ИЛЛАТНИНГ ИЛДИЗИ ИШОНЧМИ?

Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишда ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг аҳамияти каттадир. Зеро, жиноятнинг олдини олиш жиноятчини жазолагандан афзалдир. Халқимиз “Бир болага етти қўшни ота-она” деб бежизга айтмаган. Бугун маҳалладаги масала маҳаллада муҳокама қилинмоқда. Маҳалладаги ҳар бир оилага кириб бориш, ҳар бир оила аъзосига ҳуқуқий тушунтириш бериш, айниқса, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилаётган маҳалларда сайёр йиғилишлар ўтказиш орқали ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни бирин-кетин йўқотиш мақсад қилинган. Шу боисдан ҳам жойларда “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган иборани амалда қўллаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини жонлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда чекка туман ва қишлоқларда, маҳаллаларда ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан сайёр йиғилишлар ўтказиб келинмоқда. Пойтахт вилоятининг туманларидан биридаги маҳалла фуқаролар йиғинида яқинда ўтказилган ана шундай йиғилишда фирибгарлик жинояти билан боғлиқ масала кўриб чиқилди.

Шу ўринда савол туғилади, йиғилиш муҳокамасига қўйилган фирибгарлик жиноятини келтириб чиқарган сабаблар нимада деб ўйлайсиз? Иллатнинг илдизи ишончми, соддаликми, бепарволикми? Воқеа бундай бўлган эди. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи вақтинча ишсиз, 1987 йилда туғилган фуқаро А.Д шу маҳаллада яшовчи 1986 йилда туғилган фуқаро Д.Анинг ишончига кириб, унинг пластик картаси ҳисобида бўлган 36 миллион 950 минг сўм пулни нақдлаштириб беришни ваъда қилади. Ҳақиқатда эса, А.Д фирибгарлик йўлидан бориб, гапларига ишонган содда аёлнинг пулларини электрон пул ўтказиш хизмати орқали бошқа пластик картага ўтказиб олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Оқибатда эса, алданганини билган аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилади.

Мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

         Сайёр йиғилишда туман ҳокимининг ўринбосари ҳамда туман прокурори ўринбосари содир этилган фирибгарлик жиноятини келтириб чиқарган сабаблар ҳақида гапириб, эндиликда аҳолининг ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлаб боришга алоҳида эътибор қаратилиши муҳим масала эканлигини таъкидлашди. Айрим фуқароларнинг соддалиги ва ишонувчанлиги сабаб фирибгарлик жинояти авж олаётгани, оқибатда қанчадан-қанча жиноятнинг якуни одамларнинг алданиб қолиши билан тугаётганлиги айтилди. Албатта, ҳар бир жиноятга жазо муқаррар, албатта. Лекин юқоридаги каби жиноят ва иллатларга қарши курашиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, жиноятлар бўлмаслигига ҳуқуқбузарликлар профилактикаси орқали эришилиши кераклиги таъкидланди.

         Ҳудудда жиноятларни эрта аниқлаш ва олдини олиш мақсадида мутасаддилар билан ҳамкорликда ҳар бир кўчага кузатув камералари ўрнатиш чораларнии кўриш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, ҳар бир оиладаги муаммо ва камчиликларни ўрганиш, аҳолига, айниқса, эҳтиёжманд оилаларга, ёшларга моддий ва маънавий кўмак бериш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Шунингдек, йиғилишда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари, ҳудуд профилактика инспектори сўзга чиқишди.

         Йиғилишда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, битта жиноят ҳам жиноят! Унинг олдини олиш эса, нафақат барчанинг, айни пайтда Ҳуқуқбузарликлар профилактикасига масъул барчанинг бурчидир. Бу борада маҳалланинг ташаббуси ва ўрни сезиларли бўлиши кераклиги айтилди ва маҳалла масъулларига тегишли топшириқлар берилди. Зеро, одамлари ҳушёр ва огоҳ маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилмайди.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Опубликовано: 15.02.2018
Укилди (марта): 2