ИЛМ БОҒИНИНГ БОҒБОНИ

Дунёда касбу ҳунарлар бисёр. Аммо шундай бир касб эгалари борки, гўёки ота-онамиздек биз учун жон куйдиришади, улар каби меҳр билан ҳаёт сабоғини беришади. Ўз ўрнида бизнинг қалбимизда ҳам устозларга нисбатан илиқ бир меҳр уйғонади. Устозларимиз эса, ютуқларимиздан қувониб юради доим. Умрининг энг гўзал кунларини бизнинг илму ҳикмат ўрганишимизга, ҳаётда бирор-бир касбу ҳунарнинг қўлини тутиб, тўғри йўл танлашимизга сабабчи бўлишади. Тошкент вилояти Чиноз туманидаги Олмазор қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Ҳайдар Аҳмедов ана шундай меҳридарё устозлардан биридир.

Ҳайдар Аҳмедов асли чинозлик. У тумандаги 3-ўрта мактабни тамомлагач, олийгоҳга ўқишга киради. Ҳозирги Тошкент Давлат Политехника университетининг Энергетика факультетини битирганидан сўнг уни йўлламанма билан Туркманистон Республикасига ишга жўнатишади. Ҳайдар Аҳмедов 1971 йилга қадар Туркманистонда ишлаб, шу йилдан Тошкент вилояти Чиноз туманининг Олмазор қўрғони ҳудудидаги техникумга ишга келди. То ҳозирги кунгача шу ўқув даргоҳида ёшларга энергетика, электрлаштириш фанларидан сабоқ бериб келмоқда.

Чиноз туманидаги Олмазор қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида дарс жараёни. Тажрибали устоз ёшларга энергетика фанидан сабоқ бермоқда. Билганларини уларга меҳр билан ўргатмоқда. Бу дарсхонадаги ўқувчилар устоз сабоқ берган шогирдларнинг мингдан бири десак хато бўлмас. Таъбир жоиз бўлса, бу тажрибали муаллим бутун умрини ўқитувчилик касбига бағишлаб, миллатнинг келажигини ёруғ йўлга бошлаш, ёш авлодга таълим-тарбия беришдек шарафли бурчни адо этиб келмоқда.

Умрининг 50 йилини ёшлар билан ўтказган устознинг шогирдлари жуда кўп. Мақоламиз қаҳрамони Абдумутал Абдукаримов, Комил Норбеков, Баҳодир Ҳасанов сингари шогирдларини фахр билан тилга олади.

Ҳайдар Аҳмедов умр йўлдоши Ҳуринисо ая билан 44 йилдирки, бахтли яшаб, беш ўғил, бир қизни воя етказиб, эл қаторига қўшди. Ўғли Тўлқин ҳозир Тошкент Давлат аграр университетида ўқитувчи, Учқун бўлса, “Ипотекабанк”да, Дилноза “Ўзбекистон почтаси” Чиноз туман филиалида, Шуҳрат “Чинозтумангаз” филиалида, Шавкат Тошкент шаҳар Ички ишлар бўлимида ишласа, Алишер ҳозирда ҳарбий хизматда йигитлик бурчини ўтамоқда. 74 ёшни қаршилаган устоз 16 набиранинг қуршовида янада бахтиёр сезади ўзини.

Ҳайдар Аҳмедов муаллимликдан ҳаёт ҳикматини топган тажрибали устоз. У шу йил Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида “Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Муаллим илм боғининг боғбонидир. Унинг меҳнати ҳалол, ҳар бир ўтган куни, ҳар бир босган изи савобли. Ҳайдар Аҳмедов меҳнати қадр топганидан мамнун бўлар экан, хаёлидан кўп хотиралар ўтади. У ўтган умри бесамар кетмаганидан, кўпчилик шогирдлари унинг изидан бориб, эл хизматида бўлаётганидан мамнун. Мана шу мамнунлик — унинг умр мазмуни, яшаш фалсафаси, қувончу шодлиги, унинг бахти! Орамизда шундай бахтли инсонлар кўп бўлсин.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Узбекский
Опубликовано: 02.10.2015
Укилди (марта): 2