Ислоҳотлар самараси ва эзгу режалар

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан 2015 йилда маданият, санъат, спорт соҳаларида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари М.Алиев, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Ф.Жўраев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий маданиятимиз ва санъатимизни, спортни равнақ топтириш, ёш истеъдод соҳибларини аниқлаш ва уларни ҳар томонлама рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

2015 йилда вазирлик томонидан бу борада қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар, фестиваль ва танловлар ўтказилди. 

“Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивали, “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, ёш созандаларнинг “Созлар навоси”, “Санъат мактаби” телефестивали, “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочилари кўрик-фестивали ва бошқа тадбирлар юқори савияда ўтказилди. “Ёшлик завқи” номли балет ва замонавий рақс ижрочилари фестивали, “Рақс сеҳри” танлови, Ёш мақом ижрочилари кўрик-танлови, “Ижодимиз сенга, Ватан!” номли ёш бастакорлар республика танлови ёш санъатсеварлар учун ҳақиқий ижод майдони яратди. 

Театр санъатида ҳам кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бериб, саҳна санъатини тараннум этувчи қатор фестиваллар ташкил қилинди. 

Мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Нима қилдик Ватан учун?” ёхуд “Биз ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” шиори остида ўтказилган фестиваллар ёш авлодда ватанпарварлик ҳиссини янада мустаҳкамлаш, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, гиёҳвандлик, диний экстремизм, терроризм каби иллатларга қарши курашиш руҳида тарбиялашга ҳисса қўшди. 

2015 йилда фойдаланишга топширилган 97 маданият ва аҳоли дам олиш маркази ҳамда 26 маданият ва истироҳат боғи халқимиз, айниқса, ёшларга ўзлари қизиққан йўналишлари бўйича билимини ошириши ва мазмунли дам олиши учун қулай шароитлар яратди. 
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури асосида мамлакатимиздаги 35 маданият ва истироҳат боғида, 37 санатория, 33 Саховат ва Мурувват уйида меҳнат фахрийлари ва нуронийлар учун мусиқий кечалар ташкил этилди. 

“Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирда қабул қилингани юртимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасидир. 

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, замонавий спорт турлари бўйича иқтидорли спортчиларни тайёрлаш ва уларнинг маҳоратини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 2015 йилда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида 8 мингга яқин оммавий спорт тадбири ўтказилди. 

Спортчиларимиз олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ўтказилган халқаро мусобақаларда 311 олтин, 274 кумуш, 276 бронза медални қўлга киритди. 

Тадбирда 2016 йилда маданият ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш борасида амалга оширилиши кўзда тутилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз борди. Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди. 
 

 

Дилшод Каримов, ЎзА
Опубликовано: 30.12.2015
Укилди (марта): 2