ҲАМЁНИНИ “ОЛДИРГАН” ВАЛЮТАФУРУШЛАР

Пул топишнинг йўли кўп. Бироқ бу борада кўпчилик одамлар қонуний йўл тутса, айрим кишилар ноқонуний ишни қилишдан ҳам қўрқишмайди. Энг ёмони, бора-бора бу ҳолат кундалик одатга айланади. Мамлакатимиз қонунчилигига кўра, хорижий валюталарни айирбошлаш тизими янада тартибга солинди. Яратиб берилаётган қонуний шарт-шароитлар “қора бозор”нинг танобини қирқди. Айниқса, валютафурушликка қарши курашиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан олиб борилаётган тезкор тадбирлар бир қанча ноқонуний хатти-ҳаракатларни фош қилмоқда.

Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деб бекорга айтмаган халқимиз. Қонуний асосда жазога тортилиб, ҳамёнидаги пулини жаримага тўлаётган валютафурушлар яна шундай қонунбузарликка йўл қўйишни ўйлаб, мушоҳада қилиб кўришади, албатта. Буни судланувчиларнинг суд жараёнларидаги сўзларидан сезиш қийин эмас.

Ўша куни Шавкат Нуриддинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) билан Носир Азимов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Чиноз туман бўлими ходимлари томонидан “Чиноз деҳқон бозори” ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирнинг “қурбон”и бўлишди. Фуқаро Шокир Абдумўминовнинг аризаси асосида ўтказилган тезкор тадбир давомида Шавкат Нуриддинов ҳамда Носир Азимовларнинг валютафурушлик билан боғлиқ ноқонуний ишларига чек қўйилди.

Ўтказилган тадбир давомида валютафурушлар аризачига 200 АҚШ долларини 8200 сўмдан ҳисоблаб, жами 1 миллион 640 минг сўмга сотган вақтида холислар иштирокида ашёвий далил билан ушланишди.

Шунингдек, Шавкат Нуриддинов холислар иштирокида шахсий кўздан кечирилганида унинг ёнида жами 100 АҚШ доллари, 700 қозоқ тенгеси ва 263 минг сўм пул маблағлари борлиги аниқланди.

Носир Азимов эса, ўз ихтиёри билан ҳамёнидан 29 минг қозоқ тенгеси ва 2 миллион 530 минг сўм пул маблағларини департамент ходимларига кўрсатди. Ҳар иккала қонунбузарнинг ҳамёнидаги пуллар холислар гувоҳлигида ашёвий далил сифатида олинди.

Валюта маблағлари тегишли ҳужжатлар асосида расмийлаштирилиб, вақтинчалик сақлаш учун банкка топширилди.

Суриштирув органи томонидан валютафурушнинг содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари, яъни валюта бойликларини қонунга хилоф равишда ўтказишдаги белгиларга асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига асосан кўриб чиқилди.

Мазкур ноқонуний иш юзасидан Чиноз туман маъмурий судида ўтказилган суд мажлисида судланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Суд уларга нисбатан жазо тайинлашда судланувчиларнинг қилмишларидан пушаймонлигини, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини, оилавий аҳволини ҳисобга олиб Маъмурий жавобгарлик кодекси  170-моддасининг санкциясида кўрсатилган жарима жазосининг энг кам миқдорини тайинлашни лозим деб топди.

Судланувчи Шавкат Нуриддинов ҳамда Носир Азимовга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 170-моддаси билан энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилди.

Валютафурушларнинг хатоси уларнинг ҳамёнини анча енгиллатадиган бўлди. Суд иш бўйича ашёвий далил сифатида олинган ва банкда сақланаётган барча пул маблағларини давлат эгалигига ўтказиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Опубликовано: 27.12.2017
Укилди (марта): 2