ОИЛА ҚОНУНЧИЛИГИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Оила ҳаёт абадийлигини, авлодлар давомийлигини таьминлайдиган, миллий қадриятларимизни келажак авлодларга етказадиган муқаддас маскандир. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини юксалтириш, оилаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофа қилишга қаратилаётган доимий эьтибор юксак самара бераётир.

Ҳаёт бешикдан бошланади, Ватан ҳам. Бешик — оила. Давлатимиз раҳбари айт­ганидек, оила мустаҳкам бўлса, жамият мустаҳкам бўлади, оила тинчлиги — жамият тинчлиги дегани. Оила обод­лиги — юрт ободлигидир аслида, фарзандлар қандай одам бўлиб вояга етиши биринчи навбатда оилага боғлиқ. Ҳар бир киши ўз оиласи олдида масъул. Бу масъулиятни ҳис қилиш билан биз Ватан олдидаги фарзандлик бурчимизни адо этган бўламиз.

Бола тарбияси — бутун жамиятнинг иши, айни пайтда ҳар бир фуқаронинг бурчи. Шу боис, халқимизнинг азалий анъаналаридан, миллий руҳиятидан келиб чиққан ҳолда тарбиянинг «Оила-мактаб-маҳалла» тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этиш юзасидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Чунки, бола оилада камол топади, мактабда таълим-тарбия олади, маҳалла бағрида ўсиб-улғаяди. Бола оилада тўғри тарбия олса, мактабда намунали ўқувчига айланади, маҳаллада бошқаларга ибрат бўлади. Албатта, унда ўз-ўзидан ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият ҳам шаклланиб боради. Фарзандлари баркамол, ёшлари билимдон ва ватанпарвар бўлиб улғаядиган давлат қудратли, халқ эса, кучли бўлади. Негаки, бугунги тезкор ва шиддатли даврда миллат ва халқ тақдирини нафақат моддий бойлик, балки маънавий-маърифий бойлик ҳал қилади.

«Фарзандлар ота-оналарининг насл-насабидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», дейилади Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида. Шунингдек, бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида ҳам соғлом оилани шакллантириш, давлат, жамият ва оила томонидан соғлом фарзанд туғилишига эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг бугунги кун талаблари даражасида таълим олишлари учун шарт-шароитлар яратилишига алоҳида эътибор қаратилган. Шу асосда Меҳрибонлик уйлари, мактаб-интернатларида тарбияланаётган болаларга давлат ёрдами янада кучайтирилди. Зеро, Конституциямизнинг 64-моддасида таъкидланганидек, «Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди...». «Соғлом авлод учун» жамғармаси, давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳам бундай хайрли ишларга жалб этилмоқда.

Мустақиллик йилларида болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимининг меъёрий-ҳуқуқий асослари бўйича жиддий сифат ўзгаришлари рўй берди. 1992 йилнинг 9 декабрида «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги халқаро Конвенциянинг миллий қонунчилигимизга жорий этилиши ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир. Унга кўра, бола мустақил ҳуқуқ субъекти эканлиги, унинг манфаатлари жамиятда устувор қўйилиши эътироф этилган. Конвенция талабларига мувофиқ, бола ҳуқуқлари Оила кодекси, Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган. Оила қонунчилигининг асосий субъекти ҳисобланувчи вояга етмаганларнинг ҳуқуқий мақоми халқаро Конвенцияда эътироф этилган ҳуқуқларга тўла мос келади.

Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилиги конвенцион нормаларга мослаштирилар экан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида «Вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари» деган бобнинг мавжудлиги алоҳида эътиборга сазовордир. Мазкур бобда вояга етмаганларга нисбатан амалдаги 8 турдаги жазо чораларидан фақатгина 4 тури (яъни, жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш) назарда тутилган. Шулардан энг оғири бўлмиш озодликдан маҳрум этишнинг энг максимал муддати 10 йилдан ошмаслиги белгиланган. Бундан ташқари, жиноят қонунчилигига мувофиқ, вояга етмаган шахс томонидан жиноят содир этилиши айбни енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади ва бу шахсларга ўлим жазоси, қўшимча жазо турлари қўлланилмайди.

Мамлакатимизда «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциянинг миллий қонунчилигимизга жорий этилишини таъминлаш соҳасида чора-тадбирлар янада такомиллашиб бормоқда. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар орасида жиноят содир этилишининг имкон қадар олдини олишда “Оила-мактаб-маҳалла ҳамкорлиги” муҳим ўрин тутади. Шундай экан, оила, ўқув муассасалари ва кенг жамоатчилик ўртасида болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг олдини олишга қаратилган турли чора-тадбирларни янада кучайтириш зарур. Шундагина, ўсмирларни яшаш, ўқиш ва иш жойларида турли ғайриқонуний оқимлар таъсирига тушиб қолишдан асраган бўламиз.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳудудий комиссиялар, маҳалла ва кенг жамоатчилик ўртасида ҳамкорликни кучайтириб, ҳуқуқ-тарғибот ишларини жонлантириш ҳамда вояга етмаганларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлаш, спорт ва бошқа тўгараклар фаолиятини ривожлантириш, вояга етмаганларни тарбияга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан сақлаш ҳам ҳамиша долзарб масаладир.

Шавкат БАХРАНОВ,

“Адолат” нашриёти ходими

 

Опубликовано: 25.11.2016
Укилди (марта): 2