Нашриёт ҳақида

«Адолат» нашриёти – бу қонун ҳужжатларининг энг ишончли ва аниқ шакли, бу расмий ҳуқуқий адабиётлар нашр этиладиган Ўзбекистондаги ягона нашриёт, бу республикамиздаги энг таниқли ва ишончли ҳуқуқшуносларининг ижод маҳсуллари.

Тарих. Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” нашриёти 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш ва қонун ҳужжатларини етказиш бўйича Ўзбекистондаги ягона расмий нашриёт бўлиб турибди.

Мақсад. Бизнинг асосий мақсадимиз аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, қонун ҳужжатлари, хусусан Ўзбекистон Республикасининг кодексларига бўлган эҳтиёжни қондириш. Айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун ишончли ва тезкор маълумотларни етказиш.

Муаллифлар. Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” нашриёти йиллар давомида Ресубликамиздаги атоқли ҳуқуқшунослар, давлат ва жамият арбобларининг турли мавзудаги китобларини нашр этган ва этмоқда.

Ҳамкорлик. Ижодкорлар, ҳуқуқшунослар, тадқиқотчилар диққатига: Сиз ўзингиз бошлаган ҳуқуқий мавзудаги ишингизни биз билан ҳамкорликда нашр эттиришингиз мумкин. “Адолат” доимо илм ва билимдонлар меҳнатини қадрлайди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти давлат корхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–314-сон Фармонига асосан ташкил этилган.

Нашриёт ўз фаолиятига ҳуқуқий адабиёт соҳасида юқори малакали юристлар, тилшунослар, ноширларни жалб этган ва айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг кодекслари, кодексларга шарҳлар, кодекслар тўпламлари, “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами” – “Собрание законодательства Республики Узбекистан” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами” – “Сборник международных договоров Республики Узбекистан” расмий даврий нашрлар, шунингдек турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий нашр сифатида чоп этиб, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз аҳолисини ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлашда салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳар бир қонун ҳужжатини расмий манбаларда ўз вақтида эълон қилиб бориш, қонун ҳужжатларини умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилишнинг қонуний тартиби яратилди. Ўзбекистон Республикасининг барча турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари кодекс, қонун ҳужжатлари тўпламлари, рисола ва бошқа кўринишларда эълон қилиниб келинмоқда.

“Адолат” нашриёти давлат корхонаси томонидан чоп этилаётган расмий нашрларни кўплаб хорижий давлатларга, жумладан Россия Федерацияси, Украина, Белоруссия, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон Республикаларига жўнатилиши йўлга қўйилган бўлиб, ўз навбатида ушбу хорижий давлатлардан ҳам расмий нашрлар келиб тушиши ва кенг миқёсда ахборот алмашуви йўлга қўйилган.

“Адолат” нашриёти ўтган фаолияти давомида халқимизнинг ҳуқуқий мероси ҳисобланган нодир асарларни нашр этишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, ҳуқуқий меросимиз хазинасидан туркумида Мусо ат-Термизийнинг “Суннани Термизий”, Бурхониддин ал-Марғинонийнинг “Ҳидоя”, А.Халлофнинг “Усулул фиқҳ”, “Мутафаккирлар ахлоқ-одоб ҳақида” асарлари нашр этилди.

Амалга оширилган шу ва бошқа саъй-ҳаракатларнинг келгусида янада ривожланиб бориши ўзларига боғлиқлигини ҳис қилган нашриётимиз жамоаси халқимиз, ёшларимизнинг маънавиятини, ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган кўплаб адабиётларни нашр этиш, аҳолини ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлаш мақсадида янги нашрлар устида ишламоқда.

Опубликовано: 27.03.2015
Укилди (марта): 2