Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди

Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди

Мамлакатимизда “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида саломатлик ҳафталиги ўтказилмоқда


Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёши улуғ инсонларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарорлари ҳамда 2014 йил 13 октябрда қабул қилинган “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан ишлаб чиқилган манзилли дастурларга мувофиқ, 2014 йилда Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятларида кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, туғруқ комплекслари, болалар санаторийси ва пойтахтдаги педиатрия тиббиёт институтининг болалар хирургияси бўлими сингари 137 тиббиёт муассасаcида 410 миллард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ўтказилаётган ҳафталик ҳам худди шу мақсадга қаратилган. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг 300 га яқин етакчи олим ва малакали шифокори иштирок этаётган тадбирда аҳоли, биринчи навбатда, нуронийлар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. 

– Ўтган йили 13 миллион 600 мингдан зиёд аёл ва бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош офталъмологи Зафар Сиддиқов. – Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб уч миллионини 60, 225 мингини 80, 44 мингини 90, 8 минг 700 нафарини эса 100 ёшдан ошган табаррук кексалар ташкил этади. Уларнинг 3 мингдан зиёди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва меҳнат фронти фахрийсидир. Малакали шифокорларимиз жисмоний имконияти чекланган ёши улуғ инсонларнинг уйига бориб, уларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда. 

Ҳафталик доирасида хирург, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропотолог, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, уролог сингари кўплаб юқори малакали мутахассислар Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган кўп тармоқли поликлиникада бўлиб, аҳоли, айниқса, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда. 

– Одамнинг ёши ўтгач, ҳали у ери, ҳали бу ери тез-тез безовта қилавераркан, – дейди байтқўрғонлик Жўра бобо Шораев. – Илгари дўхтирларнинг олдига бориб, соатлаб навбат пойлаган бўлсак, бугун уларнинг ўзи уйимизга келиб тиббий кўрикдан ўтказаяпти. Зарур муолажаларни қилаяпти. Барака топишсин! Ёшим бир кам саксонда. Шунча йил яшаб, бунчалик эъзозни кўрмагандим. Илоҳим, мустақиллигимизга кўз тегмасин. Президентимиздан миннатдормиз. Кексаларга кўрсатиладиган ғамхўрлик бўлса, шунчалик бўлади-да! 

Саломатлик ҳафталиги доирасида қишлоқ врачлик пунктлари, марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар шифокорлари хонадонларда бўлиб, жисмоний имконияти чекланган ёши улуғ инсонларга тиббий ёрдам кўрсатаётир. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда. 

 

 

Бекзод Ҳидоятов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
Узбекский
Опубликовано: 27.06.2015
Укилди (марта): 2