КЕКСАЛАР ҲУҚУҚЛАРИ — ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Яқинда “Адолат” нашриёти томонидан «Кексалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» китоби нашр этилди.

Мазкур тўпламга кексалар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари киритилган.

 

Кексаларни ҳурмат қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш жамиятимизнинг ўзига хос юксак маънавий ва маданий белгисидир. Ўзбек халқига азалдан хос бўлган бундай юксак фазилатлар истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов томонидан ишлаб чиқилган иқтисодиётни ислоҳ этиш ва янгилаш бўйича беш тамойилга асосланган тараққиётнинг «ўзбек модели» мамлакатимиз истиқболини тубдан ўзгартириш йўналишларини белгилаб берди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий базага асосланган ишончли тизимни шакллантириш эса ушбу моделнинг асосий йўналишларидан биридир. Зеро, инсон, унинг ҳаёти ва орзу-умидлари давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлиб келмоқда.

Бугунги кунда глобаллашув жараёнларида дунё аҳолисининг умри узайиши ҳамда кекса ёшдагиларнинг миқдори ортиши кузатилмоқда. Дунё бўйлаб 60 ва ундан юқори ёшдаги одамларнинг сони икки боробардан ҳам ортмоқда, яъни 1995 йили уларнинг сони 542 миллон бўлган бўлса, 2025 йилга бориб бу рақам тахминан 1,2 миллиардга етиши кутилмоқда. Айни пайтда, катта ёшдаги аҳолининг энг тез ўсаётган қатлами энг кекса ёшдаги гуруҳ, яъни 80 ва ундан юқори ёшдаги шахслар ҳисобланади. 2050 йилгача бўлган даврда 80 ёшдаги аҳолининг сони тўрт мартага кўпайиб, 395 миллионга етади.

Бугунги кунда кексаларнинг ҳуқуқларига оид бир қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Бу эса мазкур муаммонинг қанчалик долзарб эканлигидан далолат беради. Аввало, кексаларнинг ҳуқуқларини таъминлайдиган ҳужжатлар сирасига ёш белгиси бўйича камситмаслик принципи мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги асосий халқаро шартномалар киради. Мазкур принцип инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги барча асосий ҳужжатларда, хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ва бошқаларда ўз аксини топган.

Кексаларнинг ижтимоий ҳимоясига бағишланган биринчи асосий ҳужжат 1982 йил 4–6 августда Венада БМТ томонидан қариш муаммолари бўйича ўтказилган БМТнинг Бутунжаҳон Ассамблеясида қабул қилинган Қариш муммолари бўйича Вена халқаро ҳаракат дастури эди. Кейинчалик 1990 йил  14 декабрда БМТнинг Бош Ассамблеяси 1 октябрни Халқаро кексалар куни деб эълон қилди. 1991 йили эса, БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан «Кекса ёшдагилар турмушини барқарорлаштириш» деб номланган БМТнинг кекса ёшдагиларга бағишланган принциплари қабул қилинди. 1992 йили эса, Қариш муаммолари бўйича декларация қабул қилинади. Ўн йил ўтгандан сўнг БМТнинг Иккинчи бутунжаҳон қариш муаммолари бўйича ассамблеясида Қариш муаммолари бўйича Мадрид халқаро ҳаракат дастури ҳамда Сиёсий декларация қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, Ўзбекистонда ҳам кекса ёшдаги аҳолининг сони йил сайин ўсиб бормоқда, юртимиз узоқ умр кўрувчилар мамлакатига айланаётганлиги эътибога лойиқ. Мустақиллик даврида аҳолининг ўртача умри 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшгача, аёлларнинг ёши 75,8 ёшгача ошди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 80 ёшдан ошган кексаларнинг сони 225 мингни, 90 ёшдан ошганлар – 44 мингни, 100 ёшдан ошганлар эса – 8700 кишини ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 мартда қабул қилинган «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ва 2011 йил 30 майдаги «2011–2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда қарияларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ йўналиш ҳамда вазифалар белгилаб берилган. Мазкур ҳужжатлар пенсия ёшидаги фуқаролар, Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларининг фаровонлигини таъминлаш, ҳаёт даражаси ва сифатини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

2015 йил «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилиниши муносабати билан Давлат дастури қабул қилинди ва уни амалга ошириш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилди. Олти бўлимдан иборат Давлат дастурида кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик қилишни кучайтиришга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш назарда тутилган. Давлат дастурини амалга ошириш учун 2 триллион 246,5 миллиард сўм ва 229,6 миллион АҚШ доллари ажратиш назарда тутилган.

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури асосида давлат ва нодавлат идоралари, жамоатчилигимиз мазкур дастурда кўзда тутилган тадбирларни бажариш юзасидан жонбозлик кўрсатиб, меҳнат қилмоқдалар. Улар қаторида Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти ҳам бор.

«Демократия ва инсон ҳуқуқлари» Институти жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фондининг «Кексаларни эъзозлаш йили»га бағишланган «Ўзбекистонда кексаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш» номли грантини қўлга киритди ва тақдим этилаётган мазкур тўпламни чоп этишни ўзнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгилади.

Кексаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни рағбатлантириш масалалари бўйича аҳолининг кенг қатламини хабардор қилиш мақсадида «Кексалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» тайёрланди. Мазкур тўпламда кекса ёшдагилар ҳуқуқларига оид Бирлашган миллатлар ташкилоти ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотларнинг ҳужжатлари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив ҳужжатлари ўз аксини топган.

 

Жамиятда инсон ҳуқуқларига риоя этиш маданиятини янада юксалтириш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга ҳуқуқий саводхонликни ошириш орқали кўмаклашиш институтнинг асосий мақсад ва вазифалари қаторига киради.

Айнан шундай эзгу мақсадлар мазкур китобни ҳаётимизнинг гултожи, хонадонларимиз кўрки, файзи, қалбимизнинг қўри, суянчимиз ва таянчимиз бўлган барчамиз учун азиз ва қадрли кексаларимиз – отахону онажонларимиз учун нашр этишга ундади.

Мазкур тўплам кексаларимизга ғамхўрлик рамзи сифатида тайёрланган бўлиб, ундан кексаларнинг ҳуқуқий мақомини белгилайдиган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинларини таъминлашга, ижтимоий муҳофаза этишга, имтиёз ва афзалликлар беришга, имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган халқаро шартномалар, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ўрин олган.

Тўплам давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар, талабалар ҳамда инсон ҳуқуқлари масалалари билан қизиқувчи кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

Мазкур китоб, аввало, кексаларимиз, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи ташкилотлар ва мутахассислар, қолаверса, кенг жамоатчилик, талабалар ва барча қизиқувчилар учун фойдали манба бўлади, деган умиддамиз.

 

Барно Сагдуллаева,

“Адолат” нашриёти ходими

Опубликовано: 23.12.2015
Укилди (марта): 2