КИТОБ – ЭНГ ЯХШИ СОВҒА

Хайрли ташаббус

КИТОБ – ЭНГ ЯХШИ СОВҒА

 Китоб барча илмларнинг боши, инсонни камолотга етакловчи зиёдир. Республика миқёсида боғчага қамраб олинмаган болаларга китоб­лар тарқатилмоқда. Бу хайрли ташаббус қанчадан-қанча хонадонларга зиё нурини, оилаларга, айниқса, ёш ўзбекистонликлар қалбига китобхонликка бўлган меҳрни олиб кирмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан қишлоқ жойлардаги мактабгача таълимга қамраб олинмаган 3–6 ёшли фарзандлари бўлган оилаларга 7 номдаги китоб­лар бепул тарқатилмоқда. Яқинда чинозлик 1737 оилага ҳам мана шундай китоблар жамланмаси тақдим қилинди.

Китобларнинг мазмун-мундарижаси, бу хайрли ишга бош бўлаётган  вакилларнинг фикри билан қизиқдик.

–  Совға қилинаётган тўпламда қизиқарли эртаклар, шеърлар жамланган китоблар бор, – дейди Чиноз туман Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мактабгача таълим услубчиси Мўътабар Аюбова. – Лойиҳа бўйича ишчи гуруҳга 12, 18, 20, 28-мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари масъул қилиб белгиланган бўлиб, ота-оналар билан тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. Китобларда берилган ҳар бир эртак, ривоят, шеърдан кейинги саволлар, топшириқлар кичкинтойларнинг асар ғоясини англашига, воқеа-ҳодисалар ҳақида мулоҳаза юритиб, фикрини эркин айта олиши, мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришига ёрдам беради.

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати берган маълумотга кўра, китоблар тўплами биринчи босқичда 200 минг, иккинчи босқичда 153 минг оилага тарқатилади. Шу мақсадда “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлинмалари ва ҳудудий халқ таълими бош­қаруви идоралари томонидан оилаларнинг рўйхати шакллантирилган. Бу жараёнда улардаги мактабгача таълимга қамраб олинмаган 3–6 ёшли болалар сони, оила жойлашган маҳалланинг туман марказидан узоқлиги, оиланинг кам таъминланганлиги каби жиҳатлар ҳисобга олинган.

Китоблар тўплами оилаларга энг яқин жойлашган мактабгача таълим муассасалари орқали тарқатилади. Бунинг учун республика бўйича 2144 та мактабгача таълим муассасаси танлаб олинган. Тегишли тавсияномага кўра, тўплам ота-оналарга муассасада тузилган ишчи гуруҳ томонидан тарқатилммоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари китобларни ота-оналарга тар­қатиш баробарида уларга китоблардан фойдаланиш методикаси бўйича зарур тушунчаларни ҳам беришмоқда.

Энг муҳими, лойиҳа талабларига кўра, эндиликда мактабгача таълим муассасасининг педагог кадрлари ҳар ойнинг белгиланган кунлари болалар билан учрашиб, ҳар бир китоб­дан тўғри фойдаланиш бўйича машғулотлар ўтказишади.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Опубликовано: 01.08.2017
Укилди (марта): 2