ОВ ҚУРОЛИНГИЗ ҚОНУНИЙМИ?

Фуқароларнинг ўз хонадонида ноқонуний равишда ов милтиқларини сақлаши ҳам жиноятдир. Ноқонуний қурол сақлаш қонунга зид бўлиши билан бирга инсон ҳаёти учун ўта хавфли восита саналади. Бу борада қонун талаби билан иш тутиш кўплаб содир этилиши мумкин бўлган мудҳиш жиноятларнинг олдини олади, албатта.

Ички ишлар рўйхатида турган ов қуролига эга бўлган фуқароларларнинг ов қуролларини сақлаш ҳолатлари маъсул ходимлар томонидан вақти-вақти билан текшириб турилади. Текширувлар давомида фуқароларга қурол сақлаш қоидасини бузганлиги ва рухсатнома муддати ўтганлиги учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилади.

Яқинда Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган “Тозалаш-Антитеррор” тадбири давомида бир қатор ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Жумладан, фуқаро Х. Акрамовнинг хонадонида 1 дона 1950 йилда ишлаб чиқарилган, 16 калибрли, 58432 рақамли бир оғизли ов қуроли ва 3 дона темир гильзали ўқ, бир дона темир гильза ноқонуний сақланаётганлиги маълум бўлди.

Судга оид экспертизанинг ҳулосасига кўра, ушбу ов қуролининг техник соз ҳолатда ва отиш учун яроқли эканлиги аниқланди. Ушбу жиноий ҳолат юзасидан тергов ишлари бошланиб, иш суга оширилди.

Маълумки, қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилганлик учун Ўзбекистон Жиноят кодексининг 248-моддаси биринчи қисмига кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган. Мазкур модданинг иккинчи қисмига кўра, ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача, ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ёки рортлаш қурилмаларини ўтказиш эса, ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ушбу моддада назарда тутилган буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади.

Судланувчининг ноқонуний иши юзасидан ўтказилган суд мажлисида у айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, тоғасининг вафотидан кейин ов қуроли унга совға бўлиб қолганлиги, унинг ҳужжати бор-йўқлигидан хабари бўлмаганлиги, 2013 йилда ов қуролидан бир марта фойдаланганлиги, носоз ҳолатда бўлганлиги учун уни бошқа ишлатмаганлигини айтиб кўрсатма берди.

Суд мажлисида гувоҳларнинг ҳам кўрсатмалари тингланди.

Ашёвий далил сифатида олинган ов қуроли ва ўқ-дорилар давлат эгалигига ўтказилди. Судланувчига нисбатан эса, қонуний тартибда жазо тайинланди.

Шу ўринда ов қуроллари сақланиши тартиб-қоидаларини яхши тушунган фуқароларимиз қонунга риоя қилиб, ўз хоҳишлари билан ўқортар қуролларни давлат эгалигига топшираётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишни ўринли деб биламиз. Ҳар бир юртдошимиз ўз уйида ноқонуний тарзда ов қуроли сақланаётган бўлса, уни ички ишлар идорасида рўйхатдан ўтказиши зарурлигини унутмаслиги керак! Зеро, қонунга риоя қилиш, эҳтиёткорлик бир қанча кўнгилсизликларнинг олдини олади, албатта.

Бугунги кунда ов мавсуми бошланганлигини инобатга олиб, ҳаваскор овчилардан, ов қуроллари ва уларнинг ўқ-дориларини сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш вақтида белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилишлари сўралади.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Опубликовано: 13.12.2017
Укилди (марта): 1