НАФАҚАДАГИ “ТАДБИРКОР”

Яқинда “Дунё мўъжизалари” номли интернет сайтида шундай маълумот берилди: “Чаённинг устига бир неча томчи ароқ томизилса, у ақлдан озиб, ўзини ўзи чақиб ўлади”. Энди ўзингиз тасаввур қилаверинг, ароқ ичган маст одамнинг аҳволини.

Ичкиликнинг инсон саломатлигига, оилалар ва жамият тинчлигига зарари ҳақида қанча кўп гапирилмасин, минг афсуски, ароқхўрлик ва унинг аянч оқибатлари осуда ҳаётимизни оз бўлса-да, дилхира қилиб, қанчадан-қанча жиноий ишларга айнан ичкилик сабаб бўлиб қолмоқда. Ҳаммамиз ҳам ҳаётимиз давомида оқ ароқнинг қора қилмишларига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Спиртли ичимликлар ичишга ружу қўйган фуқаролар орасида жиноий ҳолатлар тез-тез қайд этилади. Бу масаланинг бир томони, ҳатто фуқароларимиз орасида қалбаки ароқ ишлаб чиқариш ҳоллари ҳам учрамоқда.

Яқиндагина нафақага чиққан Илҳом Шокиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳаёт тажрибаси бўла туриб, нотўғри йўлни танлаган, ана шундай ишнинг уддасидан чиққан “тадбиркор”лардан. У уйда ўтириб пул топиш режасини тузди, бироқ оқибатда қаттиқ адашди, иш судгача борди.

Илҳом Шокиров ўз хонадонида қалбаки ароқларни тайёрлаб, уларни сотиш билан шуғулланиб келаётганди. Харидорлари ҳам “тилига маҳкам” бўлганиданми, иши беш эди! Бироқ, ҳаром йўл билан топилаётган даромад қалбаки ароқ тайёрловчи “тадбиркор”ни абгор қилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Чиноз туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган текшириш жараёнида маълум бўлишича, И. Шокиров хонадонида қалбаки ароқ тайёрлаб, унинг харидорларини ҳам осонгина топишга улгурган. Текширув ва суриштирувлар давомида ўша куни у фуқаро Н. Самадовга ўзи тайёрлаган бир шиша ароқни 10 минг сўмга сотганлиги маълум бўлди. 1 литр ҳажмли 5 дона, 0,5 литр ҳажмдаги 1 дона елим идишларда мавжуд бўлган жами 5,5 литр спиртли маҳсулотлардан тайёрланган қўлбола ароқлар ва уни тайёрлашда фойдаланилган асбоб-ускуналар далилий ашё сифатида олинди.

Суд мажлисида сўроқ қилинган ҳуқуқбузар И. Шокиров айбига иқрор бўлиб, туман Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан хонадонида текшириш ўтказилганида уйидан қўлбола усулда тайёрланган ароқ маҳсулотлари топилганлигини тан олди. У қилмишининг оқибатларини тушуниб етганлигини, пушаймонлигини, бошқа бундай ҳолат такрорланмаслигини айтиб, суддан енгиллик сўради.

Суд ҳуқуқбузар Б. Шокиров содир қилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари бўйича тўпланган далилларни, иш ҳужжатларини ўрганиб, кўрсатмаларни тинглаб, якуний хулосага келди. Қалбаки ароқ ишлаб чиқариш билан шуғулланган ҳуқуқбузарнинг жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1861-моддаси билан квалификация қилиниб, айбдорга нисбатан қонун асосида жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, далилий ашё сифатида олинган 5,5 литр ясама ароқ ва бошқа буюмлар тегишли тартибда йўқ қилинадиган бўлди.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

“Адолат” нашриёти муҳаррири

Опубликовано: 03.08.2017
Укилди (марта): 2