ТАДБИРКОРЛИК — ИҚТИСОДИМИЗ ТАЯНЧИ

Тадбиркорлик, ишбилармонлик халқимиз ҳаётида азалдан муҳим ўрин тутиб, унинг ўзига хос анъаналари асраб-авайланган, бундай фазилатга эга кишилар қадрланган. Буни буюк Амир Темурнинг “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган фикри ҳам тасдиқлайди. Мустақиллик йилларида юртимизда тадбиркорликка, айниқса, оилавий тадбиркорликка кенг йўл очилди. Бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётган тадбиркорлар, хусусий корхоналар сафи тобора кенгаймоқда. Юртимиз аҳолиси ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Мамлакатимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса, давлатимиз томонидан олиб борилаётган соҳа фаолиятини ривожлантиришга доир ислоҳотлар эса, уларнинг олдидаги мавжуд тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш корхоналар фаолияти барқарорлигини таъминлаш ва янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. 

Бугунги кунда иш билан банд аҳоли даромадининг 70 фоиздан ортиғи айнан кичик бизнес ҳисобига тўғри келмоқда. Шу боис, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш мутасадди давлат органлари, муассасалари, ҳуқуқ-тартибот органларининг устувор вазифасига айланди.

Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига шароит ва кафолатлар яратиш, солиқ ва божхона имтиёзларини кенгайтириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга катта аҳамият берилаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Фармонга мувофиқ тадбиркорлик фаолияти субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича режали текширувлар фақат охирги режали текширув давридан кейинги муддатни қамраб олиши белгиланган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига йўл қўйилган хатоларни текширув давом этаётган даврнинг ўзида тўғрилаш имконияти яратилиши улар фаолияти тўхтатиб қўйилиши ва тугатилишининг олдини олади.

Мазкур фармон мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва сунъий чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий ишлаб чиқарувчилар улушини изчил оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Мазкур ҳужжатга мувофиқ 2015 йил 1 июлдан эътиборан хўжалик юритувчи субъектларда режали текширишлар даврийлиги ва муддатлари, қўзғатилган жиноий ишлар бўйича текширишлар ўтказиш тартибига ўзгартишлар киритилди. Фармоннинг 2-бандига кўра, барча назорат органлари учун режали текширишлар даврийлиги бирхиллаштирилди. 2015 йил 1 июлдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолиятидаги барча режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида эса кўпи билан уч йилда бир марта Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарори асосида амалга оширилади. Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати                    10 календарь кунидан ошмайди. 

Шу ўрнида алоҳида таъкидлаш керакки, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларнинг такомиллаштирилаётгани, айниқса, кичик бизнес субъектларидаги текширишлар янада қисқартирилаётгани соҳа равнақида муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳам тадбиркорларга яна бир имконият эшигини очди. Қарорга асосан инвестиция мажбурияти эвазига “ноль” қийматида сотилиши мўлжалланган объектлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг улушлари стратегик хорижий инвесторларга сотилиши лозим бўлган акциядорлик жамиятлари, очиқ савдолар орқали тўлиқ хусусий мулк қилиб бериладиган объектларни муваффақаиятли ишга тушириш мумкин. 

Мамлакатимизда тадбиркорларга кўмаклашиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда кундан-кунга кичик бизнес субъектлари сони ортиб бормоқда. Бу эса, нафақат Ўзбекистонинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшади, албатта.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

ҳузуридаги ихтисослаштирилган  «Адолат»

 нашриёти давлат корхонаси муҳаррири

Узбекский
Опубликовано: 21.07.2015
Укилди (марта): 2