ҚАРМОҚСИЗ ТУТИЛГАН “БАЛИҚ”ЛАР

Суд залидан

 

ҚАРМОҚСИЗ ТУТИЛГАН “БАЛИҚ”ЛАР

 

Жиноий ҳаракатларни содир этишда кўпинча гуруҳбозлик ҳоллари учраб туради. Қуйидаги жиноий иш ҳам уч кишини суднинг қора курсисигача элтди. Ўша куни Карим Аҳмедов, Бегали Ҳайдаров, Равшан Нуриддиновлар (исм-шарифлар ўзгартирилган) “Янги Чиноз”даги балиқ бозорига харидор сифатида кириб келишган эди. Ҳаммаси шундан бошланди.

Одатда, бу ерда тунда савдо қизийди. Кўп миқдорда балиқ харид қилувчилар айнан ярим тунда балиқ сотиб олиб, тонгда манзилларида бўлишади. Ўша тунда учовлон балиқ бозоридан жами 101 кг толстолобнинг ҳар бир килограмини  12 минг сўмдан, жами 1 миллион 200 минг сўмга сотиб олиб, машиналарининг юкхонасига жойлаштиришди. Балиқларни автомашинага юклаб, манзилларига кетмоқчи бўлиб туришганида бозор дарвозаси олдида уларнинг олдидан 2 нафар  нотаниш шахслар ўтиб қолишди. Улардан бирининг қўлида матодан тикилган сумкада кўп миқдорда пул бор эди. Карим Аҳмедовнинг хаёли бузилди, тинчгина ўз йўлига кетавериш ўрнига ўртоқларига ўша сумкада пул борлигини айтиб, бу пулларни олиб қўйсак, биров билармиди, қабилида йўл тутишни таклиф қилди. Қармоқсиз “балиқ” тутиш шерикларига ҳам маъқул келди. Улар халиги икки кишининг кетидан машинада кузатиб кетаверишди. Собир Нурматов уч кун аввал бозордаги сотувчиларга улгуржи савдо учун балиқларни топшириб кетган, шу куни тунда бозорга келиб, ўша пулларни йиғиб, укаси Бобур Нурматов билан уйларига қайтаётганди. Ака-ука 100-150 метрлар чамаси масофа сақлаб орқаларидан келаётган кузатув машинасини сезишмади ҳам. Аввалига ёқилғи қуйиш шохобчаси ёнида тўхтаб турган машина уларни маҳаллаларигача кузатиб борди. Укаси маҳалладан уйига олиб борадиган кўчага қайрилиб кетди. Собир Нурматов эса, орқасидан келаётган шарпаларни пайқамади ҳам. Тўсатдан бошига урилган қаттиқ жисм унинг ҳушини учирди, ёғоч бўлаги унинг бошини жароҳатлади. Оғриқдан бақириб юборган Собир йўлтўсарларни таниб қолишга улгурди, аммо пулларидан айрилди. Укаси ҳали олислаб кетмагани учун шовқиндан орқасига қайтди. Лекин иккаласи маҳалладан чиққунча пулни олиб қочган йигитларни қанча қувишмасин, улгуришмади. Автомашинага ўтирган йўлтўсарлар қочиб қолишди.

Йўлтўсарлар қармоқсиз тутилган “балиқлар”ни йўл-йўлакай бўлишиб олишди-да, бўш қолган сумкани катта йўл бўйига ташлаб кетишди. Улар пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишди. Бир қарашда иш силлиқина кечганди. Улар шундай ўйлашарди ҳар ҳолда. Аммо бундай бўлмади. Жабрланувчи аввал жароҳат билан шифохонага келди, бу ердан ички ишлар бўлимига хабар қилинди.

Суриштирув ва тергов ҳаракатлари бесамар кетмади, йўлтўсарлар тез орада топилди. Бузоқнинг югургани сомонхонагача экан. Улар жабрланувчига 4 миллион сўм миқдоридаги пулларни қайтаришди, аммо жиноий ишга жазо тайинланиши муқаррар.

Суд мажлисида бошини хам қилиб ўтирган йигитлар қилган ишларидан пушаймон бўлиб, жабрланувчидан узр, суддан енгиллик сўрашди. Суд тергов иши хулосаларини, ишдаги далилларни, жарланувчилар ва айбдорларнинг сўзларини тинглаб, судга оид тиббий текширув хулосасини ўрганиб, якуний хулосага келди.

Суд ҳукмига кўра, йўлтўсарлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси иккинчи қисмининг “а” ва “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилдилар. Карим Аҳмедов, Бегали Ҳайдаровларга нисбатан қонун асосида  3  йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Мазкур ишда жиноий шерик вазифасини ўтаган Равшан Нуриддиновга эса, сутканинг соат 22:00 дан 06:00 гача бўлган вақтида яшаш жойидан чиқиши чекланган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Маҳкумнинг зиммасига алкоголли ичимликлар истеъмол қиладиган ва кўнгил очар жойларга бормаслик, оммавий тадбирларда иштирок этмасли, жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан алоқа ўрнатмаслик, интернетдан фойдаланмаслик, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудидан ташқарига чиқмаслик каби қўшимча чеклашлар юклатилди. Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ижро этиш Тошкент шаҳри Учтепа тумани Ички ишлар бўлимининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга ошириладиган бўлди.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

“Адолат” нашриёти муҳаррири

Опубликовано: 02.08.2017
Укилди (марта): 2