ЎКИНЧ КЎЗ ЁШЛАРИ

То отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени

 

         Одатдагидек масжиддан қайтиб, келиним дастурхонга келтирган таомни еб бўлгач, дуо қилдим. Элу юртга тинчлик, мустаҳкам саломатлик, кўнгилларимизга хотиржамлик, фарзандларимнинг топганига барака тиладим. Юртимиз тинч, жума намозида имом айтган гапларни бир-бир эсладим. Имом кексаларни эъзозлаш ҳақида, ота-онанинг ҳурматини ўрнига қўйиш, эъзозлаш ҳақида маъруза қилдилар.

         Ота-онам ҳаёт вақтида уларга қандай эътиборда бўлдим, деган саволни ўзимга бериб, ўтган кунларимни эсга олиб, умрим дафтарини бир-бир варақлаб, хотираларга берилдим.

         Саккиз ўғилнинг тўнғичи бўлганлигим, оиламизда қиз бола йўқлигини учун менинг зиммамда укаларимни кўтариб катта қилиш, қозон-товоқларни ювиш, ҳовли супуриш, чой қайнатиш, дамлаш каби кундалик юмушлар бор эди. Мактабдан келиб, сигиримизни далага олиб кетардим. Ота-онам умр бўйи колхозда кетмончи бўлиб ишлашган, юмшоқ табиатли, оддий, ҳалол, диёнатли одамлар бўлишган.

         Улар биз — фарзандларини бирор марта ҳам қаттиқ уришмас, фарзандлар тарбияси, рўзғор юмушлари катта онамизнинг зиммасида бўлган. Кечқурун соғилган сутни пешайвондаги илгакка илиб, эрталабдан 10 литр сутни олиб пахта тозалаш заводи ишчиларига гоҳ нақд пулга, гоҳ насига бериб, пулини ойлик маош олганларида йиғиб олиб, рўзғор тебратардилар. Кийим-кечагимиз, бирин-кетин ўтган суннат тўйларимиз ҳам шу ҳисобда эди.

Тўнғич ўғил бўлганим учун менга илм олишим, яхши ўқишим учун етарлича шароит яратиб беришган. Ота-онам аҳил бўлиб, рўзғордаги қийинчиликларни бизга сездирмасдилар.

Отам раҳматли кийиб юрган оқ яктакларига гард юқтирмай, 83 ёшларида оламдан ўтдилар. Мен бўлсам, турғунлик даврида режаларни тўлдириш учун қўшиб ёзишларни амалда бажарганлар қатори озодликдан маҳрум қилинганман. Отамдан кўзи очиқлигида рози-ризолик оилш ҳам насиб этмади менга. Турткини етим ейиши шу бўлса керак, онам Рисолат ая эса, 101 ёшида тўнғич ўғлининг қўлида бандаликни бажо келтирдилар.

Ҳўш, мен шундай жабрдийда ота-онамга тириклигида нима каромат кўрсатдим. Инжиқ аёлимни деб, ота-онамни, етти вояга етмаган укаларим билан ташлаб чиқдим, вақтида ҳолларидан хабар ололмадим. Нима еб, нима ичишларига эътибор бера олмадим. Аксинча, “катта ака”ларнинг топшириғини бажараман деб отамнинг нуроний юзини ерга қаратдим. Ўксиган кўзларидан маржон-маржон ёшлар оқишига сабабчи бўлдим. Менга буйруқ берган раҳбарлар бирор марта ҳам на оиламдан, на мендан хабар олмадилар. Отам нажот сўраб идораларига борганларида қабулларига қўймадилар.

Афсус, минг афсус, инсоннинг ақли то ўла-ўлгунча шаклланиб борар экан. Хаёл оғушида бўлиб мактабдан келган набирам Сардор телевизорни ёққанда бузилди. Ойни жаҳонда эса, худди атайин буюртма берилгандек Ботир Қодиров “Эй, дўстим” деб бошланувчи қўшиқни маромига келтириб куйлаяпти:

 

Зеб-зийнат устунмас ота-онангдан,

Мол-давлат устунмас ота-онангдан,

Ҳашамат устунмас ота-онангдан,

Маишат устунмас ота-онангдан,

Энг аввал отангни қадрини билгин,

Энг аввал онангга яхшилик қилгин,

 

Яна ота-онамни кўз олдимга келтирдим. Онаизорим қордай оқарган сочлари, қадоқ қўллари, ёрилган бармоқлари кўз олдимдан бир-бир ўтади. Ҳар куни ишдан келиб топса қўй ёғи, топмаса, вазелин билан даволашга ҳаракат қилар, афсус, бу муолажалар фойда бермас эди.

 

Оппоқ сочларида сабр ...

Ажинлар қатори

Қарсиллатиб ёпсак қадр эшигин,

Энг аввал отангни қадрини билгин,

Энг аввал онангга яхшилик қилгин.

 

Эссиз, биз — хом сут эмган бандалар кексайган ота-оналаримиз меҳримизга ташна пайтларида молу дунёнинг ортидан қувиб, фарзандларимиз бировдан кам бўлмасин деб уларни унутиб қўямиз. Билмаймизки, бизлар 60-70 ёшга кирганимизда ҳам ота-оналаримиз учун ёш боладекмиз. Вақтимиз йўқлигини баҳона қилиб, кундалик ишлар билан машғул бўлиб, ҳатто телефон орқали бўлса ҳам ҳол-аҳволларини сўраб-суриштиришни ҳам унутиб қўямиз.

Мирвали ака чуқур хўрсинганича менга дилидагини тўкиб-солади, бу гапларни одамларга етказишимни тайинлайди: “Шукрки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Илгари, бир маҳаллар велосипедим ҳам йўқ эди, мана, болаларим олиб берган, ўзимизнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “Нексия”да узоғимни яқин қилиб, ҳаётнинг гаштини суриб юрибман. Оилам тинч, яқинларим соғ-саломат. Лекин мен бошқа нарсага йиғлаяпман, вақтида муштипар отам билан онамга етарли даражада эътибор қила олмаганлигимдан эзилаяпман. Уларнинг қарилик гаштини суриб, бахтли яшашлари учун етарлич ашароит яратиб бермаганлигимдан бугун қаттиқ афсусдаман. Бу кўз ёшлар ўкинч кўз ёшлари болам, ўкинч кўз ёшлари!

Қариганда мен каби ўкинч кўз ёшларини тўкмаслик учун ота-онанг, амаки, аммаларинг, холанг, тоғаларингнинг ҳолидан хабар олиб туришга одатлан! Уларнинг дуосини олсанг, кам бўлмайсан.

Хаёлларимни сезгандек, кўзимдан қуйилиб келаётган ёшларни пайқагандек набирам ёнимга келади:

—   Ота, шу ашулани қўл телефонингизга кўчириб берайми? — дейди.

— Ҳа, тойчоғим, савоб иш қилган бўлардинг. Ботир болам уни маромига етказиб айтган, ҳар сўзи юракка етиб боради, виждонингни уйғотади, болагинам, — деб қўлимдаги телефонни набирамга тутқазаман.

 

Ялламалик Мирвали Фозиловнинг сўзларини

 Турсунали ТЎҚЛИБОЕВ оққа кўчирди

Узбекский
Опубликовано: 20.12.2015
Укилди (марта): 2