Жиноят-ҳуқуқий нормаларни қўллашга ваколатли бўлган давлат органлари мансабдор шахсларига норматив принципларнинг таъсир этиши мақсади, улар томонидан ўз фаолияти давомида жиноят қонунида назарда тутилган қоидаларни тўғри ва аниқ қўллаш, фуқароларнинг Ўзбекистон Конституцияси ва бошқа қонунларида кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, хизмат вазифаларини адо этишда шахсий масъулияти ҳамда талабчанлиги ҳиссини юксалтиришга кўмаклашиш ҳисобланади.

Қонун чиқарувчи ҳам ҳуқуқий принциплар тизимига таяниши зарур. Янги жиноят-ҳуқуқий талабларни қабул қилиш, мавжудларини ўзгартириш ёки бекор қилишдан иборат жиноят қонунчилигининг такомиллашуви, ижтимоий жиҳатдан давлат ва жамият ривожининг объектив эҳтиёжлари билан тақозо этилади. Бироқ, бунда қонун чиқарувчи мазкур эҳтиёжлар, принципларда акс этган раҳбарий ғоялар ва қоидаларга мувофиқлигини кўриб чиқиши зарур, зеро криминаллаштириш ва декриминаллаштириш жараёни жиноят қонунида белгиланган асосий қоидаларнинг ҳуқуқий та-лабларига зид келмаслиги шарт. Мазкур талаб шундан келиб чиқадики, айнан қонун чиқарувчи нормаларда жиноят-ҳуқуқий принциплар тизимини мустаҳкамлаган, демак, шубҳасиз, ўзининг кейинги қонун чиқарувчилик фаолиятида, уларга риоя этиши шарт.

ЖКда жиноятнинг мафкурадан соқит бўлган янги тушунчаси шакллантирилган (14-модда), аммо у ўзининг моддий-формал тусини сақлаб қолган, чунки у ҳам нормативлик белгиси – жиноят қонунида қилмишнинг ман этилганлиги, ҳам моддийлик белгиси – қилмишнинг ижтимоий хавфини назарда тутади, яъни ЖКнинг 14-моддаси 2-қисмига асосан «ушбу Кодекс билан қўриқланадиган объектларга зарар етказадиган ёки шундай зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарадиган қилмиш» жиноят деб топилади. Санаб ўтилганлардан ташқари, қонун чиқарувчи, жиноятга тегишли ҳолат сифатида айблилик ва жазога лойиқлик белгиларини ҳам назарда тутган. ЖКда жиноятлар таснифи ҳақидаги модда ҳам мавжуд (15-модда), унга кўра, барча жиноятлар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ тўртта тоифага ажратилади.

Худди шу бобга жиноят учун жавобгарлик ва унинг асослари ҳақидаги норма ҳам киритилган. ЖКнинг 16-моддаси 1-қисмида жиноий жавобгарлик тушунчаси берилган, у бир қатор муҳим аломатларга эга. Биринчидан, жиноий жавобгарлик ўзининг ҳуқуқий моҳиятига кўра жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатидир. Иккинчидан, у фақат содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш учун юзага келади. Учинчидан, у ҳукм қилиш, жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилишида ифодаланадиган давлат мажбурловида намоён бўлади. Тўртинчидан, у жиноят-ҳуқуқий муносабатлар доирасида вужудга келади, амалга оширилади ва бекор бўлади. ЖКнинг 16-моддаси 2-қисмига биноан ЖКда назарда тутилган жиноят таркибининг барча аломатлари мавжуд бўлган қилмишни содир этиш жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Бинобарин, қонун чиқарувчи ҳам фактик асос – шахс томонидан қилмиш содир этилишини, ҳам норматив асос – Махсус қисмнинг аниқ моддасида мустаҳкамланган жиноят таркибини белгилаган. Фақатгина содир қилинган қилмиш (фактик асос) билан Махсус қисмнинг аниқ моддасида назарда тутилган жиноят таркиби (норматив асос) аломатлари билан тўлиқ мувофиқлиги аниқланиши, давлатнинг ваколатли органларига ўзининг айбдорни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишнинг имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигида илк марта оғирлаштирувчи ҳолатда қасддан одам ўлдириш жинояти учун ўн уч ёшдан жиноий жавобгарлик белгиланган (97-моддда 2-қисми). Ушбу ёш чегарасидан ташқари, бир қатор жиноятлар учун ўн тўрт ёшдан жиноий жавобгарлик назарда тутилган. ЖКнинг 17-моддаси 4-қисмида санаб ўтилган жиноятлар учун жиноий жавобгарлик ўн саккиз ёшдан бошланади. Жиноий жавобгарликнинг умумий ёши ўн олти ёшга тенг.

Айбга бағишланган махсус модда ҳам янгилиги билан ажралиб туради, у айбнинг шакллари (20-модда), қасддан содир этилган жиноят (21-модда), эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят (22-модда), мураккаб айбли жиноят (23-модда), айбсиз ҳолда зарар етказиш (24-модда) ҳақидаги нормалардан иборат. Жумладан, қасддан содир этилган жиноят ҳақидаги нормани шакллантиришда қонун чиқарувчи шундан келиб чиқадики, қасднинг предметли мазмуни юридик аҳамиятга молик объектив белгилар билан белгиланади, бунда уларнинг сони аниқ бир жиноятнинг таркиби объектив томонининг қонуний шаклига боғлиқ. Объектив томоннинг тузилиши субъектив белгилар орқали акс эттирилади, шу хусусиятга монанд, қасд мазмуни формал ва моддий жиноят таркибларига нисбатан шакллантирилади.

Эҳтиётсизлик шаклининг бир тури сифатида жиноий ўз-ўзига ишониш мазмуни ҳам янгича ифодаланган. ЖКнинг 22-моддаси 2-қисмида, агар жиноятни содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи ета туриб, эҳтиёткорлик чора-тадбирларига онгли равишда риоя этмаган ҳолда бундай оқибатлар келиб чиқмаслигига асоссиз равишда умид қилган бўлса, бундай жиноят ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилган деб топилиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Мураккаб айбли жиноят ва айбсиз ҳолда зарар етказишга бағишланган моддалар ҳам мутлақо янги ҳисобланади. Сўнгги нормада айбсиз ҳолда зарар етказишнинг иккита шакли мустаҳкамланган. Биринчиси эҳтиётсизлик орқасидан содир этиладиган формал таркибли жиноят билан ҳодиса ўртасида чегарани белгилашнинг имконини бериб, «ўз қилмишининг ижтимоий хавф-лилик хусусиятини англамаган, англаши мумкин ва лозим ҳам бўлмаган» сўзлар билан белгиланади. Иккинчи шакл эҳтиётсизлик орқасидан содир этиладиган моддий таркибли жиноятларга оид ҳодиса аломатларини белгилаб, қонунда «унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етмаган ва ишнинг ҳолатларига кўра кўзи етиши мумкин ва лозим ҳам бўлмаган сўзларида намоён бўлади.

Ўзбекистон Жиноят кодекси иштирокчилик институтини алоҳида бобга ажратиб чиқаради, унда анъанавий равишда иштирокчилик ва иштирокчилар турлари тушунчалари билан бирга иштирокчилик шаклларига бағишланган модда ҳам мавжуд (29-модда).

Маълумки, шакл категорияси элементлар ва жараёнларнинг ички боғлиқлиги ҳамда ўзаро ва ташқи муҳит билан муносабатини ташкил этиш усулини ифодалайди. Иштирокчиликка маълум шакл берадиган аломатлар объектив ва субъектив томонларни тавсифлаши сабабли, иштирокчилик шаклларини таснифлаш негизида объектив ва субъектив мезонлар назарда тутилган. Объектив мезон – ҳаракатлар биргаликда содир этилиши белгиси, у иштирокчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни тавсифлайди. Субъектив мезон иштирокчиларнинг жиноий ҳаракатлари ўзаро келишилганлиги даражасини белгилайди. Ушбу икки мезонлар ўзаро узвий боғлиқликда бўлиб, уларнинг мажмуи иштирокчиликнинг тўртта шаклини ажратиш учун ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилади: 1) оддий шакли; 2) мураккаб шакли; 3) уюшган гуруҳ; 4) жиноий уюшма.

Таклиф этилган тасниф, у ёки бу жиноий тузилманинг ижтимоий хавф-лилик даражасини изчил акс эттириб, уларнинг ўртасидаги сифат тафовутини тавсифлайди. Иштирокчиликнинг биринчи икки шакллари (оддий ва мураккаб) бир неча шахсларнинг ҳаракатларини турли даражада келишган ҳолда маълум жиноятни содир этиш учун бирлаштириш ҳолатларини ифодалайди. Бу «энг содда» жиноий тузилмалардир, чунки уларнинг барқарорлик даражаси маълум жиноятни содир этиш учун зарур вақт билан чекланади. Қонун чиқарувчи белгилашича, оддий иштирокчилик икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктирмай жиноят содир этишда қатнашиши билан тавсифланади (29-модда 2-қисми). Икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктириб жиноят содир этилишида иштирок қилиши мураккаб иштирокчилик деб топилади (29-модда 3-қисми).

Уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма иштирокчилик шакллари сифатида сифат жиҳатидан бошқача ижтимоий ҳодисани касб этиб, жиноят ҳуқуқи нуқтаи назаридан икки омиллар бирлигидан иборат бўлади:

1) бир неча шахслар ҳаракатини бирлаштириш; 2) бир нечта жиноятлар содир этиш. Хуллас, жиноий фаолият билан шуғулланиш учун икки ва ундан ортиқ шахс бирлашиши бир қанча жиноятларни содир этишда иштирокчилик деб ҳисобланади. ЖКнинг 29-моддаси 4-қисмига мувофиқ, икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ деб топилади. Мазкур атама асосида, иштирокчиликнинг умумий белгилари билан бирга, гуруҳни уюшган деб тан олишга ҳуқуқий асос берадиган қуйидаги белгиларни ажратиш мумкин:

1) олдиндан тил бириктириш; 2) биргаликда жиноий фаолият билан шуғулланиш учун бирлашиш; 3) уюшганлик. Таъкидлаш лозимки, қонун чиқарувчи мазкур шаклдаги иштирокчиликнинг турли ҳуқуқий мазмунини белгилайди. Масалан, уюшган қуролли гуруҳ тузиш, шунингдек унга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этиш ЖКнинг 242-моддаси 2-қисми билан квалификация қилиниб, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. ЖКнинг 56-моддаси 1-қисми «м» бандига мувофиқ уюшган гуруҳ томонидан жиноят содир этилиши суд томонидан оғирлаштирувчи ҳолат деб топилиши мумкин. Махсус қисмнинг кўп нормаларида иштирокчиликнинг мазкур шакли квалификацияловчи белги сифатида кўзда тутилади, бунда у кўплаб ҳолларда жиноятни «уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларида» ёки «уюшган гуруҳ аъзоси томонидан» содир этилиши деб шакллантирилган, бу эса, ушбу белгини нафақат уюшган гуруҳ аъзоси бўлган жиноятнинг бевосита бажарувчиси ва мазкур жиноят содир этилишига тайёргарлик кўришда иштирок этган бошқа аъзоларига, балки уюшган гуруҳ аъзоси бўлмаган ҳолда, уюшган гуруҳ таркибида конкрет жиноятни содир этишда қатнашган ёхуд жиноятни мустақил равишда, бироқ уюшган гуруҳ манфаатида содир этган шасхларга нисбатан татбиқ этиш имконини яратади. Икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланиш учун олдиндан бирлашиши жиноий уюшма деб топилади (29-модда 5-қисми). Жиноий уюшма ташкил этган шахс, жиноий уюшма таркибига кирган уюшган гуруҳлар ташкилотчилари, ҳақиқатда содир этилган жиноятлардан қатъи назар, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутган ЖКнинг 242-моддаси 1-қисми билан жавобгарликка тортилади. Башарти, шахс конкрет жиноятларнинг содир этилишига раҳбарлик қилган, уларни содир этишда иштирок этган бўлса, унинг фаолиятини барча содир этилган жиноятлар жами бўйича квалификация қилинади.

Жиноий уюшманинг асосий вазифаси ушбу уюшма мавжуд бўлиши, фаолият юритишини таъминлашда ифодаланадиган бўлинмалар фаолиятига ҳам ЖКнинг 242-моддаси 1-қисми билан ҳуқуқий баҳо берилади.

Илк бор бир қанча жиноят содир этишга бағишланган алоҳида боб ажратиб чиқарилади, у ўз таркибига бир қанча жиноят содир этишнинг шакллари белгиланган моддаларни киритади: такрорийлик (32-модда); жиноятлар мажмуи (33-модда); рецидив жиноят (34-модда). ЖКнинг 32-моддаси 1-қисмига мувофиқ, Жиноят кодекси Махсус қисмининг айнан бир моддасида, қисмида, кодексда алоҳида кўрсатилган ҳолларда эса, турли моддаларида назарда тутилган икки ёки бир неча жиноятни шахс турли вақтларда содир этган, аммо уларнинг бирортаси учун ҳам судланган бўлмаса, такроран жиноят содир этиш деб топилади. Шунингдек, тамом бўлган жиноят ҳам, жазога сазовор бўлган жиноятга тайёргарлик кўриш ёки жиноят содир этишга суиқасд қилиш ҳам, шунингдек иштирокчиликда жиноят содир этиш ҳам такроран жиноят содир этиш деб топилиши белгиланади. Таъкидлаш лозимки, янги Кодексда қонун чиқарувчи илгари қўлланилган «қайта-қайта такрорланса», «тизимли равишда» каби такрорийлик шаклларидан воз кечган.

ЖКнинг 33-моддасига мувофиқ, Жиноят кодекси Махсус қисмининг турли моддаларида ёки битта моддасининг турли қисмларида назарда тутилган, жавобгарликка тортиладиган икки ёки бир неча жиноий қилмишни содир этиш, агарда улардан бирортаси учун ҳам шахс судланган бўлмаса, жиноятлар мажмуи деб топилади. Таклиф қилинган атама қонун чиқарувчи жиноят-лар мажмуи турларини бевосита ажратмаган бўлса-да, ундан кўринадики, жиноятлар мажмуи фақат бир турини – реал жиноятлар мажмуини кўзда тутади. Бундай хулоса шунга асосланадики, қонунда жиноятлар мажмуи «икки ёки бир неча қилмишни содир этиш» билан ташкил этилиши алоҳида таъкидланади. Бу уларни содир этиш вақти турфалиги, кетма-кетлигини белгилайди. Идеал жиноятлар мажмуи ҳақида сўз борар экан, шуни қайд этиш лозимки, у жиноятлар мажмуига киритилиши мумкин эмас, зеро, бунда жиноят қонунининг турли моддаларида назарда тутилган икки ёки ундан ортиқ жиноий оқибатни келтириб чиқарган бир қилмиш натижасида юзага келиб, ЖКнинг 59-моддасида белгиланган жазо тайинлашнинг алоҳида тартибини назарда тутади.

ЖК Умумий қисмининг қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатларга оид қоидалари ҳам янгилиги билан тавсифланади, улар қонун чиқарувчи томонидан Жиноят кодексида назарда тутилган аломатларга эга, лекин ижтимоий хавфи, ғайриқонунийлиги ёки айб мавжуд эмаслиги сабабли, қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар деб топилади (35-модда 1-қисми). Мазкур ҳолатларга қуйидагилар киритилган: қилмишнинг кам аҳамиятлилиги (36-модда); зарурий мудофаа (37-модда); охирги зарурат (38-модда); ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш чоғида зарар етказиш (39-модда); буйруқни ёки бошқача тарздаги вазифани бажариш (40-модда); касб ёки хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган асосли таваккалчилик (41-модда). Улар Кодекснинг мустақил бўлимида ўз аксини топган. Уларни алоҳида бўлимга ажратиб чиқариш мазкур ҳуқуқий институтнинг алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлайди, зеро, барча назарда тутилган турлар ҳуқуқ билан қўриқланадиган манфаатларга ижтимоий фойдали ёки ҳуқуққа мувофиқ ҳолда зарар етказишни тартибга солади, бу эса, мазкур зарарни етказган шахсларнинг жиноий жавобгарлигини истисно қилиш учун асос бўлади. Қайд этилган ҳар қандай ҳолат, фақатгина маълум, қонунда аниқ белгиланган шартлар мавжудлигида, ҳуқуққа мувофиқ хулқ-атвор деб топилиши мумкин.

Ўзбекистон ССРнинг 1959 йилдаги Жиноят кодексида назарда тутилганлар билан бирга, қилмишнинг кам аҳамиятлилиги, буйруқни ёки бошқача тарздаги вазифани бажариш, касб ёки хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган асосли таваккалчилик ҳолатлари қўшилган. Жумладан, касб ёки хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган асосли таваккалчилик ҳақидаги новелланинг тартибга солиниши, замонавий жамиятнинг илмий-техника тараққиётисиз тасаввур этиш мумкин эмаслиги билан изоҳланади. Бу эса, мос равишда янги технологик жараёнларни ўзлаштириш, илмий экспериментлар, тиббий операциялар ўтказиш ва шу каби фаолиятни амалга оширишни тақозо этади. Ваҳоланки, бу ҳуқуқ билан қўриқланадиган бошқа неъматларга муқаррар равишда маълум даражада моддий зарар ёки бошқача зиён етказилиши таваккалчилиги билан боғлиқ бўлади, шунга кўра, шахснинг маълум миқдорда зарар етказган, бироқ истиқболли илмий-техник ва ишлаб чиқариш вазифаларини ечиш, ижтимоий фойдали натижаларга эришишга қаратилган ҳаракатлари учун жавобгарлик юклаш мумкин эмас. Қайд этилганларга кўра, қонунда белгиланадики, «ижтимоий фойдали мақсадга эришиш учун касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик қилиб, ҳуқуқлар ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларга зарар етказиш жиноят деб топилмайди». Бунда шартлар аниқ белгиланган, яъни замонавий илмий-техника билимлари ва тажрибаларига мувофиқ келган, қўйилган мақсадга эса, таваккал қилмай эришишнинг иложи бўлмаган ҳамда шахс ҳуқуқлар ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларга зарар етказилишининг олдини олиш учун тегишли чораларни кўрган бўлса, бундай таваккалчилик асосли деб топилади. Демак, мазкур бўлим қонун билан берилган ҳуқуқларини амалга ошираётган шахсларнинг ҳуқуқий кафолатларини жиддий равишда кенгайтириб, ҳуқуқ доирасидаги хулқ-атворни тартибга солишда асоссиз чекловларни бекор қилиб, жиноят қонунининг профилактик функциясини амалга оширишга кўмаклашади.

Жазо институти ҳам жиддий ўзгаришларга дуч келган. Биринчидан, жиноят қонунида илк марта жиноят ҳуқуқининг марказий тушунчаларидан бири – жазо атамаси ўз ўрнига эга бўлиб, унинг моҳияти очиб берилган, яъни таъкидланишича, жазо – жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланадиган ва маҳкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чорасидир. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йилдаги Жиноят кодексида жазолар рўйхати қайта кўриб чиқилиб, уларнинг янги тизими «енгилидан оғирига» принципи асосида берилган эди, бу эса, қонунда мустаҳкамланган инсонпарварлик принципининг бевосита амалга оширилишидир. Таклиф этилган тизим судларни, аввало, нисбатан енгилроқ жазо тайинлашга йўналтириши шарт, фақатгина уларнинг ўзи билан жазо мақсадига эришишнинг имкони бўлмаса, суд қаттиқроқ жазо чорасини танлаши мумкин. 1959 йилдаги ЎзССР ЖКга нисбатан жазолар рўйхати анча ўзгарган. Унинг таркибидан жиноят-ҳуқуқий таъсирга хос бўлган мажбурловга етарли даражада эга бўлмаган жазолар чиқариб ташланган, чунки бу нафақат жиноят-ҳуқуқий таъсирнинг самарадорлигини камайтирарди, балки ушбу чора билан бошқа жамоат, маъмурий ёхуд бошқа турдаги таъсир чораси чегарасини белгилашнинг имконини бермас эди, шу сабабли, судлар амалиётида қарийб қўлланилмас эди. Шу билан бирга, кўплаб бошқа жазо турларини, жумладан, жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликдан маҳрум қилиш ва бошқалар қўлланилиши мақсадга мувофиқлиги кўп йиллик тажрибада ўзини оқлаган бўлиб, улар қонунда сақлаб қолинди. Аммо, ушбу жазоларни қўллаш асосларини назарда тутган моддалар мазмуни жиддий ўзгаришларга учраган. Рўйхат қамоқ, хизмат бўйича чеклаш, озодликни чеклаш сингари янги жазо турлари билан тўлдирилган.

1994 йилдаги ЖКда жазо чораси сифатида ўлим жазоси то 2008 йилгача сақлаб қолинган. Аммо, 1959 йилдаги ЎзССР ЖКдан фарқли, ушбу жазо чораси жазо тизимига бевосита киритилган. Бундан ташқари, ўлим жазосини қўллаш имконияти 1994 йилдаги ЖКда аввалги қонунчиликка нисбатан сезиларли равишда чекланган, у фақат оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ҳамда қонунда аниқ кўрсатиб ўтилган давлат, инсоният тинчлиги ва хавфсизлигига қарши жиноятлар учун қўлланилишига йўл қўйилган. Қонун отиб ўлдириш шаклидаги ўлим жазосини аёллар ва жиноятни 18 ёшига қадар содир этган шахсларга нисбатан қўллашни тақиқлаган. Башарти, ўлим жазоси тайинланган шахс афв этилган бўлса, ушбу жазо тури 25 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилган.

Озодликдан маҳрум қилиш энг юқори даражада жазоловчи таъсирга эга бўлиб, маҳкумни жамиятдан ажратиб, жазони ижро этиш колонияси ёки турмага жойлаштиришдан иборатдир.

1994 йилдаги Жиноят кодексида озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддатлари ўзгарган, унинг минимал муддати уч ойдан олти ойгача кўтарилган, бу бир ойдан олти ойгача муддатга шахсни батамом ажратган шароит остида сақлашдан иборат бўлган янги қамоқ жазо тури киритилиши билан изоҳланади. Озодликдан маҳрум қилишнинг максимал муддати – 20 йил. Шу билан бирга, башарти, маҳкум ҳукм чиқарилганидан сўнг, жазони тўлиқ ўтаб бўлгунига қадар, янги жиноят содир этса, яъни жиноят рецидивида, 1994 йилдаги ЖК озодликдан маҳрум қилиш жазосини 25 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тайинлаш имконини кўзда тутади.

Жазо тайинлашга бағишланган боб ҳам жиддий ўзгарган. Жазо тайинлашнинг умумий асослари, жазони енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар рўйхати, бир неча жиноят содир этганлик учун ҳамда бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш қоидаларидан иборат анъанавий нормалар билан бир қаторда, тамом бўлмаган ва иштирокчиликда содир этилган жиноятлар учун жазо тайинлаш, жазоларни қўшиб ҳисоблаш, дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олиш, жазо муддатларини ҳисоблаш ҳақидаги нормалар киритилган.

1994 йилдаги ЖКнинг жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш турларига бағишланган бўлимини ишлаб чиқишда, жиноят ҳуқуқи ушбу институтининг илм-фан ва амалиётда аниқланган барча афзаллик ва камчиликлари ҳисобга олинган, шу сабабли уларнинг умумий сони кескин қисқартирилган, бир-бирини такрорлаётган озод қилиш турлари чиқариб ташланган. Ушбу бўлимда жазодан озод қилишнинг анъанавий турлари билан бирга жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилишнинг янги турлари назарда тутилган. Хусусан, дифференциациялашган ёндашув заруратидан келиб чиққан ҳолда, фаннинг жиноят содир этган шахсларнинг қилмишидан кейинги ижобий хулқини рағбатлантиришга оид таклифлари амалга оширилган. Масалан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса, суд шахсни жавобгарликдан озод қилиши мумкин. Бундан ташқари, 1994 йилдаги ЖКда яна бир қатор рағбатлантирувчи нормалар кўзда тутилган.

1994 йилдаги ЖКнинг махсус бўлими вояга етмаганлар жавобгарлиги ва жазоланиши масалаларига бағишланган. Ушбу бўлимда мавжуд нормалар вояга етмаганлар жавобгарлигининг жазо турлари, жазо тайинлаш, жиноий
жавобгарлик ва жазодан озод қилиш, шунингдек мажбурлов чораларини қўллашга боғлиқ хусусиятларни тавсифлаб беради. 1994 йилдаги ЖКнинг Умумий қисмига руҳий касаллик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсларга нисбатан уларни даволаш ва уларнинг янги ижтимоий хавфли ҳаракатлар содир этишининг олдини олиш мақсадида тайинланадиган, шунингдек алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандлик касаллигига йўлиққан шахсларга нисбатан тайинланган жазога қўшиб тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари ҳақидаги бўлим якун ясайди. Бўлимда ушбу чораларни қўллашнинг умумий ва махсус асослари, тайинлаш, узайтириш, ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби, шунингдек уларнинг турлари аниқ белгиланади.

1994 йилдаги ЖКнинг Умумий қисмидаги, янгиликлар, умумий жиҳат-дан, шулардан иборат. 1994 йилдаги ЖК Умумий қисмининг шу ва бошқа қоидалари Махсус қисмни тузишда жиноий хулқ-атворнинг турли кўриниш-лари учун жиноий жавобгарлик ва жазони, уларнинг хавфлилик даражаси ҳамда айбдорнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда максимал равишда дифференциациялаштиришга имкон яратди.

ЖКнинг Махсус қисми ҳам тубдан ўзгарди, бунда жиноий деб тан олинган қилмишлар тузилиши ва таркиби ўзгариб, уларнинг таркибидан замонавий шароитларда ижтимоий хавфни йўқотган қилмишлар чиқариб ташланди, шу билан бирга, жиноий деб топилган қилмишларнинг мазмуни ҳам ўзгарди. Таъкидлаш лозимки, конкрет жиноят таркибларини тузишда умумий тенденция шунда намоён бўладики, қонун чиқарувчи қонун нормаларида жиноятнинг расмий белгиларини максимал равишда кўзда тутишга ҳаракат қилади. Бунинг имкони бўлмаган ҳоларда, баҳоловчи белгилардан фойдаланилган, уларнинг анча қисми, жиноят қонунида қўлланиладиган атамаларнинг ҳуқуқий маъносига бағишланган ЖК Махсус қисмининг саккизинчи бўлимида ўзининг расмий шарҳига эга, ушбу бўлим ҳам ЖКга илк бор киритилган.

Жиноят кодекси нисбатан яқинда қабул қилинган бўлишига қарамасдан, унинг йигирма йилдан зиёд давр мобайнида қўлланиши тажрибаси шуни кўрсатдики, у камчиликлардан холи эмас, албатта, бу табиийдир, чунки идеал қонун яратиш амримаҳол, бунинг устига давлатчилик ва ижтимоий ҳаётда тубдан ўзгаришлар даврига хос бўлган салбий иллатларни тўлиқ ҳисобга олган қонунни ишлаб чиқиш мушкул иш. Шунинг учун, жиноят қонунчилиги амал қилиш даврида доимий равишда такомиллашиб бормоқда, бу ерда иккита тенденция кузатилмоқда.

Биринчи тенденция – жиноят қонунчилигини либераллаштириш, у Кодекснинг қатор қоидаларини қайта кўриб чиқиш ва жамиятда шаклланаётган ҳолат ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим тоифадаги шахсларга ёки айрим тоифадаги жиноятларга нисбатан жазо чоралари қаттиқлиги етарли даражада асослантирилмаганлигини тасдиқлаган тажрибага мослаштиришда намоён бўлади. Ҳозир ушбу тенденция устунлик қилмоқда. Масалан, қонун чиқарувчи қамоқ тариқасидаги жазони қўллаш бўйича чекловларни бекор қилди. ЖКнинг 48-моддасига мувофиқ илгари қасддан содир этилган жиноят учун қамоқ ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган шахсларга қамоқ жазоси қўлланиши мумкин бўлмаган. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрдаги Қонунига асосан ушбу чекловлар бекор қилинган[3]. Худди шу қонун билан ўн олти ёшга тўлмаган вояга етмаганларга нисбатан жарима (ЖКнинг 82-моддаси), ахлоқ тузатиш ишлари (ЖКнинг 83-моддаси) ва қамоқ (ЖКнинг 84-моддаси) жазоларини тайинлаш бўйича чекловлар бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги Қонуни билан ЖКнинг 43-моддаси янги жазо тури – озодликни чеклаш билан тўлдирилган[4]. Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 18 майдаги қонуни билан ЖКга янги 571-модда киритилган – Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганида жазо тайинлаш.

Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ[5], гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар контрабандаси учун жавобгарлик енгиллаштирилган. Ушбу Қонун
шу билан асосланганки, биринчи таҳрирда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар контрабандаси учун жиноий жавобгарлик, уларнинг миқдоридан қатъи назар, ЖКнинг 246-моддаси 2-қисмида белгиланиб, унда мазкур ҳаракатлар учун ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки мол-мулкни мусодара қилган ҳолда ўлим жазоси назарда тутилган. Ушбу нормани қўллаш амалиёти бундай қаттиқ жавобгарлик чораларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтилаётган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар миқдорига кўра дифферен-циация қилмасдан белгилаш етарли асосларга эга эмаслигини тасдиқлади. Шунинг учун кўп миқдоргача гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар контрабандаси учун жиноий жавобгарлик ЖКнинг 246-моддаси 1-қисмида мол-мулкни мусодара қилган ҳолда ёки қилмасдан беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўринишида белгиланган. Жазо тизимидан мусодара чиқариб ташланиши билан ЖКнинг 246-моддаси 1-қисми санкцияси беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан чекланган.

Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан 2001 йил 29 августда «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Рес-публикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида» Қонун қабул қилинган[6]. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат тарихий деб тан олиниши мумкин, чунки унинг орқасидан амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатнинг жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликнинг инсонпарварлик нуқтаи назаридан чуқур ислоҳ қилиниши ҳақида далолат беради. Жиноят қонунчилигининг инсонпарварлашуви соҳасидаги бу даражадаги туб ўзгаришлар аввал нафақат Ўзбекистон ёки МДҲ мамлакатларида, балки деряли жаҳондаги бирорта мамлакатда бўлмаган.

Қайд этилган Қонунга мувофиқ, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг марказий таркибий қисми бўлган жиноят қонунчилиги ислоҳоти давом эттирилиб, ҳуқуқий соҳанинг асосий устунлари тубдан демократлаштирилди:

- биринчидан, жиноят таркибларининг 75 фоизга яқин ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киритилди. Бундан ташқари, кўрсатилган норматив ҳужжат билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига жарима жазосини қўллашни кенгайтириш учун ҳуқуқий асослар яратилди;

- иккинчидан, жазо тизимидан жиноий жазо тури сифатида мол-мулкни мусодара қилиш чиқариб ташланди;

- учинчидан, иқтисодиёт соҳасида жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан иқтисодий таъсир кўрсатишга йўл қўйилади. Судьянинг жарима жазосини тайинлаш имконияти кўпайтирилди, етказилган зарар тўлиқ қопланган тақдирда, суд томонидан шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллашга йўл қўймайдиган нормалар сони кенгайтирилган;

- тўртинчидан, дастлабки терговда гаров, муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат, кафиллик ва бошқа эҳтиёт чораларини танлаш учун ҳуқуқий доирани кенгайтириш ҳисобига қамоқ тариқасидаги эҳтиёт чорасидан ташқари бошқа турдаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаш имконияти кенгайтирилди.

Жамиятда ахлоқий асосларни кучайтириш ўлим жазоси каби институтга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги[7] Қонунига мувофиқ, ўлим жазоси бешта жиноят учун мўлжалланган жазолар таркибидан чиқариб ташланган: жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (119-моддаси 4-қисми); урушнинг қонун ва удумларини бузиш
(152-модда); Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш (158-модда 1-қисми); жосуслик (160-модда 1-қисми); контрабанда (246-модда 2-қисми).

2001 йилдаги «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги[8] Қонунга асосан ўлим жазоси қуйидаги жазолар таркибидан чиқарилди: номусга тегиш (118-модда 4-қисми); давлатга хоинлик қилиш (157-модда 1-қисми); жиноий уюшма ташкил этиш (242-модда 2-қисми); гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш (272-модда 2-қисми).

2003 йил декабрда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганидан сўнг ўлим жазоси фақатгина иккита жиноят учун назарда тутилган: оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модда 2-қисми) ва терроризм (155-модда 3-қисми).

Инсоннинг яшаш ҳуқуқини эълон қиладиган ва мустаҳкамлайдиган умумий тан олинган халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормалари, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қоидаларидан келиб чиқиб, шунингдек жиноий жазоларни янада либераллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»ги Фармони[9] ҳамда «Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги[10] Қонун билан 2008 йил 1 январдан бошлаб ўлим жазоси жиноий жазо тури сифатида бекор қилинган ва умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган.

Демак, ўлим жазоси қўлланиши соҳасини секин-асталик билан чеклаб бориш, кейинчалик унинг тўлиқ бекор қилиниши инсонга нисбатан муносабатнинг инсонпарварлашувини тан олиш, шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида юксалиши, ўзбек халқига доимо хос бўлган яхшилик принципларининг жамоат онгига сингдирилиши, Ўзбекистон ўзининг халқаро мажбуриятларини бажаришини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги Қонуни[11] қабул қилиниши муносабати билан ЖКда илк марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг асоси сифатида жабрланувчи билан ярашиш назарда тутилган. 2004 йилда, маълум шартлар мавжудлигида шахс ярашганлик муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин бўлган жиноятлар рўйхати жиддий тарзда кенгайтирилган[12].

Қонунчиликнинг либераллаштирилиши жараёни вояга етмаганларни ҳам четлаб ўтмади: 18 ёшга етмай туриб ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган ёхуд қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайдиган бўлди. Бу вояга етмаган ҳуқуқбузарни жамиятдан ажратмасдан қайта тарбиялашга имкон яратади, зотан, «шуни барчамиз англаб олишимиз муҳимки, колониялардаги ишлар нечоғли яхши ташкил этилмасин, барибир, бу ер ёшларни тарбиялайдиган жой эмас[13].

Иккинчи тенденция давлат томонидан тобора оммавий тусга эга бўлаётган салбий ҳодисаларга нисбатан муносабатда намоён бўлади, чунки улар жамиятдаги янгиланиш жараёнларига жиддий хавф туғдиради. Шу сабабдан ҳам криминаллаштириш жараёни амалга оширилмоқда – зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш (ЖКнинг 1301-моддаси) учун жавобгарлик белгилаган; қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш (ЖКнинг 131-моддаси); одам савдоси (ЖКнинг 135-моддаси); ёлланма шахсни ёллаш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, худди шунингдек ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш (ЖКнинг 154-моддаси 2-қисми); чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш (ЖКнинг 1541-моддаси) янги таҳрирда берилган; ЖКнинг 155-моддаси биринчи қисми янги таҳрирда берилган; янги ЖК 1551-модда киритилган – Тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлар ва фактларни хабар қилмаслик, шунингдек ЖК 1552-модда – Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш; ЖК 1553-модда – Терроризмни молиялаштириш каби моддалар билан тўлдирилган; янги моддалар киритилган, жумладан ЖКнинг 1811-моддаси – қасддан банкротликка олиб келиш; Бюджет интизомини бузиш (ЖКнинг 1841-моддаси); Рангли металлар, уларнинг парча ва резги-чиқитларини тайёрлаш, олиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни ўтказиш қоидаларини бузиш (ЖКнинг 1851-моддаси); Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш (ЖКнинг 1852-моддаси); Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш (ЖКнинг 1861-моддаси); Чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш (ЖКнинг 1862-моддаси); Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш (ЖКнинг 1863-моддаси); Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил
10 августдаги ЎРҚ–389-сонли Қонуни билан Жиноят кодексига янги «Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар» номли XIII1-боб киритилди[14]. Мазкур қонун қуйидагилар учун жавобгарлик белгилади: (1921-модда) – Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш; (1922-модда) – Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш; (1923-модда) – Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш; (1924-модда) – Тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш; (1925-модда) – Лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш; (1926-модда) – Имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш; (1927-модда) – Хўжалик юритувчи субъектларга ва бошқа ташкилотларга пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктириш; (1928-модда) – Тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олиш; (1929-модда) – Тижоратда пора эвазига оғдириб олиш; (19210-модда) – Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш; (19211-мод.да) – Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш; Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги Қонуни билан ЖКнинг 2293-моддаси – Белгиланган тақиқларни (чекловларни) бузган ҳолда биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш; Жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш (ЖКнинг 2411-моддаси); Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш (ЖКнинг 2511-моддаси); Бактериологик, кимёвий ва бошқа хил ялпи қирғин қуроллари турларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тўплаш, олиш, бировга ўтказиш, сақлаш, қонунга хилоф равишда эгаллаш ва улар билан бошқа ҳаракатларни содир этиш (ЖКнинг 2551-моддаси); Нефть қувурларини, газ қувурларини, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларини яроқсиз ҳолатга келтириш (ЖКнинг 2552-моддаси); Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш (ЖКнинг 2571-моддаси); Ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида лазер нурини йўналтириш орқали халақит бериш (ЖКнинг 2631-моддаси); Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар (ЖКнинг XX1-боби)[15].

Ҳуқуқий дунёвий давлатни қуриш бўйича вазифларни бажаришга қарши қаратилган ислом фундаментализми, экстремизми, ваххобийлик, миссионерлик кўринишлари, нафақат «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунга[16], балки Жиноят кодексига ҳам тегишли қўшимчалар киритишни тақозо этди. Жумладан, ЖКнинг 145-моддасига янги қисм киритилди, унга кўра, фуқароларнинг ўз фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишларига ёки фуқаролик бурчларини бажаришларига тўсқинлик қилиш билан, диндорлардан мажбурий йиғим ундириш ва солиқ олиш билан ёхуд шахснинг шаъни ва обрўсини камситувчи чора-тадбирлар қўллаш билан ёки диний таълим олишда ҳамда фуқаро динга нисбатан, динга эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмасликка нисбатан, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка нисбатан ўз муносабатини белгилаётган пайтда мажбурлаш билан боғлиқ диний фаолият юритиш, шунингдек диний маросимлар ўтказишни ташкил этиш шахс баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, жиноий жазога лойиқ деб топилади. Шунингдек, қуйидагилар учун жиноий жавобгарлик белгиланган: ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолиятида қатнашишга ундаш (ЖКнинг 2161-моддаси), диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (ЖКнинг 2162-моддаси), диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш (ЖКнинг 2292-моддаси), жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш (ЖКнинг 2441-моддаси), диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш (ЖКнинг 2442-моддаси), диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш (ЖКнинг 2443-моддаси).

Кўриниб турибдики, ўтган йиллар ичида бу каби новеллалар анчагина тўпланган. Бу шундан дарак бермоқдаки, қонун чиқарувчи, реал ижтимоий хавф туғдирадиган хулқ-атворни ўз вақтида криминаллаштириб, жамият ҳаётида юз бераётган жараёнларни доимий равишда кузатиб боради.

ЖК амал қилиш даврида унинг кўплаб моддалари таҳририга қўшимчалар киритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни[17] билан, виждон эркинлигини бузиш учун жавобгарликни назарда тутган ЖКнинг 145-моддаси 2-қисми таҳририга ўзгартиш киритилиб, вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, худди шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитиш учун жавобгарлик белгиланган. 2008 йилда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши муносабати билан[18] инсонлардан фойдаланиш учун ёллаш юзасидан жавобгарликни назарда тутган ЖК 135-моддасининг таҳрири ҳам ўзгартирилган. Кўрсатилган моддага тегишли ўзгартишлар киритиш натижасида одам савдоси билан боғлиқ жиноий қилмишлар
рўйхати сезиларли равишда кенгайди. ЖК Махсус қисмининг бошқа моддалари ҳам ўзгаришларга дуч келди. Жумладан, бир қатор жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилди ёки бошқача тарзда ўзгарди.

Замонавий босқичда жиноят сиёсатининг асосий йўналишлари, бизнингча, жазоловчи унсурларни аста-секинлик билан қисқартириш ва тарбияловчиларга ўзгартириш, шунингдек жиноий қилмишлар доирасини изчил равишда торайтириш, қонунийлик, жазо муқаррарлиги ва одиллик асосида жиноий жавобгарликни енгиллаштиришда намоён бўладиган жиноий репрессияни тежаш принципини янада кенг амалга оширишдан иборат бўлиши мумкин. Жиноят қонунчилигининг тобора инсонпарварлашуви, айни дамда хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботга таҳдид қилаётган қилмишлар учун қаттиқ чораларни ва муқаррар жавобгарликнинг назарда тутилиши, объектив ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий шароитлар билан тақозо этилади ҳамда бизнинг давлатчилик ривожланиши принципларидан келиб чиқади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида барча соҳалар, шу жумладан суд-ҳуқуқ соҳасида қонун ижодкорлиги фаолиятининг устувор йўналишлари ҳам белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, жиноят-ҳуқуқий фан вакиллари, қонун ижодкорлиги жараёни иштирокчилари, қонун чиқарувчи олдида турган аниқ вазифалар борасида тўхталиб ўтамиз.

Моҳиятан фақатгина иккита омилни ажратиш кифоя, зеро, уларсиз жиноят қонунчилиги соҳасидаги замонавий ва истиқболдаги вазифаларни самарали ҳал этиш имконсиздир:

1) қонун чиқариш жараёни самарадорлигини илмий жиҳатдан асослантириш;

2) амалдаги жиноят қонунчилигини такомиллаштириш бўйича муаммоларни бевосита ҳал қилишни прогностик жиҳатдан таъминлаш.

Ушбу икки омил – йўналишлар ўзаро боғлиқ ва ўзаро бир-бирини тақозо этади. Мазкур ҳолатни инобатга олмаслик, қоида тариқасида, ижтимоий асослантирилмаган ёки ижтимоий шароитларга мос бўлмаган қонун, яъни аввалдан самарасиз, «ўлик туғилган» қонун қабул қилинишига олиб келади. Шунинг учун, биз Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти томонидан парламент олдига қўйилган вазифаларни ечиш талабидан келиб чиққан ҳолда, ўз диққатимизни жиноят қонунчилигининг энг долзарб, ҳозирги кунда ва яқин истиқболда катта аҳамият касб этадиган йўналишлари ва муаммоларига қаратамиз.

1. Биринчи муаммо умумсоҳавий тусга эга, аммо кўп жиҳатдан жиноят қонунчилигига ҳам алоқадор ҳисобланади. Бу еада бир нечта жиҳатларни ажратиш зарур.

Биринчидан, амалдаги жиноят қонунчилигини умумий тан олинган халқаро ҳуқуқ нормалари ва Ўзбекистон қўшилган конвенцияларига мувофиқлаштириш лозим. Мувофиқлаштириш деганда, нафақат амалдаги нормалар таҳририни ўзгартириш, балки уларни илмий таҳлил асосида ички қонунчилик принципларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартириш, қонунчиликда мавжуд бўлмаган қоидаларни жиноят қонунига имплементация қилиш (бироқ, фақат трансформация усули орқали) зарур.

Иккинчидан, соҳавий қонунчилик нормалари ўртасидаги ўзаро қарама-қаршилик ва зиддиятларни тизимли унификация қилиш орқали бартараф этиш шарт. Бу нафақат терминологик тизимлаштириш ва тушунча аппарати билан, балки ҳуқуқ соҳалари ўртасида умумий ҳуқуқ назариясида асосланган иерархияга мос равишда мутаносиблигига лозим даражада риоя этилиши билан боғлиқ, шунда ҳозирда кузатилаётган парадокслар йўққа чиқади, масалан, Солиқ кодексидаги суд тартибида белгиланадиган молиявий санкциялар миқдори, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги санкцияларга мос келмайди, ҳаттоки, жиноий жазо сифатида белгиланган жариманинг миқдоридан анча ортиқ.

Учинчидан, соҳавий қонунчиликда бир қилмиш учун иккита жавобгарликни истисно қилиш орқали одиллик принципини тиклаш зарур, масалан, солиқ ва жиноят қонунчилигида.

Тўртинчидан, ЖКдан жиноят-ҳуқуқий тартибга солиш предмети доирасига кирмайдиган қоидаларни чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ. Жумладан, ЖКнинг озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш тартибига оид нормаларини, Жиноят-ижроия кодекси билан тартибга солиниши лозим бўлган қоидалардан «озод қилиш» даркор.

2. Иккинчи муаммо – жавобгарликни либераллаштириш. Бу блокда қуйидаги жиҳатларни ажратиш зарур:

а) ЖКнинг Махсус қисми моддалари санкцияларини диспозицияда назарда тутилган жиноят тоифаси билан мувофиқлаштириш зарурати;

б) жиноий жазолар турлари сонини кўпайтириш, бу жавобгарликни дифференциациялашган ҳолда индивидуаллаштириш имконини беради;

в) муқобил санкциялар сонини кўпайтириш ва уларни қўллаш механизмини яратиш;

г)  жиноят-ҳуқуқий рағбатлантирувчи нормалар сонини кўпайтириш ва қўлланиш соҳасини кенгайтириш.

3. Учинчи муаммо – декриминаллаштириш. Мазкур блокда қуйидаги жиҳатларни ажратиш лозим:

а) жиноий жазога лойиқ қилмишлар туркумидан, жавобгарликка тортиш учун маъмурий преюдиция зарур бўлган жиноятларни чиқариб ташлаш масаласини ўрганиш;

б) амалдаги жиноят қонуни нормаларида жиноий хулқ-атвор сифатида назарда тутилган, бироқ суд амалиёти маълумотларига кўра жуда кам тарқалган ёки деярли кузатилмайдиган қилмишларни жиноий таъқиб этишдан воз кечиш ҳамда жиноий хулқ-атвор тоифасидан чиқаришнинг мақсадга мувофиқлиги, конвенциявий нормалар ҳамда Ўзбекистон Конституцияси кўрсатмасига асосан тўғридан-тўғри киритилган нормалар бундан мустасно;

в) жамоат онгида жиноий деб баҳоланмайдиган ҳамда кўпчилик инсонлар томонидан ҳатто ахлоқий жиҳатдан ҳам танбеҳга учрамайдиган қилмишларни жиноий қилмишлар туркумига киритишдан воз кечиш;

г)  ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига киритилган жиноятларни жиноий жазога лойиқ қилмишлар туркумига киритишдан воз кечиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар туркумига киритиш;

д) қонун ҳужжатлари, шу жумладан, идоравий қонунчиликни тўлиқ ўрганиш, ушбу ҳужжатлар асосида қўлланиладиган бланкет диспозицияли нормаларни жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар доирасини мақсадга мувофиқ тарзда торайтириш нуқтаи назаридан таҳлил қилиш;

е)  яна ортиб кетган ва тобора ортиб бориш тенденциясига эга хусусий ҳолатлар учун жавобгарликни кўзда тутадиган, умумий нормалар билан қамраб олинган махсус нормаларни қисқартириш;

ж) рақобатлашувчи нормаларни жиноят қонунчилиги миқёсида имкон қадар қисқартириш;

з)  ЖКдан коллизион нормаларни чиқариб ташлаш;

и) жиноятга тайёргарлик кўришни жазога сазоворликдан воз кечиш ва бир вақтнинг ўзида ўз-ўзидан ижтимоий хавфли бўлган тайёргарлик қилмишларни, ЖКда алоҳида тамомланган жиноят таркиблари сифатида белгилаш;

к) ЖКнинг 661-моддасида назарда тутилган жиноят таркиблари рўйхатига барча ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятларни киритиш орқали ярашиш институтини кенгайтириш;

л) жиноят ҳуқуқи фанида мазкур масалада мавжуд ишланмалар ва уларнинг амалиётдаги тасаввурлари асосида жиноий жавобгарликни истисно қилувчи ҳолатлар сонини кўпайтириш. Бу каби ҳолатларга, эҳтимол, жабрланувчининг розилиги ва жиноятни руҳий (жисмоний) мажбурлов остида содир этилишини айтиш мумкин.

4. Тўртинчи муаммо – криминаллаштириш. Ушбу блокда қуйидаги жиҳатларни ажратиш лозим:

а) Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномаларда жиноий деб кўрилаётган қилмишларни жиноий хулқ-атвор туркумига киритиш;

б) юридик шахслар жиноий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш. Шунингдек, бу доирада юридик шахсларга нисбатан ўзига хос жазо турларини қўллаш учун лозим шароитларни яратиш мақсадида жазо тизимини кенгайтириш зарурлиги масаласини кўриб чиқиш лозим (масалан, жисмоний шахслар учун мўлжалланган жаримадан ортиқ миқдорда жарима белгилаш; юридик шахс фаолиятини тўхтатиш, уни «тугатиш»);

в) компьютер жиноятлари тоифасини кенгайтириш;

г)  ақли расолик ва ақли норасолик ўртасидаги оралиқ ҳолат – чекланган (камайтирилган) ақли расолик ҳолатини қонуний тартибда мустаҳкамлаш, бунда жиноятни содир этилиши бу ҳолатда жиноий жавобгарликни истисно этмаслигини қайд этиш шарт.

Жиноят қонунчилигини такомиллаштириш борасида бошқа йўналишлар ҳам мавжуд.  Масалан, жиноятларнинг айб шакллари бўйича аниқ дифференциация қилиш ва Махсус қисм моддаларининг бир хилда қўлланишини таъминлаш мақсадида эҳтиётсизлик орқасидан содир этиладиган барча жиноятларда ушбу айб шаклини тўғридан-тўғри қайд этишни зарур деб ҳисоблаймиз. Бундай қарор ҳуқуқни қўлловчиларга қасддан содир этиладиган жиноятларни аниқ белгилашнинг имконини беради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларига риоя этиш мақсадида жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш масаласини фақатгина суд ваколатига доир масала деб тан олиш шарт.

Амалдаги жиноят қонунчилигини такомиллаштириш доирасида, шунингдек, Кодекснинг ҳозирги номи – «Жиноят кодекси»дан воз кечиш лозим деб ҳисоблаймиз, боиси: «жиноят» атамаси этимологик келиб чиқишининг бир нечта тахминлари мавжуд бўлса-да, уларнинг бирортаси умумий тан олинган эмас.

Қайд этилган йўналишлар умумий бўлиб, уларни ҳал қилиш учун нафақат амалиёт ходимлари билим ва тажрибаси зарур, балки ЖКнинг кучга кирганидан, яъни 1995 йилдан бошлаб, амал қилиши самарадорлигини синчковлик билан ўрганишни талаб қилади.

 

М.Х. Рустамбаев,

юридик фанлари доктори,

профессор.



[1] Каримов И.А. Ўзбекистон – келажаги буюк давлат. – Т.: «Ўзбекистон», 1992. – Б. 39.

[2] Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз – жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маъруза, 2005 йил 28 январь. / Ўзбек халқи ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмайди. Асарлар, 13-жилд.– 183–184-бетлар. 

[3] Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни. 27.12.1996 й. № 357–I / Ўзбекистон Респуб-ликаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997, № 2, 56-модда.

[4] Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 й., № 8, 310-модда.

[5] Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., № 9, 144-модда.

[6] Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001, № 19. 135-модда.

[7] Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., № 9, 181-модда.

[8] Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 19-сон. 135-модда. 

[9] Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 30–31-сон. 223-модда. 

[10] Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Ахборотномаси, 2007 й., 6-сон. 248-модда. 

[11] Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 19-сон. 135-модда. 

[12] Қаранг. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни. 27.08.2004 г. № 671–II / Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 37-сон. 408-модда. 

[13] Каримов И.А. Адолат – қонун устуворлигида / Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Асарлар тўплами, том Х. – Т.: «Ўзбекистон», 2002. – Б. 41.

[14] Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 й., 8-сон, 312-модда.

[15] Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрдаги ЎРҚ–137-сонли Қонуни / Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 52-сон, 532-модда.

[16] Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5–6-сон, 99-модда.

[17] Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни. 01.05.1998 й. № 621-I // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5–6-сон, 102-модда.

[18] Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 16-сон, 118-модда.

Опубликовано: 24.01.2017
Укилди (марта): 2