НАЗОРАТГА МУҲТОЖ НАЗОРАТЧИ

Яқинда суд мажлисида электр тармоқлари корхонаси электр-монтёри Дилмурод Каримов(исм-шарифлар ўзгартирилган)га тегишли жиноий иш кўриб чиқилди.

Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, истеъмолчилар билан ишлаш ва техник хизмат кўрсатиш электр-монтёри вазифасида ишлаб келганлиги, унинг хизмат вазифаларига бир ойда бир маротаба юридик ташкилотларнинг ҳисоблагичлари кўрсаткичларини назоратдан ўтказиш, муддати ўтган қарздорликлар аниқланган тақдирда, уларни ундириш чораларини кўриш каби ишлар киришини айтиб кўрсатма берди. Шунингдек, у ишхонасига Икром Мирсолиҳов келиб ўз уйида картошкаларни сақлаш учун музхона тайёрлатганлиги, уни электр тармоғига улаши зарурлигини айтиб, керакли ҳужжатларни қандай расмийлаштириш бўйича маслаҳат сўраганлигини айтди.

Назоратчи биринчи навбатда унга махсус электр ҳисоблагич ўрнатиши, алоҳида лойиҳа ҳужжатлари зарурлигини тушунтиради. Бундан ташқари, унга тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома кераклигини, бино ҳужжатларидан нусхалар олиши лозимлигини айтади. Истеъмолчи музхона учун тезроқ электр ҳисоблагич зарурлигини айтиб, ундан янги ҳисоблагич топиб беришини илтимос қилади. Назоратчи эса, келишилганидек эртаси куни ундан 450 минг сўм пулни олиб, пойтахтдан давлат стандартидан ўтган электр ҳисоблагични олиб келиб беради ва бирор таниш уста топиб тармоққа улатиб олишини айтади.

 Шу тариқа истеъмолчи уч фазали электр тармоғига ноқонуний равишда уланиб, уйидаги музхонани қонунга зид равишда ишлата бошлайди. Зарур ҳужжатларни расмийлаштириш масаласи эса, очиқлигича қолади. Суд мажлисида судланувчининг таъкидлашича, уларни расмийлаштиришга ёрдам бермоқчи бўлса-да, истеъмолчи зарур ҳужжатларни унга тақдим қилмаган.

Назоратчи буни билса-да, қонуний чора кўрмаган ва бу ҳақда раҳбариятни огоҳлантирмаган. Бу ҳам етмагандек, истеъмолчи билан туман Электр тармоқлари корхонаси ўртасида тузилган шартнома йўқлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг  туман бўлими ходимлари томонидан истеъмолчининг уйидаги музхонада текширув ўтказилганидан хабар топган Дилмурод Каримов сохта шартнома тайёрлайди ва унга корхона муҳрини босиб, раҳбар, бўлим устаси ва истеъмолчининг имзосини уларнинг имзосига ўхшатиб қўяди-да, шартномани рўйхатдан ўтказмасдан, ўзи истаган санани қўйиб, туман прокуратурасига тақдим қилади.

Судланувчи истеъмолчи унга яқин таниш бўлганлиги, ўзига ва раҳбариятга гап тегиб қолмаслигини ўйлаб шундай қилганлигини айтиб, суддан енгиллик сўради.

Суд мажлисида гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тингланди.

Суд қалбаки ҳужжатларни расмийлаштирган назоратчининг ноқонуний ишини ўрганиб чиқиб, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ва хусусиятини, судланувчининг шахсини, оилавий шароитини, оилада ягона боқувчи эканлигини, муқаддам судланмаганлигини, айбига иқрорлигини ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 228-моддасига асосан ойлик иш ҳақининг 25 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

 

Опубликовано: 06.12.2017
Укилди (марта): 2