ОНА ҚАЛБИДАГИ БЕДОРЛИК

ОНА ҚАЛБИДАГИ БЕДОРЛИК

Кўз очиб, юмгунча умр ўтиб кетаркан. Онахон бугун 70 ёшга тўлади.

35 ёшида бева қолган аёл уч ўғлини ёлғиз боши билан оқ ювиб, оқ тараб, бировдан кам қилмай вояга етказди. Ўғиллари бугун ўзига тўқ, уйли-жойли, бир этак фарзандли...

Рўзғоридан ташвиши йўқ, дастурхони тўкин, бир қарашда ҳаётидан ҳеч ками йўқ онахоннинг кўзлари негадир доим хомуш кўринади. Агар ҳол сўраб, бирор нима дегудек бўлсангиз, йиғлаб юборгудек аҳволга тушади. Негадир елкаларини қисиб, қимтиниб яшайди у. Гўёки, қўрқиб, бирор нарсадан чўчиб яшаётгандек.

Ўғиллари яхши тарбия топишгани учун ҳам онахонга муомалалари бирдай яхши, меҳрибондек гўё. Бироқ, бирор муаммо чиқса ёки маслаҳатли иш бўлса, “Она, Сиз индамай, аралашмай ўтиринг, биз ўзимиз ҳал қиламиз!” дейишади-да, келинлар билан бамаслаҳат иш тутишаверади.

Улар онасини уйнинг тўрига ўтқазишади-ю, лекин маслаҳатли иш бўлганда гўёки оналари йўқ мисол...

Тўйлари жуда дабдабали бўлади-ю, онам қаерда, деб ўйламайдилар аслида. Ҳамма нарса муҳайё-ю, онаизорининг дуолари ҳам кераксиздек гўё.

Ўз уйида ўзини кераксиз буюмдек ҳис қилиб юради онаизор. Шундай пайтда бир оғиз ширин гапга зор сезади у ўзини. Нимага рангингиз сўлғин, нимадан сиқиляпсиз, саломатлигингиз яхшими, дея сўрашга фурсатлари йўқ у марду майдонларнинг. Она эса, болаларидан айнан шуни кутади, қалбидаги ҳаловатсизликни, бедорликни сезишини...

Дарвозахонада машиналар қатор-қатор туради-ю, ўғиллари қавм-қариндошларининг ҳолидан хабар олиш учун чиқиб кетаётган онани манзилга элтиб қўйишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар.

Онаизор барибир ўзини бахтиёр сезаверади. У жудаям бахтли, фарзандлари соғу саломат, дуолари ижобат бўлиб, уларнинг ишлари бароридан келган, бу уйда ҳамма нарса муҳайё...

Она хурсанд, хонадонида хотиржамлик ҳукмронлигидан, тўқчилик, тўкинчилик борлигидан. Аммо, ҳар куни ибодат маҳали қалбининг туб-тубида бир нидо муножот қилади яратганга. Унинг юраги сел бўлиб йиғлайди шу онда.

 

ЙЎҚОТИЛГАН БОЙЛИК

 

Аслида оламдан ўтган онахонни пешин вақтида дафн этиш учун ҳаммага хабар берилган эди, аммо ғассол ўз ишини тугата олмади.

Катта, эрта тонгдан супуриб-сидирилган саришта ҳовлига сув сепилиб, қимматбаҳо стол-стуллар қўйилди, оппоқ дастурхон ёзилди. Гўё ҳаммаёқ дабдабали тўйга тайёрдек.

Ғассол катта уйнинг эшиги олдида туриб ўғилларни бир-бир чақирди ва саволга тута бошлади.

— Ўғлим, — деди у биринчи ўғилга юзланиб. — Бугун онангизни кўрибмидингиз?

— Йўқ, бугун кўролмадим. Ҳар куни деразадан қараб турардилар. Бугун ухлаб қолгандирлар, деб машинага ўтириб, келинингиз билан ишга кетдим, болалар ўқишга кетишди.

— Оҳ, болам-а, ахир кетаётганингизда нега кириб бир бор хабар олиб кетмадингиз-а! Кекса одамни ҳам шундай ташлаб кетасизларми? Сизлар келгунингизгача жони узилган онангизнинг бутун аъзолари қотиб қолган. Оғизлари, кўзлари очилиб қолган экан. Мен уларни тўғирлай олмадим... Эҳ, болам-а, ғафлатда қолибсиз, жуда катта гуноҳга ботибсиз. Энди бу гуноҳни қандай кўтариб юрасиз, — деди-ю, у бошини сарак-сарак қилиб уй тўрига ўтиб кетди.

Она асрда дафн этилди.

Ҳамма қабристондан қайтди. Умри меҳнатда ўтган, ёши улуғ, мунис онахоннинг яхши ишларини эслаб, қуръон тиловат қилишди.

Катта ҳовли, шоҳона уйлар онахоннинг ортидан мунғайиб, ҳувиллаб қолди. Орадан уч кун ўтар-ўтмас эшикка катта қулф тушди.

ОНА МЕҲРИ

Бугун она ҳовлисидаги токнинг янги баргларини териб олиб, ток оши тайёрлади. Болалари, набиралари билан дастурхон атрофида ўтирар экан, кўча эшигига бот-бот қараб қўярди у.

—   Ҳа, онажон, биров келдими, — сўради ўғли.

—   Йўқ, ўзим, — жилмайиб қўяди она.

Қанийди ҳозир ё қизи куёви билан, ўғли набираси билан кириб келса-ю, шу тотли таомдан ейишса...

Шу пайтда онанинг қўл телефони жиринглайди.

—   Ало, ойижон, яхшимисизлар. Дадам билан келинингиз зўр манти тайёрлаб қўйишибди...

Онанинг кўзлари қувончдан порлайди. Лаблари аста пичирлайди:

—           Оллоҳим, ўзингга шукур, тинч экан, қорни тўқ экан... — дея кўзларида кўринмас ёш пайдо бўлади шу онда.

 

Муборакхон МАННОПОВА

Узбекский
Опубликовано: 25.12.2015
Укилди (марта): 2