КЕНГ КЎЛАМЛИ ИШЛАР САМАРАСИ

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг кодекслар, кодексларга шарҳлар, норматив- ҳуқуқий ҳужжатларни расмий нашр сифатида чоп этишга ихтисослаштирилган, республикамизда ягона бўлган «Адолат» нашриётининг таъсис этилиши ҳам юқоридаги хайрли мақсад йўлида ташланган қадамлардан бири бўлди.

Дарҳақиқат, Адлия вазирлиги тизимининг маърифий тармоғи саналган «Адолат» нашриёти Ўзбекистонда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва такомиллаштириш, аҳолини ҳуқуқий нашрлар билан таъминлашга қаратилган адабиётлар чоп этиш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан «Адолат» нашриёти давлат корхонасида соҳада амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида «Юксак ҳуқуқий тафаккур – демократик жамият гултожи» шиори остида «Адолат» нашриёти: кеча ва бугун» мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида айнан юқоридаги фикрлар айтиб ўтилди.

— Ҳуқуқий нашрлар орасида Ўзбекистон Республикасининг янги қонунлари, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, кодекслар, қомусий тўпламлар, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий адабиётлар билан бир қаторда, илмий-оммабоп китоблар, дарслик ва ўқув қўлланмалари, «Ўзбек детективи» туркумида чоп этилган қизиқарли бадиий адабиётлар, ҳуқуқий рисолалар ҳам бор, — дейди «Адолат» нашриёти бош муҳаррири Абдулҳамид Омонов. — Айниқса, ёшларни ҳуқуқий меросимиз билан таништириш, шу билан бирга, уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида «Ҳуқуқий меросимиз хазинасидан», «Ахлоқ. Адаб. Адолат» туркумларида ҳам бир қатор дурдона асарлар нашр қилинди. Бу анъана бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

«Адолат» нашриёти томонидан ўтган давр мобайнида 700 дан ортиқ номланишдаги 8 миллион нусхадан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, кодекслари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳуқуқшуносликнинг турли соҳаларига оид илмий-оммабоп адабиётлар, дарслик, ўқув қўлланмалари ва бошқа адабиётлар нашр этилди. Қонун ҳужжатларини халқимизга содда ва тушунарли тарзда етказиш мақсадида ҳуқуқшунос олимлар билан ҳамкорликда қонун ҳужжатларига шарҳларни яратиш изчил давом этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига, қатор қонун ҳужжатларига шарҳлар, пенсия таъминоти, хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, меҳнат қонунчилигига оид ўнлаб адабиётлар шулар жумласидандир.

— Корхонамизда халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам тобора кенгайиб бормоқда, — дейди нашриёт муҳаррири Гулбаҳор Ортиқхўжаева. — БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастури, Тинчлик корпуси, ЮНЕСКО, Халқаро Қизил Хоч ташкилоти, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти, чет мамлакатларнинг юртимиздаги элчихоналари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имконини бермоқда. Шу билан бирга нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ҳам изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Анжуманда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба — «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплам»лари, илмий-оммабоп адабиётларнинг нашр этилиши ва уларни тарқатиш, Ўзбекистон расмий нашрларини хорижий давлатларга юбориш, ўз навбатида хорижий давлатлардан ҳам расмий нашрлар қабул қилиш борасидаги ахборот алмашинуви юзасидан ҳам фикр юритилди.

Шунингдек, тадбир доирасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари, ҳуқуқий нашрларни чоп этиш ва тарқатиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди, саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Шаҳризода МУҲСИМОВА

Опубликовано: 01.04.2015
Укилди (марта): 1